Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наврўз: Табиат уйғонмоқда… Аммо у бизнинг қувончимизга шерикми?

Наврўз: Табиат уйғонмоқда… Аммо у бизнинг қувончимизга шерикми?

foto: chatgpt

Наврўзни одатда табиатнинг уйғониши, янгиланиш ва покланиш айёми деб таърифлаймиз. Бу фасл борлиқнинг қишки сукунатдан чиқиши, ариқларнинг сувга тўлиши ва дарахтларнинг гуллаши билан кириб келади. Бироқ Наврўз шунчаки мавсум алмашиниши эмас, у давомийлик рамзи бўлиб, табиатни асраб-авайлаш ғоясини ўзида мужассам этган юксак маънавий қадрият. Мана шу кунларда яна ўша таниш жумлалар қулоққа чалинади: «Табиат уйғонмоқда», «Яшариш ва янгиланиш фасли», «Ер бағридан кўкатлар бўй кўрсатмоқда». Гўё бу сўзлар замирида халқимизнинг атроф-муҳитга бўлган чуқур эҳтироми ва азалий анъаналари яширинган.

Халқимиз томонидан табиат билан боғлиқ «Сувга тупурма», «Сув бор жойда — ҳаёт бор», «Она Ерни асраш — келажакни асраш» каби ўгитлар шунчаки одоб қоидалари эмас, балки аждодларимиздан мерос қолган табиат билан муносабат маданиятидир.

Сувни муқаддас билган халқ уни ифлос қилишни гуноҳ, ерни муштипар онага қиёс қилган миллат уни асрашни фарз деб билган. Шу боис, Наврўз — айнан мана шу эзгу қадриятлар қайта уйғониши, инсоннинг табиат билан уйғунлигини англатувчи қадимий туйғулар тикланиши керак бўлган муборак кун.

Табиат билан уйғунмизми....

Қаҳратоннинг музлаган бармоқлари орасидан ситилиб чиққан Наврўз ер юзига яшариш муждасини олиб келади. Биз сумалак қозонлари атрофида тилак айтамиз, тоғларда «Дарвешона» қилиб, «Йил гўжа»нинг баракасидан суюнамиз. Бир-биримизни янгиланиш фасли билан қутлаймиз.

Бирдамлик, меҳр бирлашган шу манзара — байрамнинг энг гўзал жиҳати. Айнан шу байрам ва баҳорнинг уйғониши билан табиат қўйнида сайиллар, саёҳатлар авжига чиқади. Аммо мана шундай сайру саёҳат, сайилу байрамларда кўнгилни хира қиладиган яна бир ҳолат борки...

Сўнгги йилларда байрам манзарасини бир марталик пластик идишларсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Сайиллар, оммавий тадбирлар ва дастурхонлар қулайлик учун танланган пластик стакан ва пакетлар билан тўлади. Табиат ҳақида энг кўп гапириладиган кунда айнан табиатга энг узоқ муддатли из қолдирадиган буюмлар ишлатилади.

Биргина сумалак сайлини олайлик, уни тарқатишда миллионлаб бир марталик пластик идишлардан фойдаланиш оммалашди. Сайилгоҳларда қолдирилган елим пакетлар, сув оқимини тўсиб қўйган пластик идишлар шунчаки чиқинди эмас, балки табиатнинг нафас йўлларини бўғиб қўяётган тўсиқлар.

Анъанага кўра, Наврўз арафасида ариқлар тозаланиб, сув йўллари очилар эди. Бугун эса пластик чиқиндилар сув экотизимларига заҳар каби ёйилиб, дарё ва кўлларнинг табиий мувозанатини бузмоқда. Сиз беш дақиқада еб бўлган сумалакнинг пластик идиши табиатда парчаланиши учун юзлаб йиллар керак бўлади.

Келинг, оддий математикага юзланамиз. Агар байрам сайилларида айтайлик 7 тонна сумалак пиширилиб, ҳар бир кишига 100 граммдан тарқатилса, бу — 70 000 дона пластик идиш дегани. Битта кичик идишнинг юзаси 0.01 м² бўлса, биргина хайрия тадбиридан сўнг 700 квадрат метр ер пластик «кишан» остида қолади. Бу тахминан 10 та томорқанинг майдонига тенг.

Биз бир кун байрам қиламиз, лекин ер тўрт-беш аср давомида унинг заҳридан азобланади. Бугун ариққа оқизилган пластик идишнинг тили бўлганида, у бизга шундай деган бўларди: «Сизлардан кейин мен 500 йил яшайман, келажакда мен сизнинг авлодларингиз ичадиган сувда, улар ейдиган таом таркибида бўламан».

Айнан шу пластик чиқиндилар ва унинг заррачалари тупроқнинг табиий нафас олишини қийинлаштиради ва ердаги микроорганизмлар фаолиятига, ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Албатта, гап байрамни нишонламасликда эмас. Гап унинг мазмунига мос муносабатда. Қайта ишлатиладиган идишлар, анъанавий сопол ёки металл косалар, умумий дастурхон маданияти — булар Наврўз руҳига яқинроқ эмасми?

Хайрли амал чиндан хайрлими...

Яқинда қишлоққа борганимда тошлар орасида синган чинни ва пахта гулли сопол идишларни учратдим. Бу ҳар йили Наврўз баҳонасида қир-адирларда ўтказиладиган дарвешона ва йилгўжа маросимларидан қолган «хотира» эди. Ер ва сувга шукроналик келтириш учун нишонланадиган бу қадимий маросимлар бугун тоғ ёнбағирларида елим пакет ва шиша синиқлари уюмини қолдирмоқда.

Агар ушбу маросимлардан кейин атроф чиқиндихонага айланса, бу қандай хайрли амал бўлсин?

Бу ерда нафақат экологик, балки маънавий инқироз яққол кўринади: биз ердан барака сўраб дуо қиламиз-у, лекин унинг барака йўлларини чиқинди билан бекитаётганимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Синган пахта гулли коса — бу шунчаки чиқинди эмас, бу бизнинг табиатга бўлган муносабатимизнинг акси эмасми?

Табиат уйғонмай қолса-чи?

Агар биз табиатга адолатсизликни ҳозирги суръатда давом этсак, 2126 йилнинг баҳорида бизни нима кутмоқда? Бир асрдан кейин келадиган баҳорни тасаввур қилиб кўрганмисиз, табиатнинг уйғонишини-чи?

Афсуски, агар бир марталик идишлардан фойдаланиш шу тезликда давом этса Ернинг устки унумдор қатлами остида миллиардлаб идишлардан иборат «пластик қатлам» туфайли, ниҳоллар тупроқдан эмас, пластик деворлар орасидан йўл излашга мажбур бўлади.

Қуёш нури ва ёмғир таъсирида парчаланган идишлар микропластикка айланиб, озиқ-овқат занжири орқали дастурхонимизга қайтади. Сиз «уйғониш» деб атайдиган жараён аслида кимёвий заҳарланишга айланади.

Бойчечак ва лолаларнинг «видолашув» сайли...

Баҳорнинг илк муждаси — бойчечак. У қор тагидан заҳмат билан йўл топиб, бизга умид ва тириклик хабарини олиб келади. Биз эса уни ер бағридан авайлаб эмас, пиёзи (илдизи) билан юлиб оламиз.

Демак илдиз суғуриб олиндими табиат ўша нуқтада қайта уйғонмайди. Биз  баҳорнинг илк элчисини кейинги йили у ердан тополмаслигимиз мумкин.

Тоғ-тошларда қип-қизил гилам бўлиб тўшалган лолазорлар бугун йилдан-йилга сийраклашиб, гўё қон йиғламоқда. Кейинги пайтларда одамларнинг лолақизғалдоқ ўсадиган қир адирларга тўғри машина билан кириб бориш урф бўлди... Лола ва лолақизғалдоқ сайли баҳонасида уларни даста-даста қилиб узамиз, шаҳарга етиб келгунча эса улар сўлийди ва ахлат қутисидан жой олади.

Наврўз аслида табиатнинг янгиланиш байрами, аммо табиатни улуғлаётган кунимизда, унга кўпроқ озор етказаётган бўлсак демак, биз Наврўзни шунчаки рамз сифатида қабул қиляпмиз, лекин унинг моҳиятини яшамаяпмиз. Бу шунчаки экологик муаммо эмас, балки маданий парадокс.

Гап байрамни нишонлаш ёки уни танқид қилишда эмас, балки қадрият ва амалиёт ўртасидаги масофада. Наврўз ҳақиқатан табиат уйғониши бўлса, у аввало инсоннинг муносабатини уйғотиши керак.

Наврўз ҳар йили қайта келади. Қуёш яна ёруғроқ нур сочади, ер яна исийди. Аммо савол очиқ қолади: биз ҳам ҳар йили бир оз ўзгаряпмизми?

Ёки табиатнинг ҳар йили уйғониши биз ташлаб кетган пластик қатламлари остида тобора қийинлашиб бораверадими?

Бугун биз табиатнинг янгиланаётганидан, уйғонаётганидан хурсанд бўламиз. Аммо шу табиат бориб-бориб пластикли ер остида уйғонишга қийналмасмикан?
Умуман, бир кун келиб, Ер уйғонмай қолса-чи?

Энг хавфлиси биз ўзимизни ёмон иш қилаяпмиз, деб ҳисобламаймиз. Чунки байрам нишонлаяпмиз, сумалак сайлида бирлашаяпмиз, ҳашар уюштираяпмиз, кўчат экаяпмиз. Яъни рамзий покланиш бор, аммо экологик масъулият йўқ.

Наврўзнинг ҳақиқий қиймати байрам тантаналарида эмас, балки байрамдан кейинги сукутда, бўш қолган майдонларда, адирларда ва ариқ ёқаларида кўринади. Сукунатни чиқиндилар шовқини бузса демак, биз нафақат табиатни, балки ўзимизни ҳам алдаган бўламиз.

Шунда ўз-ўзидан савол туғилади: биз ҳақиқатан ҳам Наврўзни қарши олдикми  ёки фақат унинг номини нишонладикми?

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг