IQ даражаси Эйнштейнникидан юқори: 14 ёшли қиз Марсга учмоқчи
Мексикалик 14 ёшли Адара Перес Санчес ноёб қобилиятга эга — унинг IQ даражаси 162 баллга тенг.
Уч ёшида унга нутқ ва ижтимоий кўникмаларга таъсир қилувчи аутистик спектр бузилиши ташхиси қўйилган. Шу сабабли тенгдошлари ва ўқитувчилари билан тушунмовчиликлар юзага келган.
Бироқ қиз ажойиб когнитив қобилиятларга эга эди, буни биринчи бўлиб онаси пайқади. Қиз уйда ёлғизликдан зерикиб Менделеев даврий жадвалини тўлиқ ёдлаб олди, мустақил равишда алгебрани ўрганди.
Ҳис-туйғулар билан боғлиқ муаммолар туфайли даволанишга боришганида, экспертлар унга IQ тестидан ўтишни тавсия қилишди. Натижа 162 баллни ташкил этди. Таққослаш учун: буюк олимлар Стивен Ҳокинг ва Алберт Эйнштейннинг бу кўрсаткичи 160 балл даражасида бўлган.
Ушбу кашфиёт Санчеснинг таълим йўлида туб бурилиш ясади. У бошланғич синфларни беш ёшида тугатди, 11 ёшида бакалавр даражасини олди, ҳозир эса 14 ёшида магистратурада таҳсил олмоқда.
Қиз фазони тадқиқ этишга жуда қизиқади. У ўз олдига NASAга киришни мақсад қилиб қўйган ва кун келиб Марсни тадқиқ этувчи миссияларида иштирок этишга умид қилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter