Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Мен не дейман-у, қўбизим не дейди... » – Сурхондарёдаги ҳокимликдан «антиқа» жавоб

«Мен не дейман-у, қўбизим не дейди... » – Сурхондарёдаги ҳокимликдан «антиқа» жавоб

Жорий йилнинг 21 декабрда сайтимизда «Сурхондарё: маҳалла раиси уздирган «газ»ни бутун маҳалла улатолмаяпти» сарлавҳали мақола эълон қилган ва унда вилоятнинг Сариосиё тумани марказидаги (марказидаки, шундай туман ҳокимлиги ва прокуратурасининг қаршисида жойлашган) маҳаллада бир неча йиллар муқаддам маҳалла раисининг бир энлик хати сабаб табиий газ таъминоти узиб ташлангани, бу «янгилик» ҳокимлик томонидан дарровгина расмийлаштириб ҳам қўйилгани ва бунинг ортидан эса мингдан ортиқ хўжалик қарийб 7 йилдан буён қишнинг совуқ кунларида тезак-таппи йиғиб кун кўраётгани ҳақида ҳикоя қилинган эди.

Ҳокимлик яна «ўз ўрнида». Яъни бу сафар мақолага муносабатини ҳам кечиктирмади. Аммо сарлавҳада таъкидлаганимиздек, унинг «антиқа»лиги бор...

Муносабатнинг «антиқа»лиги шундаки, аҳоли мурожаати асосида эълон қилинган юқоридаги материалимизда бот-бот маҳаллий мутасадди ташкилотлар мурожаатчи аҳолига бир неча йиллардан буён бир хил мазмундаги (ҳатто, матндаги) – шаблон жавоб хатларини бериб келгани, халқ эса бундан чарчаб, «бир сандиқ» бўлган бу жавоб хатларини таҳририятга жўнатгани ҳақида ёзиб, ҳокимлик ва «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали бу борада қайта такрорга йўл қўймаслигидан ва амалий чора-тадбирларга ўтишидан умидвор эдик.

Аммо бундай бўлиб чиқмади.

Ҳар икки ташкилот тезкорликка урғу бериб, арз қилинган мурожаат матни билан танишиб ҳам чиқмаган кўринади. Танишиб чиқанида эса ҳеч бўлмаганида, тайинлироқ, амалий ҳал қилишга умид берувчи, шаблон жавоблардан қочган бўлармиди...

Биз бу ерда Сариосиё тумани ҳокимлигининг расмий телеграм каналида берилган муносабатни келтириб ўтирмадик (у билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин). Чунки ўқувчиларни такрордан зериктирмасликни лозим топдик.

Ушбу материалимизга қўшимча сифатида эса, мурожаатчи фуқароларнинг куюниб, 2022 йилнинг иккинчи чорагида маҳалласи бошида «Метан заправка» қуриб ишга туширишгани, «заправка»га топилган газ, нега аҳолига келганда йўқ бўлишини тушунмаётганини келтириб ўтишимиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг