Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мария Захарова Ғарб қандай қилиб Россияни чув туширганини айтиб берди

Мария Захарова Ғарб қандай қилиб Россияни чув туширганини айтиб берди

Фото:«Россия - РуАН»

«Совуқ уруш тугагандан кейин Россия Ғарб давлатлари учун ўз эшикларини очди, аммо уни алдашди», —дея баёнот берди Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Финляндиянинг «Hufvudstadsbladet» нашрига берган интервьюсида. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

«Биз тўлалигича эшикларимизни очгандик. Биз буни ўз хоҳишимиз билан қилгандик, бизни мағлуб этишгани учун эмас. Ҳеч ким бизга босим ўтказмаган, шунчаки Горбачёв қуролланиш пойгасига ва совуқ урушга нуқта қўйишни хоҳлаган. Мана биз эшикларимизни очдик, аммо сиз бизни алдадингиз. Сизлар бизга тиканли сим билан ўраш орқали жавоб бердингиз», — дея норозилигини билдирди Мария Захарова.

Шунингдек, у Москва Ғарб билан зиддиятга боришни истамаслигини, аксинча, савдо ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришни хоҳлашини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, у Россия нега ҳарбий салоҳиятини барчага кўз-кўз қилаётганига ҳам изоҳ берди:

«Энди биз барчага намойиш қилмоқдамиз: бизга ҳужум қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрманг. Иккинчи жаҳон урушида 20 миллион одамимизни йўқотганимиздан сўнг бу ҳол бошқа қайтарилмаслиги учун бизда буни намойиш қилиш ҳуқуқи бор. Охирги 20 йил давомида бизни барча томондан қамал қилишга ҳаракат қилишмоқда. Полшада ракетадан мудофааланиш тизими нега кераклигини сўраганмизда, бизга бунинг Эронга қарши эканлигини айтишди. Кўриниб турган фирибгарлик», — дея эътироз билдирди Мария Захарова.

Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабат Украина воқеалари ва Россия Қримни аннекция қилиши туфайли ёмонлашиб кетган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг