Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Hoş geldiniz!» – Осиё билан Европани боғловчи мамлакатга саёҳат (фото)

«Hoş geldiniz!» – Осиё билан Европани боғловчи мамлакатга саёҳат (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Аввал хабар берганимиздек, ўзбекистонлик бир гуруҳ журналист ва блогерлар Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилган «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси билан танишиш мақсадида ушбу мамлакатда бўлиб туришибди. Улар орасида «Xabar.uz» мухбири ҳам бор.

Иккинчи кун

Сафарнинг иккинчи куни Истанбулнинг Эски шаҳар қисмида туризм йўналишида қилинган ишлар билан танишилди. 16 миллионлик аҳолига эга ва сайёҳлар энг кўп ташриф буюрувчи Истанбул кўчалари жуда кенг бўлмаса-да, транспорт воситалари тартиб билан ҳаракатланади.

Эски шаҳар қисмида энг катта иккита – Султон Аҳмад ва Аё София жоме масжидлари жойлашган. Шу атрофда ҳаммом, бозор, сарой, отчопар майдон – Ипподром ўрин олган бўлиб, улар бир комплексни ташкил қилади.  

Ипподромда султонлар томонидан чавондозларнинг мусобақалари ўтказиб келинган. Айтишларича, бу томошаларни кўриш учун юз минг томошабинга мўлжалланган майдон ташкил қилинган. Майдон атрофида дастлабки сув иншооти, яъни «водопровод»ни немис мутахассислари қуриб беришган.

Пандемия шароитига қарамасдан, бу ерга ташриф буюрган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони кўп. Сайёҳлар, албатта, масофа сақлаши, ниқобда бўлишлари, қўлни тез-тез антисептик суюқлик билан ювиш ҳақида белгилар ҳар бир объектда кўринарли қилиб жойлаштирилган. Тана ҳарорати албатта ўлчанади. Султон Аҳмад жоме масжидида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Албатта, бу ишлар ибодатга келувчилар ва зиёратчиларга халақит берилмаган ҳолатда қилиняпти.

Бозорлар ҳамиша одамларни ўзига чорлаб туради. Истанбулнинг эски шаҳар қисмида иккита йирик – Гранд ва зираворлар бозори бор. Сотувчиларнинг кулиб тавозе билан «Hoş geldiniz!» деб чорлаб туриши, махсус идишда чой улашиб юрганларни кўриб беихтиёр кайфияттингиз кўтарилиб кетади. Турк ширинликларини таърифлаш ортиқча. Таъмию турли рангларда тайёрланиши, хушбўй ҳиди ҳамиша харидорларни ўзига оҳанрабодек тортади.

Турк қардошлармизнинг эски шаҳар билан янги шаҳарни боғловчи кўприк устида қармоқ ташлаб балиқ овлаши, «бардак» деб номланган чой идишда чой ичиб гурунглашиб ўтириши одатга айланган. Босфор бўғози узра ҳаракатланаётган кемаю қайиқлар, чағалайларнинг парвози ажиб манзарани акс этади.

Сафаримизнинг кейинги манзили Анталия шаҳри. Сайёҳларнинг энг севимли шаҳри ҳақидаги таассуротларни навбатдаги фоторепортаж орқали етказамиз. Бизни кузатиб боринг!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг