Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ички ишлар вазирлиги депутатга жавоб қайтарди

Ички ишлар вазирлиги депутатга жавоб қайтарди

Фото: ИИВ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати Дониёр Ғаниев бир гуруҳ депутатлар томонидан «босар-тусарини билмай қолган депутат» дея тарқатилган видеолавҳа юзасидан Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга махсус сўров юборилганини маълум қилганди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги депутатга жавоб қайтарди.

«...Маълумки, жорий йилнинг 15 апрелида карантин муносабати билан вақтинча ташкил этилган Наманган шаҳар «Қизилкўприк» постида содир бўлган ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ишга тааллуқли барча материаллар, шу жумладан, воқеа жойида олинган видеотасвирлар белгиланган тартибда прокуратура органларига тақдим этилган.

Иш якуни бўйича воқеа иштирокчиларини ҳар бирининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилади ва ўрнатилган тартибда жамоатчиликка етказилади.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинадиган хабар ва маълумотларни тайёрлашда Вазирлик тизимидаги ахборот ва матбуот хизматлари ходимларининг қонунийлик, холислик ва касб этикаси талабларига риоя қилишлари юзасидан қатъий талаблар белгиланиб, масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилди.

Ички ишлар органлари қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда очиқлик ҳамда шаффофлик принципи асосида иш олиб боради ва албатта бунда жамоатчиликнинг соғлом танқидига таянади.

Халқ вакиллари бўлмиш депутатларимиз томонидан ички ишлар органлари ходимларини жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга моликдир. Ишончимиз комилки, халқимиз манфаатларига хизмат қилиш каби юксак вазифамизни бажаришда доимо бир-биримизга кўмакдош бўламиз», дейилади ИИВ жавобида.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 15 апрель куни Наманган шаҳрига кираверишдаги «Қизилкўприк» постида Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг депутати Т М. ва йўл-патруль хизмати ходимлари ўртасидаги тортишув келиб чиқади. Мазкур воқелик бўйича тайёрланган видеолавҳада Т. М. «босар-тусарини билмай қолган депутат» сифатида таърифланиб, у ИИБ ходимига қаршилик қилиб, погонини юлиб олганликда айбланади.

Ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг