Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

Ўзбекча гапирган тилим қурсин!

Ўзбекча гапирган тилим қурсин!

Бу нима? Ўша номлар билан фахрланишми ёки нодонларча ўрликми?

Фото: «Baltnews»

Киноя

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига анча бўлди. Ўша кундан бери 21 октябрь Ўзбекистонда тил байрами, ўзбек тили байрами сифатида нишонлаб келинади. Бир кун!

Қолган кунларда-чи? Қолган кунларда дарров аслимизга қайтиб оламиз. Тилимизга ҳам эътибор бермаймиз, ўзбек тилида ҳам ҳадеганда гаплашавермаймиз. Гаплашганда ҳам ўзбекча гаплашармиканмиз?

Данияда ўзбек рақс мактабини очган, ўзбекча рақсларни қойилмақом қилиб ижро этадиган, халқимизга муҳаббати чексиз бўлган Катя Даниэлла билан мулоқотимиз чоғида бир нарсага аҳамият бердим. Катя ўзбек тилида равонгина эмас, тоза ҳам гапирар экан. Бизга ўхшаб ўрисча сўзларни қўшиб гапирмас экан. Ана шунда ўзимнинг тилим, қандай гаплашаётганимиз ҳақида ўйлаб қолдим.

Қишлоғимнинг оти Папанин. Дўстлик бўлганига 25 йил бўлса-да, ҳамма барибир Папанин дейди. Ўтган асрда атрофимиздаги қишлоқлар Ленин, Жданов, Киров, Каганович, Осипенко, Крупская, Калинин, Ворошилов, Маркс, Энгелс, Телман, Роза Люксембург, Москва, Ленинград, Аврора, Гагарин номларини олган. Ачинарлиси, ҳалигача одамлар тилида бу жойлар ўша номлар билан атаб келинмоқда.

Бу нима? Ўша номлар билан фахрланишми ёки нодонларча ўрликми?

Самарқандда «Поворот» деган жой бор. Ундан ўтсангиз «Микрорайон». Бир замонлар бу жойлар Дамариқ деб номланган. Кейинги мавзе «Согдиана». Асл номи – Сўғдиёна ақалли конвертнинг устига ҳам ёзилмайди. Шимол томон юрсангиз «Далний лагер», кейин «Военни городок» келади. Шаҳар маркази эса «Ленински». Ленин кўчаси аллақачон йўқ бўлиб кетган, аммо шу атрофни ҳамма шундай атайди. Эскишаҳар чегараси «Университет хиёбони». Ҳамма «Булвар» дейди. Бобойлар ундан ҳам баттарини айтишади: «Абрамовский булвар».

Бунақа атамалар битта бизнинг Самарқандда эмас. Тошкентда бундан ҳам кўп. Тошкент «Ипподром»дан бошланади. У ёғи кетди: «Колсавой», «Софийски», «ЦУМ», «Сквер», «Авиагородок», «Медгородок», «Вузгородок», «Сороклет», «Фархадски», «Алайски», «Тезиковка»...

Тилимиздан чиқиб кетгиси келмаётган атамалар ҳар бир вилоятда минглаб учрайди. Жой номлари алоҳида шуғулланишни талаб қиладиган масала. Энди тилимизда ҳар куни учрайдиган «бузуқ сўзлар»га қаранг! Эрталаб ишга чиқишингиздан бошланади. «Астановка»да автобус ёки такси кутасиз, тўғрими? Ё сиз бекат дейсизми? Автобусни мен ҳам бошқача айтолмайман. Унга чиқдингиз ҳам дейлик. «Кондуктор»дан «билет» оласиз, тўғрими? Ё сиз чипта, чипта сотувчи дейсизми? Ҳалиям олдинлари бўлган «абонимент» йўқ, «компостер»га тешиб олинадиган. «Контролёр» бўларди «қуён»ларни тутадиган. Хуллас, ишга келдингиз, иш «Петиминутка»дан бошланади. Стулга ўтириб, бошингизни чангаллайсиз. Столда бир «папка» «документ» турибди. Ручкани олиб, бир бошдан ҳар бирининг устига адресини ёзасиз. Ҳар қайсини тегишли «отдел»га юборасиз. Кейин «обед»га чиқасиз. Пулингизни «эконом» қиламан десангиз, бирорта «кафе»дан «гамбургер»ми, «пирашка»ми ейсиз. Бир «баклашка» «минералка»ни олиб, ишга чопасиз. Ойнинг охири, «план»ни бажариш керак. Ҳадемай «аччут» топширишингиз керак. Ҳаммасига «успет» қилмайсиз. Ҳали улфатлар билан «ужин»ни қаерда қиламиз деган «проблема» бор. «Табака»га борган яхшими, «шашлик»ками?

Уйда телевизор кўргингиз келади. Қайси «программа»га қўйсангиз «ток-шоу». «Нервингиз» бузилиб «кабелний»ни суғуриб отасиз ва «парабалка»ни улайсиз. Кўзингиз илинади. Хотинингиз келади. «Ҳа, дадаси, ўзингизни ухлаганга солаяпсизми? “Палитика” қилманг, биласиз, эртага “денрожденам”. Ҳозирдан “подарка” сўрамасин деб, “хитир”лик қилаяпсиз-а?», — дейди. Унга айтган нарсасини олиб беришга ваъда бериб, бошингизга одёлни тортасиз.

Эҳ-ҳе, буларнинг орасида қанча-қанча «бузуқ» сўзларни ишлатасиз. Бу сўзларни ишлатадиган «тўлка» сиз эмас, ҳамма ишлатади. «Вапше» ишлатмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Бировга халақит берсангиз, «чиста» ўзбекча сўз айтади: «Мушайит қилма!». Болангиз машинага миндиришни сўраса ҳам ўзбекча сўрайди: «Катайса қилдириб келинг!». Хотинингиз «банка ёпаман, помидор олиб келинг» дейди. Хафа бўлмайсиз, «наборот», хурсанд бўласиз.

Қиш келаяпти, ботинками, «сапожка»ми олиш керак. Палто ҳам эскирган. Уйда «батарея»ларни бир «ремонт» қилиб қўйиш керак. «Труба»си ёрилган, «отоплена»ни бериб қолишса, «подвал»ни сув босиб кетади. «Чердак»ни ҳам бир «уборка» қилиш керак. Ўтган қишда канализацияга «мусор» тиқилиб, авария бўлган,  9-«этаж»дан 1-«этаж»гача сув босганди. «Дом»нинг «нето» томони кўп-да.

«Электричка», «проводник», «заправка», «кафе», «бар», «будка»,  «ГАИ», «перевал» атамалари эскирмаяпти, аниқроғи, янгиланмаяпти. «Магазин» янгиланиб, баттар бўлди: «бутик» ёки «супермаркет». Уларда соатлаб «очирит»да турмайсиз. Кассадаги қизлар «срази» «раччут» қилишади. «Налични» тўлаш ҳам шарт эмас, «пластик»ни ҳам «атказ» қилишмайди. Янги хил «услуга»лари ҳам бор: «заказ» қилсангиз, уйга ҳам келтириб беришади. «Доставка»си учун ўн «процент» ҳақ олишади, холос.

Ёшларимиз биздан ҳам ўтишди. Ҳозир ҳаммасининг қўлида «сотка», ундан интернетга киришиб, ҳар хил сайтлардан исталган «информация»ни олишади. Энди улар бир-бирига «ҳело», «окей», «ҳай», «бай-бай» дейишаяпти. «Статус»имга зўр клип қўйдим, «класс» босвор!» дейишаяпти. «Коммент» ёзинглар, «личкам»га «сообшение» ёзманглар!» дейишаяпти. «Агент»да ёзишишларига қаранг: «Жон, қанақасс? Нима қивосс?». «Асалчик, бизнес қивомман, ўзинг қалесан? Чики-чикимисан?». «Постим»га «лайк» босвор! Кейин манам «хаштек» қиламан».

Футбол ўйинларини кўрсангиз, «аут», «диспетчер», «аутсайдер», «форвард», «галкипер»ни эшитасиз... «Ўйин қоидасини бузди» дейишнинг ўрнига яқиндан бери «фол ишлатди» дейишаяпти, кўнмай иложимиз қанча, микрофон «комментатор»нинг қўлида.

Телевидениеда авваллари ҳамма ўзбек адабий тилида гапирарди. Энди таниқли санъаткорлар ҳам, баъзан дикторларнинг ўзи ҳам тошкентча шевада «гапирвотти».

Ўзбек тили давлат тили қилиб белгиланганига салкам 30 йил бўлаётгани ҳолда аксарият идораларнинг «бланка»лари русча эканига, сиздан ҳам ҳужжатларингизни рус тилида тўлдириб келишингизни талаб қилишларига нима дейсиз?

Хуллас, тилимга тикандай ботадиган сўзлар, тил билан боғлиқ «проблема»лар ҳали «навал».

Тилим қурсин! Қачон тилим тузалади, билмайман. Тил ҳақида қонун чиққани билан тузаладиганга ўхшамайди. Менимча, ёт тилдаги сўзларни қўшиб гапирганларга чора кўриш, ҳар бир ишлатилган бузуқ сўз учун катта жарима белгилаш тўғрисида қонун қабул қилиш керакка ўхшайди.

Сиз нима дейсиз, «земляк»?

Каримберди Турамурадов

 

Изоҳлар 5

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг