Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаҳон чемпионатида можаро: Франция U-17 терма жамоаси дисквалификациядан қутилиб қолиши эҳтимоли юқори

Жаҳон чемпионатида можаро: Франция U-17 терма жамоаси дисквалификациядан қутилиб қолиши эҳтимоли юқори

Можарога сабаб бўлган, икки терма жамоа сафида майдонга тушган ҳужумчи Яннис Иссуфу

Франция ўсмирлар терма жамоаси Индонезияда бўлиб ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати чоракфиналига йўлланма олган бўлса-да, турнирдан дисквалификация қилиниши мумкин.

Гап шундаки, французлар ҳужумчиси Яннис Иссуфу U-17 жаҳон чемпионатининг Африка қитъаси миқёсидаги саралаш баҳси доирасида Нигер ўсмирлар жамоаси сафида майдонга тушгани аниқланди. ФИФА қоидаларига кўра, футболчининг бир турнирда икки жамоа сафида ўйнаши қатъиян ман этилган. Бу эса Франция ўсмирлар жамоасининг турнирдан дисквалификация қилинишига олиб келиши мумкин.

Sport News Africa нашри Франция футбол федерацияси «Монпелье» клуби ҳужумчиси саналмиш Янниснинг Нигер ўсмирлар жамоаси сафида мусобақанинг саралаш босқичида майдонга тушганидан хабари бўлмагани ҳақида ёзган. Табиийки, спортчининг терма жамоасини ўзгартиргани ҳақида ФИФА огоҳлантирилмаган.

L'Equipe хабарига кўра, Франция ўсмирлар жамоаси бош мураббий Жан-Люк Ваннуки айнан дисквалификация эҳтимоли туфайли Яннис Иссуфуни Сенегалга қарши нимчоракфинал ўйини олди таркибдан чиқарган.

Қайд этилишича, Франциянинг гуруҳидан кейинги босқичга чиқа олмаган Буркина-Фасо жамоаси апелляция бериши мумкин. Иссуфу французлар сафида гуруҳ босқичидаги 3 ўйинда ҳам майдонга тушган, шу жумладан Буркина-Фасога қарши баҳсда (3:0) ҳам.

Яннис Нигер ўсмирлар жамоаси сафида 2022 йил Кот-д’Ивуар ва Бенинга қарши саралаш ўйинида майдонга тушиб, битта голга муаллифлик қилган, Бенинга қарши эса жамоасининг энг яхши ўйинчиси деб топилган.

ФИФА француз нашри сўровига жавобан айни пайтда ушбу масала ўрганилаётгани, ҳозирча бундан бошқа изоҳ берилмаслигини билдирган. Лекин нашр ўз манбаларига таянган ҳолда халқаро футбол ташкилоти иш дисквалификациягача бормаслиги хусусида Франция терма жамоаси мутасаддиларини тинчлантиргани ҳақида ёзган. Нашрга кўра, Буркина-Фасо чиндан ҳам апелляция берган, аммо бу регламентда белгиланган муддатдан кейин содир бўлгани айтилмоқда. Шу сабабли ушбу вазиятда французлар оддийгина тушунтириш бериш орқали можароли вазиятдан осон чиқишлари эҳтимоли юқори.

Маълумот учун, Франция ўсмирлар жамоаси чоракфиналда Ўзбекистонга қарши майдонга тушади. Ўйин 25 ноябр кунига белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг