Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коронавирусга қарши вакцинани олиш учун Ўзбекистон устувор мавқега эга бўлади

Коронавирусга қарши вакцинани олиш учун Ўзбекистон устувор мавқега эга бўлади

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Унда тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, шу жумладан, «COVID-19» қарши кураш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот аввалида, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири коронавирус инфекциясига қарши курашда, шунингдек, ушбу мамлакат мутахассислари билан ҳамкорликда пойтахтимизда тўртинчи авлод Болалар миллий тиббиёт марказини бунёд этишда Корея Республикаси томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам учун чуқур миннатдорчилик билдириб ўтди. Суҳбат давомида икки мамлакат вазирлари юртимизда Кореянинг етакчи тиббиёт университетининг филиалини очиш, тиббиёт кластерини ташкил этиш масалаларини кенг муҳокама қилдилар.

Энг муҳими, икки давлат вазирлари юртимизда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда «COVID-19»га қарши мобил иловаларини яратиб, трекинг усулини жорий этиш борасида келишувга эришдилар. Бу эса бизга худди Кореядагидек коронавирусга чалинган беморни ким билан мулоқот қилган ва қайси ҳудудларда бўлганлигини инновацион тарзда аниқ кўрсатиб бериш имкониятини яратади.

Бундан ташқари, ҳамкорликда коронавирус инфекциясига қарши курашда тестлар ва дориларни ишлаб чиқиш масалалари ҳам муҳокама этилди. Жумладан, «COVID-19» қарши вакцинани биргаликда клиник синовларини ўтказиш тўғрисида ҳам келишувга эришилди. Ўз навбатида Корея Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху ушбу вакцинани дунё мамлакатларига тақдим этишда Ўзбекистон алоҳида устувор мавқега эга  бўлишини таъкидлаб ўтди.

Самарали кечган музокаралар якунида Соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон – Корея ҳамкорлиги марказининг имкониятларини янада кенгайтиришга ҳам келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг