Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Мен билан суратга тушинг...»

«Мен билан суратга тушинг...»

Фото: «Vesti.uz»

...Қўлимга тўйхат бериб кетишди. Ўқисам, уч-тўртта қўшиғи билан радио-телевидениеда чиқиб, сал-пал танилиб қолган хонандалардан бири уйланаётган экан. Салом-алигимиз борлиги боис айтилган тўйхонага ўтдим. Карнай-сурнай, шовқин-сурон авжига чиқиб, ясан-тусан кийимлар кийган келин-куёв «саҳна»га чиқишди. Бийронгина ўртакаш (бу сўзнинг асл маъноси қандайлиги ва қачон пайдо бўлгани номаълум) йигитча тўй кечасининг расман очилганини эълон қилди.

Бошланди томоша! Ўйин-кулги, базми жамшид авжига чиқди. Ярим соат ичида ҳайҳотдай тўйхона ўртасида ҳатто юришга ҳам жой қолмади. Ўтирган меҳмонлар ҳисобли, катта-ю кичик даврада: тавба, бу дунёда ҳамма раққоса-ю, ҳамма ҳаваскор қўшиқчи(тўйга келганлардан айримларининг мусиқачилар ёнига ўтиб ўзларича жўровоз ҳам бўлганига не дейсиз?)га «айланди».

Биров бировни эшитмайди, танишроқ одам ёнингизда ўтирган бўлсаям имо-ишора билан гаплашасиз. Илож йўқ, тўрт томонга қўйилган баҳайбат «колонка»лардан чиқаётган овоз қулоқни тешиб юборай дейди. Бир пайт давракаш аввал куёвжўрага, кейин эса келиннинг дугонасига сўз берди. Қисқагина тилакдан сўнг яна навбат баландпарвоз оҳангларда таништирилган «таниқли санъаткор»(ҳали санъат майдонига киролмаётган)ларга берилди. Хуллас...

Йўқ, мен бу билан бир дабдабали тўй манзарасини батафсил тасвирламоқчи эмасман. Аксинча, шу баҳона кейинги пайтларда оммавий равишда шаҳару қишлоқларимизда урфга кириб бораётган, тўй-томоша кўриб дам оламан, кўнгил ёзиб ўтираман дейдиганларнинг асабини бузаётган нохуш бир ҳолат хусусида сўз юритмоқчиман, холос.

Шундай қилиб, биз борган тўйга ҳам одатдагидек «навбатчи» ва бошловчи хонандалардан кейин анча танилиб қолган санъат (ё саноатмикан?) «юлдуз»лари салобат ва виқор билан «ташриф буюришди» (ўртакаш йигит изоҳи). Улардан уч-тўрттаси тўрга ўтиб, шогирдларини қутлаб ҳам қўйишди.

Сўнг жонли (аслида эса... ишонасизми, жонсиз фонограммани аксарият қўшиқчилар бугунги кунда тўйларда ҳам қойилмақом қилиб уддалашаяпти. Ишонасизми, яқинда бир тўйда карнай-сурнай садоларини ҳам фонограммада эшитдик!) ижрода куйлай бошлашди. Албатта, улар орасида эл суйган, ҳақиқий санъат намояндалари ҳам бор эди. Ана энди мезбону меҳмонлар даврага ўйнаш учун эмас, балки ҳалиги хонанда билан суратга тушиш учун гуррос-гуррос бўлиб чиқиб кела бошлашди. Ноилож қолган қўшиқчи «жонсиз» ижросини яшириш учун микрофонни зўрға тутиб қотиб турар, айрим ширакайф мухлислар эса микрофонни ўйинқароқлик қилиб тортиб олишганида эса тўйхонанинг нариги бурчагидан хонанданинг жарангдор «фанер» овози чиқиб турарди. Тўй охиригача бу ҳол неча ўн марталаб такрорланди. Охири кайвони бир онахон микрофонни қўлига олиб, «барака топкурлар, сизлар ўзи тўйга келгансизларми ё артистлар билан расмга тушишга? Бу нима аҳвол, на бир қўшиқ эшитаяпмиз, на бир маънилироқ қутлов? Ахир тўй эгаларининг ҳам ўз орзу-ҳаваси бор, сизларни яхши ниятда шу ерга таклиф этган-ку! Нега бировнинг тўйини бузасизлар?» дея жаврай кетди. Ана шундан кейингина давра сал тартибга тушди. Лекин кўп ўтмай яна ўша ғалати «томоша» бошланди...

Ваҳоланки... худди шу тўйга келганлар орасида кураш бўйича ўзбеклардан биринчи бўлиб спорт устаси деган фахрли ном олган машҳур полвон, самбо бўйича жаҳон чемпиони Сайфиддин Ҳодиев (Аллоҳ раҳматига олсин, яқиндагина дунёдан ўтди, минг афсуски, шундай номдор полвоннинг хотираси ҳаққи-ҳурмати учун бирорта спорт нашрида ҳатто тўрт қатор таъзия ҳам чоп этилмади — муаллиф) ҳамда Ўзбекистон халқ шоири ва куёв бўлмиш йигитни санъат йўлига етаклаб келган «Булбулча» болалар ансамблининг бадиий раҳбари, фидойи инсон Шермат Ёрматов ҳам бор эди. Уларга на табрик учун сўз берилди, на бирор киши келиб «Мен билан суратга тушинг, илтимос» деди...

Чунки ҳамманинг кўзи нурли ва нурсиз «юлдуз»ларда эди...

Норқобил Жалил

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг