«Микрокредитбанк» – тадбиркорларнинг ишончли ҳамкори (видео)
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш давлат иқтисодий сиёсатининг устивор йўналишларидан бирига айланган. «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки тадбиркор ва фаол ишбилармонларнинг ишончли ҳамкори сифатида фаолият юритмоқда. Маълумки, «Микрокредитбанк»нинг асосий мақсади кичик бизнес субъектларига молиявий кўмак кўрсатиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган.
Бухоро вилоятида ҳам «Микрокредитбанк» томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларнинг бизнес ғояларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишда юзлаб лойиҳалар амалга оширилган.
«Микрокредитбанк” АТБ Ахборот хизмати раҳбар ўринбосари Юлдуз Исакованинг «Xabar.uz» нашрига маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган даврида банк томонидан 7,4 триллион сўм кредит ажратилган. Ушбу маблағ ҳисобидан 247 та корхонага 1,7 триллион сўм миқдорида бошқа кредит линиялари ажратилиб, 6 300 га яқин иш ўрни яратилган. Шундан 558,3 миллиард сўм хорижий кредит линияларига тўғри келади.
«Бухоро вилояти бўйича 30 та тадбиркорлик субъектига 111 миллиард сўм миқдорида кредит линиялари ажратилиб, натижада 500 га яқин янги иш ўрни яратилди. Шу маблағларнинг 43,2 миллиард сўми хорижий кредит линиялари ҳиссасига тўғри келади» – деди Юлдуз Исакова.
Тадбиркорлик лойиҳаларини кенг жамоатчиликка танитиш мақсадида Бухоро вилоятида пресс-тур ташкил этилди. Журналистлар дастлаб, Бухоро шаҳридаги «ALFA MEDICAL CENTER» хусусий клиникаси фаолияти билан танишдилар.
Клиника иш бошқарувчиси Шоҳрузжон Мухторовнинг таъкидлашича, замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган клиника «Микрокредитбанк»дан 4,5 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит олган. Ушбу маблағлар ҳисобидан Европа давлатларидан замонавий тиббиёт ускуналари харид қилинган ва уларнинг ишлаш жараёни хорижий мутахассислар томонидан ўргатилган.
«Ҳозирги кунда клиникамизда 24 нафар тиббиёт ходимининг бандлиги таъминланган. Фаолиятни янада кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш ниятимиз бор. «Микрокредитбанк»дан олинган кредит, нафақат, молиявий ёрдам, балки, ишонч рамзи бўлди», – деди Шоҳрузжон Мухторов.
Шунингдек, банк маблағлари ёрдамида Бухоро туманидаги «Бухоро текстиль дизайн» МЧЖ янги тикиш жиҳозларини харид қилиб, 50 дан ортиқ иш ўрни яратган. Ғиждувон туманида ёш фермер «Ёшлар тадбиркорлиги» дастури доирасида 150 миллион сўм кредит олиб, иссиқхона фаолиятини йўлга қўйган. Вобкент туманидаги «Бухоро сувенирлари» арт-цехи эса банкнинг туризм соҳасига қаратилган имтиёзли қарзидан фойдаланиб, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишни бошлаган.
Банк тадбиркорларга, нафақат, молиявий ёрдам, балки, бизнес режа тузиш, бозор таҳлили ва молиявий саводхонлик бўйича маслаҳатлар ҳам бериб келмоқда.
Банк маблағлари асосида фаолият юритаётган «GIJDUVAN ECO BOTTLERS» МЧЖ мева шарбатлари ҳамда салқин ичимликлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Корхона 4 миллиард сўм кредит асосида иш бошлаб, кейинчалик яна 12 миллиард сўм кредит олиб, қўшимча ускуналар харид қилди ва 58 нафар аҳоли бандлигини таъминлади.
«ЭКО» бренди остидаги маҳсулотларимиз маҳаллий бозорда газли ва газсиз сувларга бўлган талабни қондирмоқда. Жорий йил якунига қадар мева шарбатлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун Хитой билан ҳамкорлик бошланди. Корхона биноларини таъмирлашдан тортиб, ускуналар харидигача бўлган барча жараёнлар банк маблағлари ҳисобига амалга оширилди. Дастлаб 20 нафар ходим билан иш бошлаган бўлсак, ҳозирда бу кўрсаткич икки баробардан зиёдга ошди», – деди корхона иш юритувчиси Руслан Ҳақназаров.
«Микрокредитбанк»нинг Бухоро вилоятидаги фаолияти, нафақат, молиявий қўллаб-қувватлаш, балки, янги ишбилармонлар авлодини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш орқали иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга ҳисса қўшилмоқда.
«Мижозлар учун қулайлик яратиш мақсадида Бухоро филиалларида онлайн ариза бериш, электрон ҳисоб-китоб тизимлари ҳамда мобил илова орқали хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Бу тадбиркорларга вақтни тежаб, ўз бизнесига кўпроқ эътибор қаратиш имконини беради, – деди «Микрокредитбанк»нинг Бухоро вилояти филиали Маҳаллабай ишлаш ва ҳудудий лойиҳаларни бошқариш бўлими бошлиғи Феруз Турсунов.
Бугун «Микрокредитбанк», нафақат, кредитлар билан тадбиркорларга қанот бағишлаётган, балки, уларнинг орзу-мақсадларига йўл очаётган, ишонч ва имконият кўпригини қуриб бераётган банкка айланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter