Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Илҳом Алиев Бокудаги махфий музокара ҳақида гапирди

Илҳом Алиев Бокудаги махфий музокара ҳақида гапирди

Фото: President.az

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида Германия ва Россия вакиллари махфий учрашув ўтказгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Германия канцлери Фридрих Мерц билан биргаликда Берлин шаҳрида матбуот анжумани ўтказган И.Алиев кўплаб масалалар қаторида Бокудаги яширин музокара масаласига ҳам ойдинлик киритган.

Алиевга кўра, Озарбайжон ҳукумати эҳтимолий музокара ҳақида The Times нашрида чоп этилган мақола орқали хабар топган.

Берлинга учиш арафасида И.Алиев Озарбайжон давлат чегара хизматидан ҳисобот сўраган. Текширувлар канцлер Ангела Меркел маъмуриятининг собиқ бошлиғи Рональд Пофалла ва Бранденбург федерал ерининг собиқ бош вазири Маттиас Платцек 12 июль куни Боку шаҳрида бўлганини тасдиқлади. Айни шу куни Москвадан Озарбайжон пойтахтига Россия собиқ бош вазири Виктор Зубков ва Россия президенти ҳузуридаги фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш кенгаши раиси Валерий Фадеев ҳам учиб келган.

“На Германия, на Россия бизни бу учрашувдан хабардор қилди. Бошқача айтганда, бизнинг ҳудудимиздан бизнинг ижозатимизсиз фойдаланилган”, – деб баёнот берди Алиев.

Айни чоқда, Озарбайжон раҳбари ушбу учрашув Россия ва Украина уруши барҳам топишига хизмат қилса, расмий Боку бундан фақат мамнун бўлишини айтган. Алиев уруш имкон қадар тез муддатда тугатилиши ва минтақада тинчлик ҳукм суриши лозимлигини урғулаган.

Германия федерал канцлери Фридрих Мерц журналистларнинг бу ҳақдаги саволига жавоб берар экан, махфий учрашувдан бехабар эканини маълум қилган.

Мерц сўнгги ойлар мобайнида Германия Европадаги бошқа иттифоқчилар билан биргаликда Россия президенти Владимир Путинни музокараларга мажбурлашга ҳаракат қилаётгани, аммо Путин бунга ҳозирча қизиқиш билдирмаётганини айтган. Бокудаги учрашув эса Германия ҳукуматининг расмий сиёсатига алоқадор эмаслиги уқтирилган. 

Бокудаги махфий учрашув ҳақида 16 июль куни Ғарб матбуоти хабар берган эди. Журналистлар суриштирувларга таяниб, рус ва немис томони Украина уруши борасида музокара ўтказгани ҳақидаги тахминни илгари сурган эди.

Аввал хабар берганимиздек, Путин Европа Иттифоқидан музокарачи сифатида немис сиёсатчиси Герҳард Шрёдерни юбориш шартини қўйган эди.

Путиннинг дўсти сифатида танилган ва кремлпарастлиги билан тилга тушган Шрёдернинг музокарачи сифатида танлангани Европа етакчилари, жумладан, канцлер Мерц томонидан нохуш қаршиланди.

Ўтган ойда эса Украина президенти Владимир Зеленский Путинга очиқ хат йўллаб, урушни тўхтатиш учун шахсан учрашув ўтказишни таклиф қилди.

Ушбу таклифга муносабат билдирган Путин ҳозирча Зеленский билан учрашишда маъно кўрмаётганини таъкидлаган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг