Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кеннедининг беваси: иккинчи эр, учинчи дўст ва миллионлар

Кеннедининг беваси: иккинчи эр, учинчи дўст ва миллионлар

«Нью-Йорк Таймс Мэгэзин» нашрининг собиқ бош муҳаррири Эдвард Клейн Жон Кеннедининг хотини Жаклин Кеннеди ҳаёти ҳақида «Жеки» номли китоб ёзган. У чоп этилгач, АҚШ ва Европада катта шов-шувларга сабаб бўлади. Америка президенти Жон Кеннеди ўлдирилганидан сўнг Жаклиннинг ҳаёти қандай кечган? Унинг фарзандлари тақдири-чи? Китобда ҳаммаси батафсил баён этилган эди...

1963 йилнинг 29 ноябрь куни Жаклин «Лайф» журнали мухбири Теодор Уайтга сим қоқиб, уни ҳузурига чорлайди. Журналист Гианист, Портдаги президент қароргоҳида мени мотамсаро аёл кутиб олса керак, деб йўлга тушади. Лекин уни чиройли либосга бурканган бир санам қаршилайди.

Уларнинг суҳбати икки соатдан кўпроқ давом этади. Гарчи «Лайф» эртасигаёқ ўз саҳифаларида «Жеки Кеннеди билан суҳбат» деб номланган мақолани чоп этган бўлса-да, мазкур мулоқотнинг тўлиқ мазмуни узоқ йиллар мобайнида сирлигича қолаверади. Маълум бўлишича, Жон Кеннеди ўлдирилишидан бир кун аввал улар тунни бирга ўтказишган экан...

Президентнинг ишқий саргузаштлари уларни бир-биридан анча узоқлаштириб юборган эди. Бор-йўғи бир неча кун яшаган сўнгги фарзандлари – кичик Патрикнинг ўлими эр-хотин Кеннедиларни қайта яқинлаштиради. Ўша куни улар яна бир фарзанд кўришни ният қиладилар...

Ўттиз беш ёшида бева қолган Жаклин америкаликлар кўз ўнгида чинакам санамга айланган эди. Аммо у бундан хурсанд эмасди. Жаклин ўзини ҳамиша ёлғиз-танҳо сезар, тобора тушкунликка тушар эди. Фақатгина содиқ тан соқчиси Хиллни кўрганида бироз юпанар эди. Негаки, соқчи унга доимо далда берарди.

1968 йилнинг 6 июнь куни Лос-Анжелесдаги «Амбассадор» отелида сенатор Роберт Кеннеди отиб ўлдирилади. Кейинги пайтда Қўшма Штатларда нашр қилинган китобларда Жеки билан Роберт ўртасидаги муносабатлар тўғрисида ҳам кўплаб маълумотлар учрайди. Ҳа, улар бир-бирини яхши тушунишарди. Бироқ Роберт доимо Жаклиннинг ҳимоячиси сифатида намоён бўларди. У Жекининг янги танишлари, жумладан, юнон миллиардери Онассисни ёқтирмасди. Онассис ҳам бу ҳақда билар, шунинг учунми, унга сенатор Роберт Кеннедининг ҳалок бўлганини айтишганида: «Ниҳоят, Жеки Робертдан қутулибди», – деган эди.

Роберт Кеннедининг дафн маросимида Жаклин қаттиқ асабийлашган. Гўё унга эрини иккинчи марта дафн этишаётгандек туюлган эди. Жаклин Робертнинг ҳалокатига ўзини дахлдор деб ҳисоблайди. Шундан кейин у фарзандларини мумкин қадар олисроққа олиб кетиб, уларга ғамхўрлик қилиш тўғрисида ўйлай бошлайди. Кутилмаганда Жаклиннинг фикри зикри Аристотель Онассисга қаратилади. Аёлларга ўта ишқибоз бўлган Онассис ҳар гал Жекини кўрганида ўзини йўқотиб қўярди...

1968 йил октябрининг ёмғирли кунларидан бирида Жаклин Кеннеди Онассис хонимга айланди. Одатда юнонлар ёмғирни яхшиликка йўйишади.

1973 йилга қадар Онассислар бахтли, тинч-тотув ҳаёт кечирадилар. Улардан бирини Клеопатрага, иккинчисини эса денгизлар ҳукмдорига қиёслаш мумкин эди. Ўз маҳбубасини қимматбаҳо ҳадяларига кўмиб ташлаган миллиардер сайру саёҳатни хуш кўрарди. Онассис мулозимларидан бири – Стефанос Дарусеоснинг сўзларига қараганда, миллиардер ҳар бир центнинг нималарга сарфланишини шахсан ўзи кузатиб борган. Бундан Жаклиннинг чиқимлари ҳам мустасно эмасди.

Аммо тежамкор бўлишига қарамасдан, у ўз маҳбубасига юксак даражада эҳтиром кўрсатарди. «Тасаввур қилиб кўринг-а, агар Онассис хоним икки йилгача битта либосда юраверса одамлар нима деб ўйлашади?» – дерди Онассис. «Агар аёллар бўлмаганида, пулнинг, умуман, бойликнинг ҳам кераги йўқ эди», – дея такрорларди миллиардер.

Ўгай ота Жаклиннинг фарзандлари – Жон ва Каролиндан ҳам ўз саховатини аямайди. Уларнинг ҳар бирига кема ҳадя этади.

Бироқ ҳар нарсанинг ниҳояси бўлганидек, бахтиёр онларнинг ҳам охири кўрина бошлади. Энди Жаклин кўпроқ АҚШда, Юнонистондан узоқда вақтини ўтказадиган бўлди. Онассис Нью-Йоркка келган пайтларида маҳбубаси ҳузурида эмас, отелларда тўхташни одат қилади. Орадан бир қанча муддат ўтгач, ажрашиш тўғрисида гап-сўзлар тарқалди. «Онассис Жаклиннинг ҳамиша ёнида бўлишини хоҳларди, – деб гувоҳлик берган эди миллиардер ҳимоячиси. – У ҳаммасига чек қўйишни хоҳласа-да, барибир ажрашиш тўғрисида мен тайёрлаган ҳужжатни йиртиб ташларди».

Аристотель Онассис 1975 йилда Парижда – қизининг қўлида жон берди. Бу пайтда Жаклин Нью-Йоркда эди. Шундан сўнг Жаклин Морис Темплсмен билан дўстлашди. Морис унга зумрад ва ёқут кўзли тилла узук ҳадя этади.

Морис узоқ вақт сафарларда бўлар, шунинг учун Жеки кўпинча ёлғиз қолар эди. Бироқ у бундан заррача ранжимас, сабаби «Даблюдэй» нашриётида хизмат қила бошлаган эди. Энди Жаклин бўш вақтларини набиралари даврасида ўтказадиган бўлди. У тилла билан шуғулланадиган Темплcменнинг маслаҳатларига амал қилиб, миллионер аёлга айланди.

А.Онассиснинг вафотидан кейин Жаклинга теккан 19 миллион доллар миқдоридаги маблағи кўпайиб, 200 миллионга етди.

Касалликка чалинган Жаклин 1994 йил 19 майда вафот этди.

                   Иззат Аҳмедов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг