Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Машҳур фокусчининг сирли ўлими

Машҳур фокусчининг сирли ўлими

У ҳар қандай ёпиқ бино ичига кира олар, ўзидан бирорта из қолдирмасди. Қўли кишанбанд ҳолда музли сувга шўнғир, қуш учиб чиқмайдиган истеҳкомлардан чиқар, қабрда соатлаб ётар эди. У болалигидан фокус билан шуғулланди. Онаси егуликларни жавонда сақлар, аммо бу ширинликлар сирли равишда йўқолар, жавон эса қулфланган ҳолда турарди. Кўчма цирк директори унинг иқтидори билан қизиқиб қолди. Қўл-оёғи чандиб боғланган бу болакай исканжадан осонгина халос бўлишини кўрсатиб берди. У кейинчалик машҳур кўзбойлоқчи Гарри Гудини номи билан танилди…

Қутида йўқолган одам

Гарри Гудини (болалигида Эрик Вайс) 1874 йилнинг 24 мартида туғилган. Ҳужжатлар тасдиқлашича, бўлажак фокусчи Будапештда яҳудий руҳонийлари оиласида таваллуд топган. Гудинининг ўзи эса Американинг Висконсин штатида туғилганини таъкидлаб келарди. 1878 йилнинг 3 июлида ота-онаси АҚШга кўчиб ўтишди, ўшанда у тўрт ёшда эди. Дастлаб оила Эпплтон шаҳарчаси (Висконсин штати)дан қўним топди.

Гарри (Эрик) олти ёшидан фокус билан қизиқа бошлади. Бу шунчаки машғулот эди. Кейинчалик болакай жиддий равишда кўзбойлоқчиликка берилди. Тўғри, у чилангар, пойафзал тозаловчи, газета тарқатувчи бўлиб ҳам ишлади, бироқ қайси юмуш билан шуғулланмасин, бўш вақтини фақат фокусчиликка бағишлар эди.

1887 йилда Гарри отаси Меер Сэмюэл Вайс билан Нью-Йоркка кетди. Кўп ўтмай, онаси Сесилия Штайнер ва олти нафар ака-укалари ва синглиси улар сафига қўшилди.

Гарри (Эрик) ўн йил мобайнида кўнгилочар масканларда қарталар билан фокус кўрсатиб келди. 1892 йилда у француз фокусчиси Робер Гуден шарафига Гудини тахаллусини олди. Кейинроқ Гарри Келларга эҳтироми ўлароқ бу фамилияга Гарри исми қўшилди.

Гарри Гудини дастлаб акаси билан гастролларда юрган. Бундай томошаларда қўлкишанлардан халос бўлиш ва сув солинган идишдан чиқиш трюклари намойиш этиларди. Бир гал Гудини осмонўпар бино пештоқидаги қопга солиниб, сирли равишда ундан халос бўлди. Кейинги сафар эса у кўпчиликнинг кўз ўнгида ғиштин деворнинг нариги тарафидан бу томонида пайдо бўлди. Реклама мақсадида анқов томошабинлардан иборат оломон кўз ўнгида энг самарали чиқишлар намойиш қилинарди.

Ака-ука Гудинларнинг асосий фокуси «Метаморфоза» (бошқа тусга айланиш) деб номланиб, томошабинлар орасида «Сандиқ мўъжизаси» ибораси билан машҳур эди. Бу 1864 йилда Жон Маскелин намойиш этган томошанинг янги варианти эди. Гарри Гудинининг оғзаки изоҳлари остида акаси Теонинг қўли боғланар, кейин уни ёғоч қутига солишарди. Гарри бу қутининг устида турарди. Шундан сўнг уларнинг атрофига парда кўтарилар, учгача саналиб, дарҳол тушириларди. Томошабинларнинг кўз ўнгида қути устида энди Тео турарди. Ёғоч қути очилганида эса қўл-оёғи боғланган Гарри Гудини ётган бўларди.

Ўша замон учун нақадар шов-шувли томоша кўрсатганларига қарамай, ака-укаларнинг ишлаб топгани харажатларни мутлақо қопламасди. Гарри ва Тео маҳаллий клубда томоша кўрсатиш, гастролга чиқиш борасида ҳар қандай таклифни қабул қилишса-да, агентлар билан келишувлар, хатарли томошалар барибир даромад келтирмасди. 1892 йилда Гаррининг шавқ-завқи сўнди. Бунга отасининг оғир хасталикка учрагани ҳам сабаб бўлди. Оила бошлиғи Рэбби Вейс ўша йилнинг октябрида оламдан ўтди. Оилани боқиш 18 ёшли Гудини зиммасига тушди.

Энди ака-укалар иш излаб, Чикагонинг Иллинойс штатигача бордилар. Улар деярли ҳар бир саҳнада «Метаморфоза»ни намойиш этиб, бор маҳоратларини намойиш этишарди. Ҳафтасига 10 доллардан пул ишлай бошлаган Гарри маҳаллий одамларнинг биридан қулфларни очиш санъатини яхшилаб ўрганди ва уни қандай қилиб ўз томошаларида қўллаш ҳақида ўйлай бошлади. Дастлаб у полициянинг қўл кишанларидан фойдаланди. Гарри  маҳаллий полициячилардан бирига қўлини кишанлашини илтимос қилар, кейин эса бундай исканжадан осонгина халос бўларди.

Кишан қулфининг сири

1894 йилда Нью-Йоркдаги томошаси чоғида Гудини Бесс исмли қиз билан танишиб қолди. Кейинроқ бу қизга уйланди. Орадан кўп ўтмай, Тео ўзи алоҳида томоша кўрсатадиган бўлди. Гарри эса Бесс билан чиқиш қила бошлади. Ушбу дуэт «Эр-хотин Гудинилар» деб номланди.

1898 йилда Гудини ўзининг томошаларини реклама қиладиган газета маъмурияти билан уришиб қолди. Шу боис бир йил ўтар-ўтмас, унинг нуфузи туша бошлади. Эр-хотин теплоходда Европага отланишди. Европа ҳали бундай томошаларни кўрмаган эди. Бутун халқ ҳайратга тушди. Томошалар асосини ҳануз «Метаморфоза» ташкил этарди.

Гудини Лондонда намойиш этган «Тирик филнинг ғойиб бўлиши» томошаси билан ҳам барчани ҳайратга солди. Россияга гастроль қилганида эса  Петропавловск қамоқхонасидаги ўлимга ҳукм қилинганлар камерасидан осонгина чиқиб кетди. Манбаларда ёзилишича, «Эшиги қулф камерада маҳбуслар либосида бўлган Гудини орадан икки дақиқа ўтмай у ердан чиқди ва қўшни камера эшигини очиб, маҳбусларнинг ўрнини алмаштириб қўйди. Кейин эса кийим-кечаклар хонасига ўтди. Шундан сўнг қоровулхонада пайдо бўлди. Эътиборлиси, энди унинг эгнида маҳбуслар либоси эмас, ўзининг костюми бор эди. Камерага қулфланган Гудинининг ушбу барча ҳаракатлари учун жами 15 дақиқа кифоя қилди».

Европада донг таратган Гудини ҳар ҳолда Америка ҳақида ўйлаб қолди. У океанортига биринчи рақамли юлдуз бўлиб қайтди, энди олажак гонорарини аввалгиларга асло солиштириб бўлмасди. Гудини қаерда томоша кўрсатмасин, ҳайрат ва олқишларга кўмиладиган бўлди.

Ҳаётининг кейинги ўн йилида Гудини талай китоблар чоп этди. У кўплаб кўзбойлоқчилар ўша пайтда оммалашган спиритизмни ёндош дунё кучлари билан ниқоблашларидан хавотирда эди. Шу мақсадда Гудини спиритизм сеансларида бўлар ва найрангларни фош этишга ҳаркат қиларди. Оқибатда ўзининг эски дўсти, спиритизмнинг ашаддий тарафдори Артур Конан Дойл билан муносабатларига чек қўйилди. Дойл Гудинини кучли фокусчи ҳисобламасди.

Ёши ўтиши билан Гудига ўз трюклари оғирлик қила бошлади. Энг муваффақиятли томошаларидан кейин ҳам у шифохонага тушарди. 1903 йили Гудини занжирбанд қилиниб, 30 килолик золдир билан кўприкдан Темза дарёсига ташланди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, у кишанлардан озод ҳолда сув сатҳига сузиб чиқди.

1910 йилда Гудини кинода роль ўйнайдиган бўлди. Ўша йили у саноқли сониялар ичида гумбурлашга шай турган замбарак оғзидан қутулиш томошасини намойиш этди. Авиацияга қизиқиб эса, парвозлар тарихида илк бор, биплан (устма-уст қанотли самолёт)да Австралия устидан учиб ўтди. У Америка президенти Теодор Рузвельт билан яқин муносабат ўрнатди. Ҳатто, Гудини Америка махсус хизмати ва Скотленд-Ярдга боғланган, деган гап ҳам чиқди.

Гарри Гудини бутун ҳаёти мобайнида ўз трюкларини мураккаблаштиришга ҳаракат қилган. Масалан, кишанлардан халос бўлиш томошабинларда ҳамма вақт ҳам илиқ таассурот қолдирмасди. Улар кишанни ясама, қалбаки ҳисоблашарди. Шу боис Гудини қаерда бўлмасин, маҳаллий қамоқхонада кишандан қутулишга интиларди. Бироқ бир гал бу томошани уддалай олмади. Унга кишанларни берган изқувар кишан қулфини зар қоғоз билан айланмайдиган қилиб қўйган экан. Бу Гудинига сабоқ бўлди. У ҳар гал кишаннинг қулфи очиб-ёпилишини кўрсатишларини талаб қиларди.

Ҳалокатли икки зарба

Гудинининг ўлими турли тафсилотларга тўла. Монреалдаги гастролларидан бирида гримхонада ўтирган Гудини ҳузурига уч нафар талаба кирди. Улардан бири бокс бўйича коллеж чемпиони эди. У Гудинидан, қорнингизга бериладиган зарбаларни оғриқ ҳис қилмай қабул қилишингиз ростми, деб сўради. Ўз фикрларига ғарқ бўлган Гудини бош ирғади ва кутилмаганда талаба унга иккита зарба туширди. Гудини уни зўрға тўхтатиб қолди. «Ҳой, мен тайёрланишим керак», деди у. Қорнини таранг қилди-да, «энди уришингиз мумкин», деди. Талаба унга қўш зарба йўллади ва Гудинининг «темир қорни»га тан берди. Улар чиқиб кетгач, Гудини биринчи зарба теккан жойларни фақат уқалаб қўйди.

У ҳар галгидек оғриққа эътибор бермади, зарбалар эса кўричакнинг ёрилиши, кейин эса қорин пардасининг яллиғланишига сабаб бўлди. 1926 йилда ҳеч қандай антиботик йўқ, фақат мўъжиза туфайли омон қолиш мумкин эди. Гудини яна барчани ҳайратга солди – мухлислар ниҳоятда шод эдилар: «Мана, Гудини, замин қонунларига бўйин эгмайдиган ўлим ғолиби!» Бироқ, орадан тўққиз кун ўтиб, 1926 йилнинг 31 октябрида Хеллоуин байрами арафасида у 52 ёшида Детройтда ҳаётдан кўз юмди.

Айрим манбаларда, Гудини энг машҳур томошасини кўрсатаётиб ўлган, дейилади. Уни сандиққа солишган, қулфлашган ва дарёга улоқтиришган. У, гўё сандиқдан чиқа олмаган ва ўлган.

1974 йилнинг 6 апрелида, Г.Гудини таваллудининг юз йиллиги муносабати билан газетчилар улкан шов-шувни кутишди. Марҳум фокусчининг томошалари сири ёзилган васиятнома очилиши керак эди. Бироқ бари сафсата бўлиб чиқди. Ҳуқуқий идораларда ҳам, банк муассасаларида ҳам бу ҳақдаги бирортаям васиятнома топилмади. Бу Гарри Гудинининг энг сўнгги томошаси эди.

Акбар Фатҳуллаев.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг