Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ислом тараққиёт банкининг йиллик йиғилиши Тошкентда бўлиб ўтмоқда

Ислом тараққиёт банкининг йиллик йиғилиши Тошкентда бўлиб ўтмоқда

Фото: «Dinarvets.com»

1-4 сентябрь кунлари Тошкентдаги Халқаро Конгресс марказида Ислом тараққиёт банки (IsDB) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Тадбирда иштирок этиш учун ИТБ гуруҳига кирувчи 57 мамлакатдан вазирлар ва расмийлар, шунингдек, 2000 дан ортиқ йирик бизнес вакиллари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари Ўзбекистонга ташриф буюришди.

Учрашувнинг асосий мавзуси — ИТБга аъзо мамлакатларнинг пандемиядан кейин ижтимоий ва иқтисодий тикланиши. Aсосий тадбирлардан ташқари, иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, ислом молияси мавзуларида қўшимча учрашувлар ўтказилади.

ИТБнинг Тошкентдаги йиғилиши пандемия бошланганидан буён халқаро миқёсдаги биринчи йирик оффлайн тадбир ҳисобланади.

«Банк ташкил этилганидан буён кўп томонлама ҳамкорлик Банк миссиясининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Бугунги кунда, ҳар қачонгидан ҳам, Ислом мамлакатлари ва умуман халқаро ҳамжамият олдида миллионлаб одамларнинг иқтисодий ривожланиш афзалликларидан баҳраманд бўлишига тўсқинлик қиладиган мураккаб глобал муаммолар турибди, — деди Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Сулаймон Aл-Жассер. — Бу йилги йиллик йиғилиш банк аъзо мамлакатларига ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун умумий кун тартибини ишлаб чиқиш учун имконият яратади».

2016 йилдан буён Ўзбекистон раҳбарияти кўп векторли сиёсатга содиқ қолган ҳолда ИТБ билан ҳамкорликни кенгайтиришда давом этмоқда. Банк Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши айнан Тошкентда бўлиб ўтиши ҳам ушбу ҳамкорликнинг самарасидир. Шу кунгача ИТБ Ўзбекистонда турли соҳаларда 100 дан ортиқ лойиҳаларни қўллаб-қувватлади.

Ислом тараққиёт банки (IsDB) гуруҳи ҳақида

Ислом тараққиёт банки гуруҳи таркибига Ислом тараққиёт банки, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси, Халқаро ислом савдо ва молия корпорацияси, Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш бўйича ислом корпорацияси ҳамда Ислом тадқиқот ва малака ошириш институти киради. Банк 1974 йилда Саудия Aрабистонининг Жидда шаҳрида ташкил этилган.

Дунёнинг 57 мамлакати ИТБ гуруҳига аъзо бўлиб, ташкилот фаолияти иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инфратузилма ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштиришдан иборат.

Йиғилиш ҳақида батафсил маълумот ва тадбирлар дастури https://isdb-am.org сайтида янгиланиб боради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг