Икки кичик сайёра – астероидларга ўзбекистонлик олимлар номи берилди
Халқаро астрономия жамоатчилиги Ўзбекистон илм-фани учун муҳим янгиликни эълон қилди. 2026 йил 9 июль куни Халқаро астрономия иттифоқининг Кичик осмон жисмларини номлаш бўйича қўмитаси (WGSBN) қарорига кўра, Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институтининг икки нафар олими номи икки кичик сайёра – астероидларга берилди.
WGSBNнинг расмий бюллетенига мувофиқ, энди халқаро астрономик каталогларда (131358) Kamolergashev ва (121339) Otabekburkhonov номлари расман қўлланилади.
«Kamolergashev» номи 2001 йил 19 май куни Чехиядаги Ондржейов обсерваториясида кашф этилган астероидга берилди. У Астрономия институти катта илмий ходими Камолиддин Эргашев шарафига номланган. Расмий изоҳда олимнинг астероидлар фотометрияси, уларнинг физик хусусиятларини аниқлаш ҳамда қўшалоқ астероид тизимларини тадқиқ этиш соҳасидаги хизматлари алоҳида қайд этилган.
«Otabekburkhonov» номи эса 1999 йилда кашф этилган астероидга берилди. У Астрономия институти лаборатория мудири Отабек Бурхонов шарафига номланган. Расмий маълумотда олимнинг астероидлар, ўзгарувчан юлдузлар, гравитацион линзаланган квазарлар ва Майданак обсерваториясидаги илмий кузатувларга қўшган ҳиссаси юқори баҳоланган.
Астероидларга олимлар номи берилиши уларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссасининг халқаро миқёсда эътироф этилишидир. Тасдиқланган номлар энди халқаро каталоглар, илмий мақолалар ва астрономик маълумотномаларда расмий равишда қўлланади.
Қайд этилишича, Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурхонов аввалроқ NASAнинг сайёравий мудофаа дастуридаги иштироки учун NASA Group Achievement Award мукофоти билан ҳам тақдирланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter