Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўғли МХХда ишлаган Аҳмаджон Одилов ҳақида китоб чиқди

Ўғли МХХда ишлаган Аҳмаджон Одилов ҳақида китоб чиқди

Аҳмаджон Одилов (ўнгда) Шароф Рашидов билан.

У ҳақда эшитишган, билишган, бироқ асл ҳақиқатни ҳамма ҳам англайвермаган. Турли гап-сўзлар, миш-мишлар, овозалар тарқалган. Унинг номидан айримлар ваҳимага, ғулғулага тушган. Ким ўзи бу шахс? Нима учун унинг суронли йиллари панжара ортида ўтди? Шу қадар зиддиятли одам эдими? Қайси жиноятлари учун йигирма уч йил қамоқда ётди? Одилов шу қадар сирли шахс бўлганми ёхуд бунинг ортида бошқа гаплар борми?

«Янги китоб» нашриёти томонидан чоп этилган «Одиловни отмоқчи эдилар» китобида юқоридаги саволларга жавоб бор. Тўпламда акс этган замон талотўплари, давр эврилишлари, инсоний муносабатлар ва қисматлар сизни бефарқ қолдирмайди. Қамоқхонадаги азоб-уқубатлар, кечинмалар, маҳбуслар иродасини синдириш, уларни жисман йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлар бор бўйи билан намоён бўлади.

Очиғини айтганда, Аҳмаджон Одилов ҳақида бугун ҳам айримлар салбий фикрда. Унинг қамалгани бежиз эмас, дейди улар. Бироқ кечаги кунга теран назар ташласак, «ўзбеклар иши», «пахта иши» бўйича кўплаб шахсларнинг ҳибсга олингани ҳам айбига яраша эдими? Қолаверса, Аҳмаджон Одилов суд ҳукмисиз саккиз йил қамоқда ётган. Ундан кейин... мустақиллик йилларида яна озодликдан маҳрум этилган.

Китобда шундай сўзлар бор:

«...Қаранг, ўйлаб кўрсам бутун бир йигит умрига тенг шу давр ичида Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам биз ўтирмаган ҳибсхона қолмапти, ҳисоб. Андижон, Тошкент, Қарши, Зарафшон... У ёқда отинг ўчкўр «Бутирка», «Лифертова», «Красная тишина»... Ҳамма жойда ҳам турли усуллар билан жонингни эговлаб, қонингга ташна қилишади. Гоҳ сен ётган камерага ашаддий каллакесарларни, гоҳ «қулоқ»ларни киритишади. Ва гоҳ чўнтагингга билдирмасдан тақиқланган нарса ташлаб қўйиб, карцерга тиқишади. Баъзида кўзингга тиржайганча қараб ошкора жиғингга тегишади. Бундай пайтда бўралатиб сўкардим. Бошқа нима қилиш керак? Яна карцер... Яна ўша қийноқлар...»

Дарвоқе, Аҳмаджон Одиловнинг ўғли МХХда ишлаган. У отасининг иккинчи марта қамалишини билган, ҳатто санасигача хабардор бўлган, бироқ...

Китоб муаллифи – наманганлик журналист ва ёзувчи Ортиқали Номозов. У Аҳмаджон Одилов билан бир неча марта бевосита учрашган. Дарвоқе, О.Номозов ҳам қамалиб чиққан. Бу ҳақда кейинроқ...

«Одиловни отмоқчи эдилар» китобидан, шунингдек, «Ғаройиб найранг», «Маломат тоши» қиссалари ҳам ўрин олган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг