Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Ҳайп»хўрликнинг авжи. Жамият қачон тузалишни бошлайди?

«Ҳайп»хўрликнинг авжи. Жамият қачон тузалишни бошлайди?

Ҳа, ижтимоий тармоқларни ҳам ўзбек сигментига мослаштирдик. Кун тартибида сўконғич ҳоким, порахўр мансабдор, ношуд тиббиёт соҳаси, ойлиги кам ўқитувчи, ўйнаши бор амалдор, рашк туфайли бир-бирини ўлдирган эр-хотин, боласини калтаклаган она ёки ота.

Кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари шу мавзулардан чарчадик дейдию, лекин шундай мавзулар кўтарилса, ҳамма изоҳ ёзишга тишларини қайраб туришади. Айниқса, бирор шахснинг, бирор инсоннинг устидан мағзава ағдариш керак бўлса ўҳ-ҳў, ҳатто латифалар тўқиб ҳажвиялар ёзиб ташлаймиз. Ҳаётимиз масхарабозликдан иборатга ўхшаб кўринади баъзан.

Талантли одамнинг таланти бир четда қолиб, унинг шахсий ҳаёти, ўзини тутишию гапириши кун мавзусига айланади. Ҳаттоки «ҳайп»хўрликнинг авж олиши натижасида туппа-тузук обрўли эл севган санъаткору ёзувчилар қадрсиз инсонга айланмоқда. Хўш, бу бизга нима беради?

Сўконғич раҳбарлар нега сўконғичлиги ҳақида ўйлаб кўрдикми, ваҳшийликка, қотилликка қўл урган одамнинг болалигига-чи, қизиқиб кўрдикми? Балки сўконғич раҳбарларнинг болалиги беғубор ўтмагандир, болалигида оиласида уни ҳеч ким эшитмагандир. Энди вояга етганида болаликда яхши берилмаган тарбия юзага қалқиб чиқаётгандир...

Биз журналистлару блогерлар инсонийлик ва олижаноблик ҳақида ёзишни унутдик. Мана шу хислатларни «ҳайп» қилишни унутдик. Одамлар нимани кўпроқ ёзсак ўшани ўқишга мослашиб қолиши мумкинлигини унутдик. Масалан, бир бўлмағур қўшиқни биринчи бор эшитганингизда ўрганиш ҳосил бўлмайди, лекин қайта-қайта эшитишга мажбур бўлсангиз (мажбурлик шундаки, тв каналларда қайта-қайта қўйилса, тўйларда янграса) ҳатто ёқа бошлайди. Биз ёзаётган нарсалар ҳам аслида шу. Одамлар юқорида айтиб ўтган мавзуларга ўзлари билмаган ҳолда ўч бўлиб боришмоқда.

Жалақудуқлик икки дўст. Фото: Ижтимоий тармоқлар

Андижоннинг Жалақудуқ деган жойида 20 йилдан бери буйрак хасталигидан азият чекиб келаётган фермер Нурмуҳаммад Мамасолиевнинг болаликдан яқин дўсти Файзулло Жамолов жонига ора киради. Яъни бир буйрагини ўртоғига берди. Энг яқин қариндошлари катта пул сўраб турган пайтда дўстини ташвишдан қутқарди. Мен буни хориж матбуоти орқали билдим. Афсуски, уларни танийдиган, биладиган ўша ҳудуддаги кишилар, на журналист, на блогер мана шу мавзуни «ҳайп» қилмади. Арзимайдими?

Агар бу воқеанинг тескариси бўлсачи, масалан айтайлик бир одам бир одамни ички органларини сотиш учун қийнаб ўлдирди. Бу «ҳайп» бўларди. Тўғри, ваҳшийлик ҳолатидан огоҳ бўлиш лозим. Лекин нега бу одам бунақа қилди? Унинг яшаган муҳити, унинг оиласи қандай, унинг қонида қандай қилиб ваҳшийлик пайдо бўлиб қолган? Ҳеч қачон қизиқиб кўрмаймиз. Ва, энг ёмони, мана шундай ишга мойиллиги бор одамларга бу воқеа ҳатто мотив беришидир. Айтишингиз мумкин, одамларни огоҳликка чорлаймизда ёки одамларга ёрдамимимз тегаяпти деб. Аммо бу бир марталик ёрдам, бунисини тузатсангиз яна шунга ўхшаган ҳол рўй бераверади. Яъни бизнинг бир одамга ёрдам беришимиз, муаммосини ҳал қилишимиз бу одамларнинг дунёқараши ўзгарди, бошқача фикрлаб бошлайди, дегани эмас.

Биз қарғишларимиз, ҳақаротларимиз, сўкинишларимиз, нафратимиз, қоралашларимиз билан жамиятни тузата оламизми? Токи қалбида виждон уйғотолмасак, инсонийлик нималигини кўрсатолмасак, олийжаноблик қанақа бўлишини таҳлил қилиб беролмасак одамларни уйғота оламизми?

Ижтимоий тармоқларда ҳар хил гуруҳларга бир-бир кириб чиқаман. Албатта, биринчи ўринда касбим тақозаси билан. Ҳар бир гуруҳнинг ўз йўли бор. Бир хил гуруҳларда одамларнинг асосан ҳақоратларига дуч келаман. Айримларига кирганимда одамийликдан сабоқ оламан. Кайфиятим кўтарилади. У ҳеч қандай инсонни одамийликка чақирадиган панд-насиҳатлардан иборат гуруҳлар эмас, балки амалдаги ишлари орқали одамларни эзгуликка чақирадиган гуруҳлар. Бундай гуруҳлар жуда кўп. Ҳар бирига албатта кириб янгиликлардан хабардор бўлиб бораман. Кимлардир ўз итини кўчага улоқтирган бир пайтда, яна кимлардир машина босиб майиб қилган, аҳволи абгор жониворни кўтариб ветклиникалар тагида кечаси билан ўтириб чиқади. Масалан, бундан беш ой олдин Тошкент вилоятидаги дайди итлар етимхонасидаги Тэдди исмли кучук...  Бу итни ҳайвон уриштириш ишқибозлари уларнинг қонини қиздириш учун ўртага ташлайди. Тасаввур қилинг, шердай кучуклар кичкина кучук болага ташланиб қонини қиздиришини. Ва ўша кучукнинг ҳамма жойи шилинган, тирналган ва икки орқа оёғи ишламаган ҳолда итлар етимхонасига келиб қолади. Уни ветклиникада шу гуруҳ одамларидан пул йиғиб даволатишади. Мен ўша жойга борганимда Тэдди орқа оёқларини судраб юрганди. У ҳақда мана шу масканнинг раҳбари ҳар доим янгиликларни ёритиб борди. Кўз олдимда Тэдди ўзгарди ва олижаноб аёл уни ўша жойдан уйига олиб кетди. Кеча шу ҳақдаги янгиликни ўқиб жуда хурсанд бўлиб ўтирган бир пайтимда яна бир инсон йўқотган кучугини топганидан бахтиёрлигини кўриб кайфиятим янада кўтарилди, шундай одамларнинг кўплигидан кўнглимга ёруғлик кирди. Аммо бу фақат ўша гуруҳда ўқилади. Улар бу ишларини «ҳайп» учун кўз-кўз қилмайди. Нима демоқчиман, бизнинг фожиаларимиз, одамларнинг оқибатсизлиги, бир-бирини арзимаган пул учун ўлдиришлари, боласини алимент тўламаслиги учун сувга отиб юборишлари — барча-барчаси инсонийликни унутиб юборганимиз ва энг ачинарлиси, уни биз журналистлару блогерлар халққа таҳлил қилиб етказиб бера олмаётганимиз...

Яхши одамлар ҳақида, инсонийлик ҳақида, олижаноблик ҳақида кўпроқ ёзайлик. Одамлар қалбида меҳр уйғотайлик. Токи ҳаётимизда Файзулло акадек олижаноблик қила оладиган, ўз дўстига танасининг бир парчасини беришга ошиқадиган одамлар биттага бўлса ҳам кўпайсин. Токи сизнинг табиат ҳақидаги мақолангизни ўқиган одам лоақал уйида хорликда яшаётган итига яхшироқ эътибор қарата бошласин.

Журналистнинг иши ўша пайти бир жойдаги муаммони ҳал қилишдангина иборат эмас. Унинг иши одамларнинг таҳлилий мақолалари билан ижтимоий фикрини ўзгартириши, қалбга масъулият деган тушунчаларни, инсонийликни, виждонлиликни олиб кириши мана шундай одамлар, мана шундай ҳаёт ҳақида таҳлилий мақолалар ёзишдан иборат. Таҳлилни кучайтиринг ҳамкасблар, таҳлилни... Ана шунда, ана шунда... балки порахўр камаяди, меҳр-оқибат кўпаяти, масъулият ҳисси, виждон уйғонади, раҳбарлар халқпарвар бўлади, бешафқатлар камаяди — ЖАМИЯТ тузалишни бошлайди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг