Мунира Аминова Олий аттестация комиссияси раиси этиб тайинланди
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Аминова Мунира Абдугафуровна Фанлар академияси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси этиб тайинланди.
Аминова Мунира Абдугафуровна мазкур тайинловга қадар Буюк Британиянинг Қироллик қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ташкил этилган Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ректори лавозимида фаолият кўрсатган.
Меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Молия вазирлиги, Халқаро Вестминстер университети, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (New York), Халқаро маъмурий фанлар институти (Brussel), Eвропа Иттифоқи дастурлари ҳамда Белгия ва Нидерландиянинг нуфузли олий таълим муассасаларида раҳбарлик, илмий-педагогик ва экспертлик лавозимларида фаолият юритган.
Мунира Аминова — сиёсий фанлар доктори, давлат бошқаруви ва олий таълим соҳаларида катта тажрибага эга. У Тошкент давлат техника университети, Буюк Британиядаги Birmingem университети ва Brussel Vrije университетида таҳсил олган.
Унинг давлат бошқаруви ва таълим тизимини институционал ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик соҳаларидаги кенг миллий ва халқаро тажрибаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини амалга оширишга, жумладан, институционал модернизация, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий дипломатия ва рақамли трансформация ташаббусларини илгари суришга хизмат қилмоқда.
2024 йилдан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter