Машинаси «жарима майдони»га тиқиб қўйилган фуқаро ўша жойда ўзини осишга уринди
Фарғонада машинасини «жарима майдони»га олиб кирилган фуқаро бунга норозилик тариқасида ўз жонига қасд қилишга уринди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган айни мазмундаги хабарни Бош прокуратура матбуот хизмати тасдиқлади: дарҳақиқат, шундай воқелик кеча (22 июль) Фарғона шаҳрида юз берди.
Аниқланишича, шу йилнинг 22 июль куни соат 16.30 чамасида «Ласетти»ни бошқариб келаётган фуқаро Н. Ю. (33 ёшда) Тошлоқ туманидан Фарғона шаҳрига кириш қисмида ўрнатилган блок-постда ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилади.
Транспорт воситасини рухсат этилмаган вақтда бошқариб юргани, тегишли стикери йўқлиги учун Н. Ю.га нисбатан белгиланган тартибда МЖтКнинг 54-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилади ва «Ласетти» Фарғона шаҳридаги жарима майдончасига олиб кирилади. Айни шу жараёнда ҳайдовчи бундан норози бўлиб, жарима майдончаси ҳудудидаги арча шоҳига арқондан (ўз машинаси юкхонасида тиркама учун сақланиб келган арқон) сиртмоқ ясаб, ўзини осишга ҳаракат қилади.
Ўша жойда бўлган Миллий гвардия ходимлари ва бошқаларнинг ўз вақтида қилган ҳаракатлари натижасида кўнгилсиз ҳолатнинг олди олинади.
Н.Ю. танасида ҳеч қандай жароҳатлар мавжуд эмас, соғлиғида бузилишлар аниқланмаган.
Айни пайтда Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter