Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жамоатсиз таровеҳ, ҳувиллаган Каъбатуллоҳ (фото)

Жамоатсиз таровеҳ, ҳувиллаган Каъбатуллоҳ (фото)

Фото: «EPA-EFE»

Рамазон ойи давомида кундузи рўза тутган мусулмонлар кечқурун таровеҳ намозини адо этишга масжидга ошиқар эди. Зеро, моҳи Рамазон ибодат учун жам бўлган улкан издиҳом, таровеҳ ва хатми Қуръонлар ила шукуҳли, файзли эди. Аммо бу йил коронавирус вабоси сабаб дунёнинг аксар мамлакатлари мусулмонлари таровеҳ намозини уйда ўқишга мажбур бўлмоқда.

Маккаи мукаррамадаги Масжид ул-Ҳаром, таъбир жоиз бўлса, ислом оламининг уриб турган юраги саналади. Саудия Арабистони раҳбарияти Каъбатуллоҳ жойлашган ушбу масжид ҳамда Мадинаи мунавварадаги Масжид ун-Набавийда таровеҳ намозини адо этишга рухсат берган. Аммо таровеҳда фақат икки муқаддас масжид ходимларигина иштирок эта олади. Подшоҳликнинг бошқа намозгоҳлари эса номаълум муддатга ёпилган.

Мусулмон оламининг учинчи муқаддас саждагоҳи – Масжид ал-Ақсо дарвозаларига ҳам қулф урилган. Қуддуси шарифдаги ушбу масжид 22 март куни коронавирус хатари боис ёпилган эди.  Қуддус ислом вақфи кенгаши тиббиёт соҳаси вакилларининг тавсиясига кўра, Рамазон давомида ҳам мусулмонлар жамоаси йиғилмай тургани маъқул деган хулосага келган.

Дунёдаги энг йирик мусулмон мамлакати бўлган Индонезиянинг айрим музофотларида таровеҳ намози адо этилмоқда. СOVID-19 инфекцияси кенг тарқалган ҳудудларда эса масжидлар ёпилган. 229 миллион мусулмон яшайдиган мамлакат раҳбарияти Рамазон ҳайитини нишонлаш учун бошқа шаҳарга меҳмонга боришни ҳам тақиқлади.

Эрон мусулмон оламида коронавирусдан энг кўп азият чекаётган мамлакат бўлиб турибди. Форс заминида 88 мингдан ошиқ киши ушбу вирусни юқтирган бўлса, 5574 киши ундан ўлим топган. Вазият қалтислиги боис Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаи таровеҳ намозини ҳам уйда адо этишга чақирди.

СOVID-19 Туркиянинг ҳам осойишта ҳаётини издан чиқарди. Инфекция мамлакат бўйлаб шиддат билан ёйилмоқда. Бугунга келиб, коронавирусга чалинганлар сони 105 минг нафарга яқинлашди.  Реал хатарни инобатга олиб, Туркия диний идораси таровеҳни уйда ўқишга буюрди.

Покистон раҳбарияти эса узоқ маслаҳатлашувдан кейин Рамазон ойи давомида масжидларни очишга қарор қилди. Аммо намоз ўқиш жараёнида санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилиш сўралмоқда. Шунингдек, масжидларда гилам тўшалмайди, мусулмонлар ўзаро масофа сақлаган ҳолда саф тортади.

Кўрфаз давлати – Баҳрайннинг айрим йирик жомеларида имом ва масжид ходимлари оралиқ масофа сақлаган ҳолда таровеҳни адо этишига рухсат берилган.

Кувайт, БАА, Жазоир, Миср, Марокаш, Тунис, Сурия, Ўмон, Иордания, Афғонистон каби мамлакатларда ҳам карантин тартиби доирасида мусулмонларга масжидга чиқмай уйда ибодат қилиш тайинланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши ҳам юртимизда коронавирус пандемияси тарқалгани боис мўмин-мусулмонларимиз таровеҳ намозини ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказишлари хусусида фатво чиқарди. Айни кунларда юртимизнинг машҳур қорилари хатми Қуръони онлайн тарзда намойиш этилмоқда.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг