Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳафта охиригача қор ёғадими? Ўзгидромет хабар берди

Ҳафта охиригача қор ёғадими? Ўзгидромет хабар берди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон гидрометеорология хизмати маркази об-ҳавода бўлаётган ўзгаришлар, хусусан, келгуси кунларда қандай об-ҳаво кутилиши ҳақида маълумот берди.

Мазкур ҳафта бошидан республикамиз ҳудудида Сибир антициклони ҳукмрон бўлиб, об-ҳавонинг совишини белгилаб берди. Оқибатда совуқ тўлқинлари таъсирида мамлакатимиз бўйлаб ёғингарчиликсиз, қуруқ совуқ кузатилиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳамда тоғли ҳудудларда кечалари -15 даражагача, қолган жойларда -5 даражагача совуқ, кундуз кунлари Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида +13 даражагача илиқ ҳаво ҳароратлари қайд этилди. Қолган ҳудудларда ҳаво ҳарорати +8-10 даража илиқ атрофида бўлди. Фарғона водийси, шимолий ва тоғли ҳудудларида туман тушди.

Одатда Ўзбекистонда қиш мавсумида совуқ антициклон таъсирида қуёшнинг чиқиши ва ботишидан сўнг қалин туман тушиш ҳодисалари тез-тез такрорланади. Бу ҳаводаги сув буғларининг кучли тўйиниши натижасида юз бериб, бу турдаги туман суткалаб давом этмайди ва 3-4 соат давомида тарқалиб кетади.

25 январь кечаси совуқ антициклон республика ҳудудларида давом этгани учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг кўплаб ҳудудларида қалин туман тушиш ҳодисаси кузатилди. Кўринувчанлик жойларда 50-200 метргача чекланди. Туман тушган пайтда Тошкент шаҳридаги юқори сезувчанликка эга атмосфера ҳавоси ифлосланиш даражасини ўлчайдиган замонавий стационар постларда РМ-10 майда дисперс заррачалари миқдори 111,2 мкг/м³ ни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич ССВ ҳузуридаги Санитария, осойишталик ва жамоат саломатлигини сақлаш хизматининг санитар меъёр қоидаларига кўра, инсон саломатлиги учун «хавфсиз» даража ҳисобланади.

Пайшанба-жума кунлари Сибир антициклони чекиниши ҳисобига маҳаллий хусусиятга эга илиқ ҳаво массалари ривожланиб, кечалари 0 ва ундан юқори ҳаво ҳарорати, кундуз кунлари эса +7-12 даража илиқ ҳарорат кутилади.

Жума куни (28 январь) тушдан сўнг беқарор об-ҳаво кузатила бошлайди, республикамизга ғарбдан тўйинган нам ҳаво оқимлари кириб келиши ҳисобига, аввалига республиканинг шимолий ҳудудлари (Қорақалпоғистон, Хоразм), Марказий қисми (Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Жиззах), Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудларида, шунингдек кечга бориб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ёғингарчилик (ёмғир, қор) кутилади.

Дам олиш кунлари Фарғона водийсида ҳам ёғингарчиликлар бўлиши кутилмоқда.

Ҳафта давомида шамол 7-12 м/с. тезликда эсади, 27–29 январда баъзи жойларда шамолнинг тезлиги 15-20 м/с. гача кучайиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг