Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жиззахда Давлатга 48 миллиондан зиёд зарар етказганликда айбланган фуқаро оқланди

Жиззахда Давлатга 48 миллиондан зиёд зарар етказганликда айбланган фуқаро оқланди

Жиззах вилоятида яшовчи Шароф Боймуротов исмли фуқаро 2013 йил 1 январдан 2017 йил 1 июлига қадар 100 кВт трансформатор, бир дона 18.5 ва 1.5 кВтли кучланишга эга электр двигателли сув насосларидан Зомин туман электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан фойдаланиб келган. Бунинг оқибатида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, давлат манфаатларига 48 миллион 269 минг 520 сўм миқдорида моддий зарар етказганликда айбланган.

Дастлабки тергов органи томонидан Ш. Боймуротовга нисбатан Жиноят кодексининг 1852-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этган деган айб қўйилган.

Биринчи босқич суди Ш. Боймуротовга тегишли жиноят иши юзасидан тўп­ланган ва судда текширилган далилларни атрофлича муҳокама қилиб чиқди. Судланувчига нисбатан қўйилган айблов ўз тасдиғини топмаганлиги боис Жиноят процессуал кодексининг 464-моддаси 1-қисми 3-бандида назарда тутилган асосга кўра, жиноятни содир этишга дахли бўлмагани учун оқлов ҳукми чиқарди.

Биринчи босқич судининг Шароф Боймуротовга нисбатан чиқарган ушбу оқлов ҳукми устидан Янгиобод туман прокурори томонидан келтирилган протест вилоят суди апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати биринчи бос­қич судининг оқлов ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция тартибидаги протестни қаноатлантиришсиз қолдириш ҳа­қи­да ажрим чиқарди.

Ш. Боймуротовга дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловлар жиноят иши судда мазмунан кўрилиш чоғида ўз исботини топмагани сабабли суд оқлов ҳукми чиқарган. Аниқроқ айтганда, «Тошкесган» қиш­лоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги ичимлик сув насоси орқали «Наврўз», «Шод­лик» ва «Тинчлик» маҳаллалари аҳолисига тоза ичимлик суви етказиб берилади. Сув насоси ким томонидан, қачон ўрнатилган, у кимга тегишли эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Шуниси аниқки, Шароф Боймуротов 2014 йилнинг август ойидан ана шу сув насоси ёнидаги, бирон-бир ташкилотнинг ҳисобида турмайдиган бир хона ва айвондан иборат нотурар жойда оила аъзолари билан яшаб келган. У қишлоқ фуқаролар йиғини раисининг топшириғига кўра, сув насосини ҳафтада уч маротаба бир соатдан ишлатган. Албатта, ичимлик суви учун аҳолидан пул йиғилган. Ш.Боймуротов эса, бу пулларни «Сувоқова» бош­қармаси ғазнасига топшириб, тўланган пул патталарини маҳалла фуқаролар йиғинига келтириб берган. Сув насосларини таъмирлаш ҳам аҳоли ҳисобидан амалга оширилган.

Ш. Боймуротов аҳолидан электр энергиясига тўлов учун пул йиғмаган.

Бироқ текшириш чоғида пул йиққан, деб алдаб, сўроқ баённомасига киритишган ва уни ўқиб бермасдан Ш. Боймуротовга имзо қўйдириб олинган. Суд мажлисида сўралган барча гувоҳлар сув насосини ишлатиш ва аҳо­лига сув етказиб бериш учун электр энергиясига бирон марта ҳам пул йиғилмаганини билдиришган.

Суд мажлисида «Наврўз», «Шодлик» ва «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи гувоҳлар ушбу сув насоси ўрнатилганидан буён ҳозирга қадар электр тармоғига улангани, Ш. Боймуротовдан олдин ҳам қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ва оқсоқолларининг топшириғи билан ишлаган бошқа шахслар сув насосида шу тариқа аҳолига ичимлик суви тар­қатиб келишганини таъкидлашди.

Жиззах «Сувоқова» давлат унитар корхонаси Зомин туман филиалидан берилган маълумотномада кўрсатилишича, ушбу сув насоси уларнинг ҳисобида турмайди. Ўртада шартнома ҳам расмийлаштирилмаган. Сув насоси кимга тегишлилиги ҳақида эса, умуман маълумот мавжуд эмас.

Жиноят ишида тўпланган ҳужжатларга қараганда, Ш. Боймуротовнинг сув насоси учун моддий жавобгарлиги тўғрисида бирон-бир ташкилот ёки маҳалла фуқаролар йиғини томонидан буйруқ чиқарилмаган.

Ш. Боймуротов аҳолидан электр энергияси учун пул йиққанини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам мавжуд эмас. Мазкур ҳолат суриштирув ва тергов органи томонидан аниқланмаган.

Терговда жиноят иши юзасидан 2017 йил 7 июлда ўтказилган қайта ҳисоб-китоб хулосасида Ш. Боймуротов томонидан электр двигателлардан кунига 12 соатдан фойдаланганлиги натижасида электр таъминоти корхонасига 48 миллион 269 минг 520 сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги кўрсатилган.

Аслида Ш. Боймуротовга ушбу сув насоси буйруқ билан юклатилмаган. Ам­мо бунга қарамай электр таъминотидан ноқонуний фойдаланилгани оқибатида сув насоси бўйича етказилган моддий зарар Ш.Боймуротовга нисбатан ҳисобланган.

Биринчи босқич суди аҳо­лига сув иншоотидаги электр двигателлар электр тармоғига тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан уланиб, моддий зарар етказилгани, бироқ тергов органи томонидан мазкур ҳолатда ҳақи­қий айбдор шахслар суриштирув ва тезкор-тергов йўли билан аниқланмасдан, Ш. Бой­муротовга нисбатан айб эълон қилиниб, барвақт хулосага келинган деб топган. Апелляция судлов ҳайъати ҳам бу хулосани тўғри деб топди.

Қисқаси, апелляция инс­танцияси Жиноят кодексининг 1852-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда дахли бўлмагани сабабли биринчи босқич суди томонидан Ш. Боймуротовга нисбатан чиқарилган оқлов ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди. Тасдиғини топмаган айблов суд томонидан оқлов ҳукми чиқарилишига асос бўлди.

Шуҳрат Худоёров,

жиноят ишлари бўйича

Жиззах вилоят суди судьяси

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг