Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кэти Перри Кэти Перрига қарши: 17 йиллик тортишувга суд нуқта қўйди

Кэти Перри Кэти Перрига қарши: 17 йиллик тортишувга суд нуқта қўйди

Қўшиқчи (оқ кийимда) Кэти Перри (Katy Perry) ва дизайнер Кэти Тейлор (Katie Taylor).

Фото: ABC News

Австралиялик кийимлар дизайнери Кэти Тейлор (Katie Taylor) ва қўшиқчи Кэти Перри (Katy Perry) ўртасида 17 йил давом этган тортишувга ниҳоят суд нуқта қўйди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Туғилганида исми Кэти Перри бўлган Кэти Тейлор 2007 йилда «Katie Perry» номини тижорат мақсадида рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширган. Ўша пайтда у хонанда ҳақида эшитмаган бўлган.

2008 йилда, хонанда Кэти Перрининг дебют қўшиғи чиққанидан бир неча ой ўтиб, Тейлор кийим-кечак сотиш учун «Katie Perry» товар белгисини рўйхатдан ўтказишга ариза беради.

2009 йилнинг май ойида хонанда Перри модельернинг товар белгисига қарши эътироз билдириб, «ноқонуний хатти-ҳаракатларни» тўхтатишни талаб қилган. 2019 йилда эса дизайнер хонандани муаллифлик ҳуқуқларини бузишда айблади. Бунга хонанданинг Австралияда «Katy Perry» бренди остида ўз кийимларини сотишни бошлагани сабаб бўлган.

Орадан тўрт йил ўтиб, суд Кэти Тейлор фойдасига қарор чиқарди ва хонанда Кэти Перри бренд рўйхатдан ўтказилаётган вақтда мода оламида номга эга бўлмаганини кўрсатиб ўтди. Хонанданинг кийим-кечакларга тааллуқли бўлмаган савдо белгиси Австралияда 2011 йилнинг ноябрида рўйхатга олинган эди.

Бироқ, 2024 йилда апелляция суди ушбу қарорни бекор қилди. Судялар хонанданинг исми аллақачон машҳур бўлгани ва харидорларни чалғитиши мумкинлиги сабабли, дизайнерда товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун асослар бўлмаган, деган хулосага келишди. Натижада дизайнернинг бренди бекор қилинди.

Кейин эса Кэти Тейлор Олий судга мурожаат қилди. 2026 йил 11 март куни Австралия Олий суди якуний қарорни эълон қилди. Беш судядан уч нафари Тейлорнинг томонини олди. Улар хонанданинг Австралиядаги машҳурлиги кийим-кечак соҳасига тааллуқли эмас, деб ҳисоблаб, аввалги далилларни рад этишди. Шундай қилиб, модельер ўз исми остида брендни сақлаб қолиш ҳуқуқини қўлга киритди.

P.S. қўшиқчи Кэти Перрининг ҳам исми «оригинал» эмас, туғилганида Кэтрин Ҳадсон (Katheryn Hudson) бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг