23 яшар ўқитувчининг ўлими тафсилотларини суриштирган журналист ўзига босим ва таҳдид бўлаётганини айтмоқда
«Xabar.uz»нинг Самарқанд вилоятидаги махсус мухбири, журналист Каримберди Тўрамурод ўзининг «Facebook»даги саҳифасида каттақўрғонлик ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлими тафсилотларини ёритганидан сўнг унга нисбатан босим ва таҳдидлар бўлаётганини маълум қилди.
«Менинг ўзимдан қаҳрамон ё авлиё ясаш ниятим йўқ, — деб ёзади у. — Менга суиқасд қилишадиган даражада катта иш ҳам кўрсатганим йўқ. Аммо сиз, азиз ФБдошлар, ҳамкасблар, бир нарсани билиб қўйишларингизни истайман: Диана фожеасини ёритганимдан сўнг турли таҳдидлар, ғаразли, ҳақоратли қўнғироқлар, турли идоралар томонидан босимлар, қўрқитиб қўйишлар, чўчитиб қўйишга интилишлар кўпайиб кетди».
Каримберди Тўрамуроднинг ёзишича, унга: «Фалон рақамли машинада юрар экансиз, машиналар ўз-ўзидан ёниб кетади, портлаб кетади, устига КамАЗ чиқиб кетади, шунақа ҳодисалардан қўрқмайсизми?» деган таҳдидлар бўлган. Қайсидир куни пешин намозига масжидга пиёда чиққанида бир рақамсиз машина устимга ҳайдаб, уриб юборишига сал қолган. Журналист яшайдиган кўп қаватли уйнинг «домком»идан ўзини вилоят ИИБдан деб таништирган икки номаълум шахс у ҳақида суриштирган, «Бу одамнинг уйига кимлар кириб-чиқаяпти, шубҳали шахсларга кўзингиз тушмадими?» деб суриштирган.
У бўлиб ўтаётган ҳодисаларни санаб ўтар экан, ОАВ ходимларига қуйидагича мурожаат қилди: «Каримберди Тўрамуроднинг машинаси портлаб кетибди», «машинаси ёниб кетибди», «машинасининг устига «Камаз» чиқиб кетибди», «Каримберди Тўрамурод бедарак йўқолибди», «Каримберди Тўрамурод ўз жонига қасд қилибди», «ўзини осиб қўйибди» ё «ўзини дарёга ташлабди», «Каримберди Тўрамурод юрак етишмовчилиги туфайли тўсатдан вафот этибди» деган гаплар чиқса, «Каримберди Тўрамуроднинг ёнидан ёки машинасидан гиёҳванд модда чиқибди», «қурол чиқибди», деган гаплар тарқатилса, ишонманглар! Шундай гаплар чиқса, бу режалаштирилган иш бўлади».
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 март куни Каттақўрғон туманида магистрал йўлни тозалашга олиб чиқилган 23 яшар мактаб ўқитувчиси Диана Еникеева фожиали ҳалок бўлган, Каримберди Тўрамурод мазкур воқеа тафсилотларини ўрганиб, «Xabar.uz» суриштируви: 23 ёшли ўқитувчининг ўлимида ким айбдор?» номли мақола эълон қилган эди. Бироқ Самарқанд вилоятидаги расмийлар ўқитувчи катта йўл (трасса)даги тўсиқларни оқлаш чоғида ҳалок бўлганини тан олмаган, аксинча, у кўчани кесиб ўтаётганда «КамАЗ» русумли автомашина уни уриб кетганини маълум қилган эди. Бироқ ўқитувчи ва унинг ҳамкасблари дарс вақтида трассада нима қилиб юрганига ойдинлик киритмаган эди. Шундан сўнг Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ҳам воқеага муносабат билдириб, марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор қилган ҳамда вилоят раҳбари сифатида вафот этган аёлнинг оила аъзоларига маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилиши, бундан ташқари, ушбу ҳодиса холис суриштирилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишига сўз берган эди. Каримберди Тўрамурод «Фожиа кўзимизни очмади ёхуд синалган усулдаги жавоб» номли раддияомуз мақоласини айнан расмийларнинг тазйиғи остида ёзганини айтади.
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали таҳририяти журналистнинг мақоласи учун таъқиб қилинаётганини кескин қоралайди ва бунга муросасизлигини билдиради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасига кўра ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Конституцияда амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустасно экани айтилган, бироқ Каримберди Тўрамурод мақоласи амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилмаган, унда қонун билан қўриқланадиган сирлар ошкор қилинмаган. Қолаверса, муаллифнинг қўлида мақолада тилга олинган тафсилотларни тасдиқлайдиган далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари мавжуд.
«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
«Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасига мувофиқ давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, яъни цензура қилганлик, журналистга тазйиқ ўтказганлик, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик, журналистнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик учун жавобгарликка тортиладилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter