«Ўқитувчи мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди
Халқ таълими вазирлиги томонидан «Ўқитувчи мақоми тўғрисида» қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва уни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу Қонуннинг мақсади ўқитувчилик фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақомини тўлиқ ифодалашни, унинг касбий фаолияти, ижтимоий-иқтисодий мавқейи, ижтимоий ҳимоя кафолатларини жорий этишни таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишдан иборат.
Қонун лойиҳаси ўқитувчиларнинг мақомини ва педагогик фаолият принципларини ҳамда ўқувчиларнинг малакасини ошириш бўйича тизимни белгилаб беради.
Ҳужжатда ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қиммати кафолатлари белгиланади. Хусусан, ўқитувчиларнинг иш ҳақидан қонунчиликда кўзда тутилмаган тўловларни, жумладан даврий нашрларга обуна бўлиш, асоссиз маошидан ушлаб қолиш тақиқланади.
Қонун лойиҳасига кўра, таълим муассасалари ўқитувчиларини мажбурий меҳнат, шаҳар ва туман ҳудудларини кўкаламлаштириш ва ободлаштириш ишларига, металлолом ва макулатура йиғишга, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ва шунга ўхшаш бошқа ишларга жалб этиш тақиқланади.
Ота-оналар ўқитувчининг профессиональ мажбуриятлари доирасига кирадиган масалаларга асоссиз аралашиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Қонун лойиҳасида ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси ва индивидуал педагогик фаолиятга доир ҳуқуқларини белгилаб бериш ҳам кўзда тутилган.
Халқ таълими вазирлиги «Ўқитувчи мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш учун барчани, жумладан малакали педагогларни муҳокамаларда фаол иштирок этишларини сўрайди. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 2019 йилнинг 26 январига қадар давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter