Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Навоийда ҳавони ифлослантирган 20 тадан ортиқ корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди

Навоийда ҳавони ифлослантирган 20 тадан ортиқ корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди

Ўтган июль ойида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Бош прокуратура билан ҳамкорликда Навоий шаҳри ва унга туташ ҳудудларда саноат ифлосланиш ҳолатларини ўрганиш бўйича кенг кўламли текширув ишларини амалга оширди.

Ўрганиш натижаларига кўра, қатор йирик корхоналарда атроф-муҳитга зарар етказиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, «Sogda kimyo zavod» МЧЖ, «Ferrosplav» ва «Zarafshon industrial technology» МЧЖ каби корхоналар давлат экологик экспертизасисиз иш олиб боргани, зарарли моддаларни ноқонуний сақлагани ва ҳавога назоратсиз ташланмалар чиқаргани исботини топган.

Лаборатория таҳлилларида аммиак ва олтингугурт каби моддалар меъёрдан бир неча баравар юқори эканлиги қайд этилди. Масалан, «Zarafshon industrial technology» МЧЖда аммиак 7 баравар, азот оксиди 12 баравар, водород сулфид эса 40 баравар юқори чиққан. Шу муносабат билан мазкур корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилиб, 10 кун ичида экологик талабларга мослаштириш вазифаси юклатилган.

Бундан ташқари, шаҳар ва туман ҳудудида жами 168 та корхона фаолияти ўрганилган. Уларнинг 22 таси бўйича ҳам экологик экспертизадан ўтмаганлиги, чиқиндиларни назоратсиз жойлаштиргани ва қонунбузарликлар сабабли фаолият вақтинча тўхтатилган. Улар қаторида «Qurilish mahsulotlari», «Qizilqum shifer», «Fosxim agro», «Navoiy asir invest» ва бошқа корхоналар бор.

Ҳатто «Навоийазот» корхонасида ҳам аммиак ва водород сулфиди меъёрдан бир неча баравар юқори эканлиги аниқланиб, тегишли жарималар ва камчиликларни бартараф этиш учун муддат белгиланган.

Корхона фаолияти ўрганилганда, унинг ҳудудида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндилари белгиланмаган жойларда сақлаб келинганлиги, қурим (сажа) чиқиндиси ёқиб юборилиши оқибатида атмосферга ҳавоси ифлослантирилганлиги аниқланган.

Ушбу қатъий чоралар экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар саломатлиги ва экологик барқарорликни сақлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Экология вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, келгусида ҳар бир саноат корхонаси кесимида экологик тадбирлар дастури шакллантирилиб, маҳаллий Кенгашга тасдиққа киритилади.

Шунингдек, ҳар чоракда жамоатчиликка ахборот бериш механизми жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Манба: uza.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг