Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Журналистлар фаолиятига ИИБ босими давом этмоқда!

Журналистлар фаолиятига ИИБ  босими давом этмоқда!

Скриншот

Оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолиятига аралашиш, уларга турли шаклда босим ўтказиш ҳолатлари давом этмоқда. Бу борада Ички ишлар тизими ходимлари «пешқадам»ликнинг қўлдан бергиси келмайдигандек  гўё...

Мана, ИИБ ходимларининг журналистлик фаолиятига  аралашиш ва тўсқинлик қилиш билан боғлиқ яна бир ҳолат юз берди. Яъниким,  Сирдарё вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган  Human.uz сайти мухбирлари ИИБ ходимларининг босимига учради.  Сайт мухбири Мавжуда Мирзаеванинг маълум қилишича, улар эрта тонгдан Сардоба фалокати ортидан уй-жойларида эвакувация қилингани  одамлар билан гаплашиб, шароитлари ҳақида репортаж тайёрлашга киришган. Бироқ ўша ердаги Ички ишлар ходимлари  уларнинг фаолиятига очиқдан очиқ аралашиб, ҳатто тасвирчини олиб кетишган! Ўз навбатида Мавжуда Мирзаеванинг «Операторни нега олиб кетяпсиз?, деган саволига орган ходими «Сиз қонун талабларига қаршилик қиляпсиз», дейди. Қандай қонун талаблари бузилгани ҳақидаги саволга жавоб бермайди ва «Обор, «запис»ларни кўрасан, ўчириб ташлайсан», дея буйруқ беради.

Қизиқ,  ички ишлар ходими  жамоатчиликдан нимани яширмоқчи?

Бу  кейинги икки ҳафта ичида оммавий ахборот воситалари ходимларига босим ўтказиш боғлиқ учинчи ҳолатдир.  Ҳар учала ҳолатда ҳам ички ишлар органи ходимининг  иштироки бор.

Шу йилнинг 21 апрель куни «Маърифат» газетасининг Фарғона вилояти бўйича мухбири Шарифа Мадраҳимова  маҳаллий ҳокимият ва ИИБ ходими босимига учради. Бунинг оқибатида ҳокимлик ходими вазифасидан озод этилди, журналистни «шахсини аниқлаш» важи билан икки соатдан кўпроқ вақт туман ИИБда ушлаб турган ходимнинг хатти-ҳаракатлари эса қонуний (?!) деб топилди.

Шу йилнинг 27 апрель куни Тошкент туманида фуқаро мурожаатини ўрганаётган  Human.uz сайти раҳбари, журналист Хуршид  Далиев  ҳам ИИБ ходимларининг тўсқинлигига дуч келганди. Айни ҳолат прокуратура томонидан ўрганилгани айтилмоқда.  Ҳозирча янгилик йўқ.

Бугунги воқелик эса юқорида баён этилди.

«Xabar. uz» воқеалар ривожини кузатиб боради.

P. S. Ҳозир Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолат юзасидан баёнот берди. Унга кўра, Ички ишлар вазирлиги оммавий ахборотлар воситалари учун доимо очиқ ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги таъкидланиб, Human.uz портали журналистлари билан боғлиқ ҳолат юзасидан текширув ўтказилажаги айтилади.

Кутамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг