Миртемир домлага... қилинмаган қўнғироқ
Ўзбекистон халқ шоири Миртемир домла жуда нозиктаъб, сўз заргари, халқ тилини мукаммал биладиган, халқона ёзадиган ижодкор эди. Домланинг шеърий мисралари ҳам, насрий сочмалари ҳам соддалиги, кам ишлатиладиган сўзларнинг мўллиги билан ажралиб туради...
Таниқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов 1962 йилда чиққан «Замон. Қалб. Поэзия» китобида Миртемир ижоди ҳақида қуйидагиларни ёзган: «Миртемир поэзиясида шаффоф тиниқлик, беғубор, нафис ва тўлиққан қуёшнинг тафти, кумуш тўлқинли мавжлар ва қўнғироқдай майин куйлар бор. Миртемир поэзияси тоғ дарёси каби доимо одамлар хизматида, уларнинг дилига нур бағишлайди, қалбини қувонтиради, юракларнинг ташналигини босиб, уларни гулга ўрайди. Халқ ҳаётини, халқ қалбини чуқур ва гўзал, табиий ва самимий ифодалаган шоирни ҳамиша халқ ўз фарзандидай ардоқлайди».
Миртемир домла йирик поэмага ҳам, кичик шеърга ҳам, оддий интервьюга ҳам масъулият билан қарар эди.
Мен «Ўзбекистон маданияти» газетаси таҳририятида санъат бўлимида ишлар эдим. Қўшиқ санъати ҳақида баҳс-мунозара бошладик газетада. Унда шоирлар, бастакорлар, хонандалар, мусиқашуносу адабиётшунослар иштирок этди. У вақтларда бундай мунозаралар кескин бўлар, барча ижодкорлар, «шунос»лар жуда фаол эди.
Шу мунозарада Миртемир домла ҳам ўз фикрлари билан қатнашишларини истадик. У кишининг кўплаб шеърлари ашула қилинган, машҳур хонандалар суйиб куйларди.
Домлага қўнғироқ қилиб таклифимизни айтдим. Рози бўлдилар. Белгиланган вақтда уйларига бордим. Домла ҳовлидаги дарахтларнинг бачки новдаларини ток қайчи билан кесиб юрган эканлар.
Ичкарига кирдик. Столда шўрданак, қовурилган нўхат, пўлоди нон турибди. Булар у пайтларда фақат Самарқандда бўларди.
– Яқинда Самарқандга бориб келдим, – дедилар домла ўзларига хос майин, босиқ овозда салмоқлаб. – Ҳеч кимга билдирмадим, – майин жилмайдилар. – Ўзим якка айландим шаҳарни. Самарқандни яхши кўраман.
Бунинг сабабини тушундим: Миртемир домла Самарқандда ўқиган, ишлаган. Ёшлик йиллари кечган бу қадим шаҳарда. Ўша йилларни эслаган, қўмсаган бўлиши мумкин.
Дастурхонга ишора қилдилар:
– Олинг, бўтам, буларнинг барини Самарқанддан олиб келганман. Мозорбости.
У киши бир даста қоғоз олиб олдимга қўйдилар. Кейин менга юзланиб жилмайдилар:
– Энди сизни озгина ишлатамиз-да, бўтам. Мен айтиб тураман, сиз ёзасиз.
Аслида буни телефонда гаплашганимизда келишиб олган эдик. Аниқроғи, домлани қийнаб қўймаслик учун «Фикрларингизни айтсангиз мен ёзиб оламан», деган эдим. Шунга қарамай яна хижолатомуз юқоридаги гапни айтдилар. Шунақа камтар инсон эдилар-да Миртемир домла.
У кишининг камтар, юксак одоб соҳиби эканига, самимийлигига яна бир мисол келтираман. Устозларимиздан эшитган эдим.
Миртемир билан буюк ёзувчимиз Ойбек бир маҳаллада яшашар эди. Миртемир Ойбек домланинг уйлари олдидан ўтаётганда машинадан тушар эканлар. «Бу улуғ инсоннинг олдиларидан мошинда ўтиш одобсизлик бўлади», деб пиёда ўнг қўлларини кўксиларига қўйиб, Ойбек домланинг уйларига салом берган каби бироз эгилиб ўтар эканлар. Сўнгра яна машинага ўтирар эканлар.
Катталарга, хусусан, устозларга ҳурмат, одоб нақадар юксак бўлган-а! Ҳолбуки, ўша вақтларда домланинг ўзлари ҳам ўнлаб ижодкорларга устозлик қилган, ўзбек шеъриятининг забардаст устунларидан бири бўлган.
Шундай эзгу қадриятлар борми ҳозир? Устозлар ҳурмат-иззати жойига қўйилмоқдами? Янгиликларни билиш, ўрганиш, замонавий бўлиш яхши, аммо миллий урф-одатларимизни унутиш, уларга эскилик сарқити деб қараш қанчалар тўғри экан? Булар ҳар кимнинг виждонига ҳавола...
Хуллас, домла қўлларини белига қўйиб у ёқдан-бу ёққа юрган кўйи секин айта бошладилар. Мен ёзиб боряпман. Бир-икки жумла айтиб, индамай у ёқдан-бу ёққа бориб келадилар. Сўнг яна давом этадилар.
Бир варақни қораладик. Домла миқ этмай юришда давом этдилар. Негадир юришлари тезлашди. Мен ручкани шай қилиб қоғозга термилиб ўтирибман.
Бир маҳал ёнимдан ўтаётиб ёзилган қоғозни олдилар-да, ғижимлаб бурчакка отдилар.
Ўсмирлик чоғларимиз эрта кузда қишлоғимиз тепасидаги заяк ерларга бедана ушлагани борардик. Бедана буталар соясида писиб ётар, биз у ёққа-бу ёққа ўтиб, беданани қайси тарафдан «илиб» олиб кетишни мўлжаллардик. Бедана одам қаёққа ўтса ўша томонга термилиб ётаверарди. Мўлжални аниқ олгач, қадамни тезлатиб, ўта-ўта ярим энгашиб, беданани «илиб» кетардик.
Миртемир домланинг ҳозирги ҳаракатлари менга ўша жараённи эслатди.
Мен домлага қарадим, аммо юзларини кўролмадим. Гўё менинг фикримни англагандай «Бошқатдан ёзамиз» дедилар. Бундай ҳол яна бир-икки такрорланди. Ўзлари ҳамкорлик қиладиган бастакорлардан айримларини санадилар. У киши бировнинг исм-фамилиясини тилга олганда «ов», «ев» қўшимчаларини ишлатмас эдилар. Шу боис Манас Леви, Сулаймон Юдак, Фахриддин Содиқ деб ёздирдилар.
Ниҳоят, ёзиб бўлдик. «Ҳамкорлик ҳақида» сарлавҳали мақола қоғозга тушди. Шоир ва бастакор ҳамкорлиги хусусида сўз борди. Миртемир домла ўзлари ҳамкорликда ишлаган бастакорлар, уларнинг маҳорати, шоир ва бастакор бир-бирини тушунишининг, услуби яқинлигининг, шунга мос хонанда бўлишининг аҳамияти тўғрисида мулоҳазаларини баён қилдилар.
Мақолада «комёб» деган сўз ишлатдилар. Ёзиш жараёнида алоҳида «комёб» деб таъкидладилар ва «камёб» деб ёзиб қўйманг, бўтам», дедилар (мен бу сўзнинг маъносини кейин билиб олдим – ниятига етган, орзулари ушалган, деган маънода экан). Баъзи таҳририятларда «билимдон» мусаҳҳиҳлар бор, ўзларича тузатишади сўзларни, оқибатда маъно, фикр бузилади. Шундай бўлиб қолмасин, дейман-да, бўтам, дедилар жилмайиб...
Мен мақолани кўтариб, таҳририятга чопдим.
Мақолани машинкада ёздириш жараёнида ҳам, босмахонада териб чиқилганидан кейин ҳам «комёб» сўзига алоҳида эътибор қаратдим. Газетанинг мақола чиқаётган сонига масъул навбатчига, мусаҳҳиҳларга қайта-қайта Миртемир домланинг гапларини тайинладим. Охирги корректурани ўзим ўқиб бердим. Жойида эканидан хотиржам бўлиб, уйга кетдим.
Эрталаб газетани очиб қарасам, не кўз билан қўрайки, «камёб» деб тузатилган! Юрагим шиғиллаб кетди. Миртемир домланинг шунча тайинлагани нима бўлди? У киши нима деб ўйлайдилар? Мен у зотнинг юзларига қандай қарайман? Тушунтиришларим, ўзим охирги корректурани ўқидим, тўғри эди, дейишимдан нима наф энди?!
Навбатчидан сўрадим, мусаҳҳиҳлардан сўрадим. Ҳеч ким мен тузатдим ёки фалончи тузатди, демайди. Ҳаммаси тўғри эди, билмадим ким тузатган, дейди, холос.
Мақола газетада чиққани ҳақида Миртемир домлага қўнғироқ қилиб айтмадим, айтолмадим. Қайси юз билан айтаман? Аксинча, Миртемир домла қўнғироқ қилиб қолсалар нима жавоб бераман, деб хижолат бўлиб юрдим. Лекин қўнғироқ бўлмади. Домла эътибор бермаган ёки буларга гапиришдан фойда йўқ, деб ҳафсаласи пир бўлиб, қўл силтаб қўйган бўлсалар керак... Кейингиси ҳақиқатга яқинроқ...
Маматқул Ҳазратқулов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter