Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Океан ортидаги ўзбек. АҚШда ҳам грантда ўқиш, ҳам ишлаб пул топишга имкон берувчи коллежлар бор

Океан ортидаги ўзбек. АҚШда ҳам грантда ўқиш, ҳам ишлаб пул топишга имкон берувчи коллежлар бор

Фото: «Xabar.uz»

Орамизда «сеҳрли диёр» дея таърифу тавсифланувчи давлатда таҳсил олиш ёки у ерга бир бор бўлса-да саёҳат қилишни орзу қилувчи инсонлар талайгина.

«Хориждаги ватандошлар» саҳифамизнинг навбатдаги меҳмони АҚШнинг Кентукки штатидаги Береа коллежида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Достонбек Тоиров бўлди. У билан океан ортидаги таассуротлар, ушбу мамлакатдаги таълим тизими ва бошқа жиҳатлар ҳақида суҳбатлашамиз.

— Достонбек, суҳбатимиз аввалида ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз?

— Мен 1998 йил Андижон вилояти Хўжаобод туманидан туғилганман. Ота-онам биз фарзандларнинг таълим ва тарбиямизга алоҳида эътибор қаратишган. Шу боис, 6 ёшимдан Андижон шаҳридаги 34 давлат ихтисослаштирилган мактабида ўқидим.

Мактаб даврида ҳам фанларни яхши ўзлаштиришимга уларнинг эътибори кучли эди. Ўқишга бўлган кучли қизиқишим, ота-онам ва устозларимнинг билим борасидаги кўмаги сабаб мактабни имтиёзли шаҳодатнома билан тамомладим. Сўнг Андижон давлат университети қошидаги 5-сонли академик лицейда таҳсил олдим. Ҳозирда Кентукки штатидаги Береа коллежининг 4 йиллик бакалавр даражасини берувчи Компьютер ва ахборот фанлари, математика ва бизнес бошқаруви соҳалари бўйича тўлиқ грант асосида таълимни давом эттиряпман.

Фото: «Xabar.uz»

— Нима учун айнан АҚШда таҳсил олишга қарор қилдингиз?

— Андижонда ўқиб юрган кезларимдан қўшимча хорижий тилларни, айниқса, инглиз тилини мукаммал ўрганишга ҳаракат қилдим. Мақсадим, хорижнинг нуфузли таълим даргоҳларида ўқиш бўлган.

Береа коллежи ҳақида лицейнинг биринчи босқичида ўқиётганимда эшитганман ва айнан шу ерда ўқиш мен учун муҳим мақсадга айланди. Лекин лицейни тугатиб, баъзи сабаблар билан Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетига ҳужжат топширдим. Университетга контракт асосида қабул қилиндим. Шу туфайли ҳам яна Береа коллежига топшириш иштиёқи пайдо бўлди. 2016 йил ноябрь ойида барча керакли ҳужжатларни тайёрлаб, коллеж маъмуриятига юбордим. Шундай бўлса-да, Вестминстер университетидаги ўқишни ташлаб қўймадим. 2017 йил апрель ойининг бошларида Береа коллежидан ўқишга қабул қилинганлигим тўғрисида хат келган.

Бу ерга келишимнинг яна бир асосий сабабларидан бири – Қўшма Штатларнинг юқори даражадаги сифатли таълим тизими, айниқса, мен танлаган соҳада. Ундан ташқари, молиявий сабабларга кўра тўлиқ грант олиб ўқиш мен учун муҳим ҳисобланган. Береа коллежи эса, 4 йиллик ўқиш учун барча харажатларни қоплаб берувчи грантни тақдим этди.

Фото: «Xabar.uz»

— Хўш, коллеж ҳақидаги таассуротларингиз қандай?

— Коллеж Береа шаҳарчасида жойлашган. Шаҳар адирлар ва кичик ўрмондан иборат яшил табиатли ҳудуд. Коллеж шаҳарнинг катта қисмини эгаллаган. Береани талабалар шаҳарчаси дегувчилар ҳам бор. Коллежда дунёнинг 120 дан зиёд давлатлари ва АҚШнинг деярли барча штатларидан келган 1600 дан ортиқ талабалар таҳсил олишади. Коллеж ҳудуди 60 дан кўпроқ биноларни ўз ичига олади. Улардан 15 га яқини талабалар ётоқхонаси, улкан кутубхона, спорт комплекси, аниқ фанлар ва бошқалардан иборат.

Қолаверса, коллежда талабалар дарслардан ташқари компусда тайинланган ишларда ҳафтасига 10-15 соат ишлашлари лозим. Бу ишга, албатта, ойлик тўланади. Талабалар ишдан топган пулларини ўзларининг шахсий харажатлари учун сарфлашлари мумкин.

— Кузатишларингиз натижасида америкаликларнинг ҳаётга муносабатида қандай ўзига хос жиҳатларга гувоҳ бўлдингиз?

— Мен мулоқотда бўлган америкаликлар орқали улар ҳақида кўп нарсаларни ўргандим. Ёққан жиҳатлардан уларнинг ўзаро мулоқотда самимийлик ва дўстоналикка интилиши бўлди. Мисол учун, қаерга борманг, айниқса ўқиш ва иш жойларида нотаниш америкалик, у ёш ёки кекса бўлсин, мулоқотда профессионаллик билан жавоб беришига гувоҳ бўласиз.

Шунингдек, кўпчилик америкаликлар жуда меҳнаткаш ва билим олишга эътибор беришади. Уларнинг ёши 40 – 50 дан ошган бўлса ҳам, университет ёки коллежга бориб таълим олишдан уялишмайди. Уларда фаровон ҳаётга фақат юксак билим ҳамда катта меҳнат ортидан эришиш мумкин, деган ғоя шаклланган.

Улар иш ва ўқиш билан бирга дам олиш, ҳордиқ чиқаришга ҳам яхшигина эътиборлидир. Аксарият америкаликлар ҳафтада 5 кун ишлашади (кўпинча кунлик 8 соат), қолган 2 кунини оила ва дўстлар билан турли машғулотлар ҳамда дам олиш билан ўтказишади.

Фото: «Xabar.uz»

— Ўзбекистонда АҚШдаги қандай инновацияларни жорий этиш мумкин деб ҳисоблайсиз?

— Болаликдан АҚШни янгиликлар, янги кашфиётлар маркази деб ўйлаганман. Ва бу ерга келиб фикрларим кўп жиҳатдан ўзини оқлади. Ҳақиқатдан ҳам АҚШ йирик молиявий ва инновацион марказ. Ўрганадиган тажрибалар талайгина.

Ўйлашимча, АҚШнинг фуқароларга индивидуал шароитлар яратиб бераётгани, қонун ҳимоясининг тўлиқ ишлаши, ютуқлар ва ғояларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатнинг бугунги мавқеига сабаб бўлган. Энг муҳими, бу ерда фуқаронинг ёши, ижтимоий келиб чиқиши, мансабидан қатъи назар ўз ғояси ёки бизнесини бошлаш учун барча керакли манбалар ва қонунчилик механизми етарлича яратилган.

Фото: «Xabar.uz»

— АҚШ-Ўзбекистон таълим тизимида ўхшашликлар борми, уларнинг таълим соҳасидаги қандай тажрибаларини ўрганишимиз мумкин?

— Бир қанча ўхшашликлар мавжуд. Мисол учун, таълим давомийлиги, яъни Ўзбекистондагидек бошланғич, ўрта ва юқори босқичдан иборат.

11 йиллик мактаб тизими ва 4 йиллик бакалавриат ва ҳаказо. Лекин, фикримча, АҚШнинг таълим тизимида Ўзбекистонга нисбатан фарқлар ҳам кўп. Ўзбекистонда буларнинг энг мақбулларини жорий этиш ҳар томонлама фойдали бўлади.

Масалан, АҚШ таълим тизимида талабаларга катта эркинлик берилган. Олий таълим муассасаларида талаба қайси соҳада ўқишини ўқишга қабул қилинганидан кейин ҳам ҳал қила олади ва энг қизиғи, 4 йил давомида ўқиётган соҳасини бир неча марта ўзгартириши ҳам мумкин.

Шунингдек, Қўшма Штатларда ўқишни тамомлаш кўп ҳолларда Ўзбекистондаги каби вақт билан ўлчанмайди. Балки таълимда кредит курс амал қилади. Мисол учун, бизда бакалавр даражасини олиш учун талаба 4 йил тўлиқ ўқишга мажбур. Америка тизимида талабаларга ўқув дастури берилади ва агар улар мана шу дастурдаги барча курсларни ўқиб тугатса, 3 йилда ҳам бакалавр дипломини қўлга кирита олади.

АҚШ таълим тизимининг яна бир афзаллиги – талабалар дарс режаларини ўзлари тузади. Яъни талабалар қандай дарслар олишни мустақил ҳал қиладилар. Талаба хоҳласа соҳасига алоқадор бўлмаган фанларни ҳам ўқиш имкониятига эга.

Билишимча, Ўзбекистон олий таълим тизимида талабалар учун 4 йиллик дарс ва курслар режаси олдиндан тасдиқланади. Бу тизимдан босқичма-босқич воз кечиш керак, деб ўйлайман. Боиси ҳозирги шиддатли даврда кечаги дунё қарашингиз бугунги кунга ёки эртанги кун учун мос келавермаяпти.

— Келгусидаги мақсадларингиз қандай?

— Келажакдаги мақсадларим талайгина. Булардан энг асосийси — танланган соҳамда билим ва тажрибаларимни ошириб, профессионал даражага етишиш ва шу орқали бошқалар учун енгиллик келтирадиган ишларни амалга оширишдир.

Бугунги кунда ўқишдан ташқари дастурлаш ва инглиз тилини ўргатишга мослаштирилган beruny.com интернет сайтини олиб боряпман. Кейинчалик Ўзбекистонга қайтиб таълим, технология ва логистикага оид бир неча лойиҳаларимни амалга оширмоқчиман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг