Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«МДҲ, Африка ва Европа давлатларига масъулман!..» - Уммон Султонлигидаги ватандош ҳикояси

«МДҲ, Африка ва Европа давлатларига масъулман!..» - Уммон Султонлигидаги ватандош ҳикояси

«Хориждаги ватандошлар»нинг навбатдаги суҳбатдоши Уммон Султонлигидаги «OCTAL SAOC FZC» компаниясининг МДҲ, Европа ва Африка минтақаси бўйича савдо менежери Бахтиёр Аҳмедов бўлди.

Қаҳрамонимиз Фарғона вилоятида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таълим олган. 2011 йили Бирлашган Араб Амирликларига кўчиб ўтган. 2017 йилдан эътиборан, у Уммон Султонлигида меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.

Ота-онам мотивация берган

1988 йил Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида туғилганман. Бошланғич таълимни шаҳардаги 7-ўрта мактаб, кейин Истиқбол гимназияси ва Фарғона шаҳридаги Олимпиада захиралари лицейида таҳсил олганман. Сўнг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейида ўқидим.

Истиқбол гимназиядаги устозларим Дилором ва Сурайё опаларнинг она-тили ва адабиётдан ўтган жуда чиройли дарсларини илиқ хотиралар билан эслайман.

Умуман, болалигимдан ота-онам яхши ўқишимга нисбатан мотивация берган. Ҳозиргача эришган ютуқларимда айнан уларнинг дуолари ва саъй-ҳаракатлари алоҳида ўрин тутади.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидаги таълим

Тарих фанидан дарс берган ўқитувчимиз Анвар ака дипломат бўлиш учун тарих фанининг муҳимлигини таъкидларди. Натижада, менда тарихга қизиқиш пайдо бўлган. Бундан ташқари, ўша пайтдаги баъзи гимназия битирувчилари Республика фан олимпиадасида юқори ўрин олиб олийгоҳларга киришар ва шундан келиб чиқиб мен ҳам Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси бўлишни алоҳида ният қилган эдим.

Тошкентга ЖИДУ қошидаги академик лицейга киришим дунёқарашим ва билим борасидаги салоҳиятим ўсишида муҳим аҳамият касб этган. Лицейга имтиҳон топшириб қабул қилинганимда аниқ фанлар йўналишида эдим. Лекин, болаликдан тарих фанига бўлган қизиқиш ва ихтисослашим ижтимоий гуманитар йўналишига ўтишга ундаган. Ёдимда, бир семестер тарих йўналишида ўқигандим. Аниқ фанлар йўналишидаги раҳбаримиз Руҳиддин аканинг математикага қизиқтириши ва унинг муҳимлигини тушунтиришлари орқали аниқ фанлар йўналишига яна қайтиб ўтганман.

Лицейни тамомлаб университетнинг халқаро иқтисодий муносабатлар йўналишига ўқишга кирдим. Олийгоҳга кириб гувоҳ бўлдимки, таълим муассасамиз бутун республикадан билимга чанқоқ, тиришқоқ ва фаол талабаларни ўзида жамлаган. Шунга асосан илмий муҳит ва шароитлар яратилган эди. Мана шу муҳитнинг ўзи билим ва дунёқарашимнинг ўсишида катта рол ўйнади, деб ўйлайман.

Арабларда ўзбекистонликларга хайрихоҳликни сезганман

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари орасида чет элда ўқишни давом эттириш ва карьера қилиш анъанага айланган эди. Мен ҳам ана шу анъанага кўра, хорижда карьерамни давом эттиришни хоҳладим.

Маълум муддат Тошкентдаги меҳнат фаолиятимдан кейин 2011 йил Бирлашган Араб Амирликларига кўчиб ўтдим. 2013 йилнинг июнига қадар пойтахт Абу-Дабидаги туризм фирмасида савдо менежери сифатида ишладим. Кейин то 2017 йилга қадар аввал Дубай, сўнг Шаржа шаҳридаги бир қанча фирмаларда хизмат қилдим.

Хорижий давлатда ҳаёт кечириш ўзига яраша қийинчиликлар туғдиради. Лекин, вақт ўтиши билан бунга кўникасиз. Шундай бўлса-да, дастлабки йилларда ўзга миллат вакиллари билан тил топишиш осон кечмаган. Аммо, арабларда ўзбекистонликларга нисбатан хайрихоҳликни сезганман. Бунга бир дин вакили бўлганимиз билан бир қаторда Имом Бухорий ва Имом Термизий каби аждодларимиз хизматлари туфайли ҳам дейиш мумкин.

Яна бир аҳамиятли жиҳат, араблар ўз она тилига алоҳида ҳурматда бўлишади. БААдаги қурилиш соҳасида ишлаш даври асосан қурилиш компания вакиллари билан учрашиш ва шартномалар тузиш билан шуғулланганман. Ўша пайт асосан араблар билан мулоқот бўлганлиги араб тилида мулоқот қилишга эҳтиёж сездирган. Натижада, озми-кўпми араб тилида гаплашишга эришганман. Бу келгуси фаолиятимда ҳам анча қўл келган.
МДҲ, Африка ва Европа давлатларига масъулман

«OCTAL SAOC FZC» полимер ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, Уммон Султонлигида АҚШ инвестицияси ҳисобига ташкил этилган. Ишлаб чиқарувчи завод Султонликнинг Салалаҳ порт шаҳрида жойлашган ва маҳсулот кўплаб хорижий мамлакатларга экспорт қилинади.

Компанияда маҳсулотларни МДҲ, Ғарбий Африка, Шимолий Африка ва Европа давлатларига сотиш бўйича масъулман.

Ҳар бир давлатда маҳсулотни сотиб олувчи ташкилотлар бор, улар билан кўришиб, сотув шартномаларини бажаришим керак. Фаолиятим давомида масъул бўлган деярли барча давлатларга сафар қилишимга тўғри келади. Бунда асосий мақсад мижоз ҳисобланган ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, ишни самарали амалга оширишдан иборат. Маҳсулотни катта миқдорда сотишга эришган давлатлар орасида МДҲда Украина, Озарбайжон, Грузия ва Туркманистон, Африкада Нигерия, Гана, Сенегал, Конго, Ливия ва Мисрларни келтиришим мумкин. Ушбу фаолият давомида халқаро савдо, экспорт-импорт, логистика, халқаро пул ўтказмалари ва молия соҳаларида билимларим ва тажрибаларим анча кенгайди.

Марказий Осиё ўзаро интеграцияга киришиши зарур

БАА ва Уммон Султонлиги чет эл инвестициялари учун анча қулай ва очиқ давлатлар. Ҳукуматлар бунинг учун иқтисодий ва ижтимоий томондан энг керакли шарт-шароитларнинг деярли барчасини яратган. Қолаверса, мамлакатларнинг денгизга чиқиш имкониятининг мавжудлиги халқаро савдо ва экспорт-импорт ривожланишида муҳим ўрин тутади. Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имкониятининг йўқлиги албатта жаҳон бозорига рақобатбардош бўлиб киришига тўсқинлик қилади. Бу вазиятда Ўзбекистон Марказий Осиёда ўзаро интеграцияга ташаббус қилиши ва унга киришиши зарур, деб ўйлайман. Бу интеграция Марказий Осиё давлатлари иқтисодий иттифоқи сифатида умумий ҳамкорлик сифатида кўрилиши мумкин. Аминманки, бундан минтақанинг барча мамлакатлари бирдек манфаатдор бўлади.

Ҳиссиётга берилиш ва қизиққонлик яхши натижа бермайди

Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, аниқ бир соҳага ўзини бағишлаб, ўша соҳада етук мутахассис бўлишга интилиш керак. Ҳеч қачон ҳиссиётга берилиш ва қизиққонлик яхши натижа бермайди. Эмоционал бўлиш турли вазиятларда ҳар хил одамлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни қийинлаштиради. Доимо тўғри бўлиш зарур ва шу орқали одамлар олдида ишонч қозонилади. Ҳар қандай ҳолатда ижобий бўлишга интилишни қўллаб-қувватлайман. Шу билан бирга хушмуомала бўлишлик муваффақиятга эришишда муҳим омиллардан бири. Шу маънода ёшларимиздан катта мақасадларни ният қилиб, фақат олдинга интилишини сўрайман. Қийинчиликлар, тўсиқлар ва турли муаммоларга сабр қилиш лозим. Ўзига бўлган ишонч ва сабрнинг муҳим шарти иймон-эътиқодда, деб биламан.

Саволнинг иккинчи қисмига тўхталадиган бўлсам, яқин тарихдаги дунё сиёсий ва геосиёсий тартибини қандай ўзгарганлигини тушунишда «Пойтахт Абдулҳамид» фильмини кўришни, бизнесда мотивация олиш учун Наполеон Ҳиллнинг «Ўйланг ва бойиб кетинг» ва тасаввуф илмини англаш ва руҳий тарбия учун Имом Ғаззолийнинг «Риёзатун нафс» китобини албатта мутолаа қилишни тавсия бераман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг