Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Жар»да ўтган кикбоксинг бўйича чемпионатдан сўнг шифохонага тушган 17 ёшли спортчи чуқур комада

«Жар»да ўтган кикбоксинг бўйича чемпионатдан сўнг шифохонага тушган 17 ёшли спортчи чуқур комада

Санжар Салимов (чапдан биринчи)

Фото: Сарвар Ғаниев архиви

Ҳар бир инсон фарзандининг жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб вояга етишини истайди. Жигарбандининг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратган ота-она борки, фақатгина яхши натижалардан умидвор бўлади. Фарзанди чемпион бўлиб, қалбини фахру ифтихорга тўлдиришини орзу қилади.

«Xabar.uz» таҳририятига мурожаат йўллаган тошкентлик Сарвархон Ғаниев ҳам ўғлини ана шундай орзу-умидлар билан кикбоксинг тўгарагига берган эди. Аммо бундан бир неча кун олдин юз берган нохуш ҳодиса унинг орзуларини чилпарчин қилди...

Ота шундай ҳикоя қилади:

«Ўғлим Санжар 6 ойдан бери спортнинг кикбоксинг тури билан шуғулланиб келади. 14 апрель, шанба куни Тошкентдаги «Жар» стадионида шаҳар чемпионатида иштирок этишини эшитиб, ниҳоятда хурсанд бўлдик. Чемпион бўлишини тилаб, дуолар қилдик.

Тушга яқин чемпионат натижасини билиш учун унга қўнғироқ қилдим. Телефони ўчирилган экан. Қайта-қайта қўнғироқ қилиб боғлана олмагач, кичик ўғлимга қўнғироқ қилиб, воқеадан хабар топдим».

Санжарнинг мураббийи Жасур Алижонов воқеани қуйидагича ҳикоя қилади:

«Жангдан сўнг Санжар кийиниш хонасида ҳушидан кетди. Унинг тили тортилиб кетаётганини кўриб, ёрдамга шошилдим. Тилини ушлаб турдим, кейин мусобақага бириктирилган шифокорлар етиб келишди. Улар биринчи ёрдам кўрсатиш учун укол қилишди, орадан 10-15 дақиқа ўтгач ҳам ўзига келмагач, 1-болалар шифохонасига олиб кетдик».

Шу ўринда савол туғилади: нима учун бошидан жароҳат олиб ҳушини йўқотган спортчи Республика нейрохирургия илмий маркази ёки Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига эмас, айнан шу шифохонага олиб кетилган? Ахир бу шифохонада нейрохирургия бўлими йўқ-ку? Шифокорларнинг уқувсизлигими бу ёки бошқа сабаби борми? Ахир «Жар» стадионидан ҳар икки шифохона деярли бир хил масофада жойлашган-ку?! Бу саволлар ҳозирча жавобсиз.

Энг аянчлиси шундаки, бемор йигит 1-болалар шифохонасига етказилгандан сўнг ҳам унга деярли ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаган (чунки юқорида айтганимиздек, бу шифохонада нейрохирургия бўйича на бўлим, на мутахассис бор). Сарвар аканинг айтишича, ўғли шу ерда амбулатория машинаси йўқлиги учун бир соатдан ошиқроқ қолиб кетган. Охир-оқибат «Доктор Д» клиникаси автомашинаси чақирилиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етказилган.

Санжар шифохонага олиб келиниши биланоқ операция қилинди, аммо ҳозир ўта оғир аҳволда ва аҳволи кундан-кунга оғирлашмоқда. Унга мияга қон қуйилиши, 3-босқич кома ҳолати диагнози қўйилган.

Санжар Салимов — олд қаторда ўнгдан биринчи
Фото: Сарвар Ғаниев архиви

Спортчи йигитнинг бундай аҳволга тушиб қолишига кимлар, қандай омиллар сабаб бўлгани, мусобақа ташкилотчиларининг масъулиятсизлиги-ю шифокорларнинг уқувсизлиги ҳақида ҳозирча жим турамиз. Чунки шу кунларда мазкур масалада ҳуқуқни муҳофа қилувчи органлар ҳамда «Xabar.uz» мухбири суриштирув олиб бормоқда. Тез орада воқеа тафсилотларини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Айни пайтда эса энг муҳими — беморнинг оёққа туриб, ота-онасининг бағрига эсон-омон қайтиши.

«Кўпчиликнинг дуоси ижобат бўлади дейишади. Илтимос, ўқувчиларингизга, бағрикенг юртдошларимизга айтинг, ўғлимни дуо қилишсин. Шифокорлар умид жуда кам дейишётган бўлса-да, биз мўъжиза рўй беришидан жуда-жуда умидвормиз. Ўз оёғи билан мусобақага чемпион бўлиш учун кетган ўғлимнинг тақдири бу тахлит якун топиши мумкин эмас», — дейди Сарвар ака.


Таҳририятдан: азиз юртдошлар! Нохуш воқеа туфайли ўн етти яшар навқирон йигит ҳақига дуо қилишингизни сўраймиз. Зора сизнинг дуонгиз сабаб Санжар яна ҳаётга, оиласи, она-онасининг бағрига қайтса.  

«Xabar.uz» бу каби ҳолат қайта такрорланмаслиги учун ҳам ушбу масалани чуқур ўрганади ва сизнинг ҳукмингизга ҳавола этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг