Ўзбекистон Қизил китоби 24 турдаги ўсимлик ва 13 турдаги ҳайвон билан «семиртирилади»
Ўзбекистонда Қизил китобга киритиш таклиф этилаётган ёввойи флора ва фауна турлари рўйхати муҳокама қилинди.
Мазкур жараён Экология қўмитасининг Фанлар академияси Зоология институти ҳамда Ботаника институти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Шунингдек, ишда мустақил маҳаллий экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этган.
Қайд этилишича, Қизил китобнинг олтинчи нашри материаллари тақдимотида китобга киритилиши таклиф этилаётган турлар рўйхатини шакллантириш илмий асосланган ёндашувлар асосида, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг тоифалари ва мезонларини қўллаган ҳолда амалга оширилди. Бу миллий турларнинг муҳофаза мақомини халқаро стандартларга мослаштириш ва маълумотларнинг глобал даражада солиштирилишини таъминлаш имконини берган.
Қизил китобнинг 2019 йилдаги амалдаги 5-нашрига 48 та оилага мансуб 314 тур ва кенжа турлар киритилган. Замонавий ботаника номенклатурасидаги ўзгаришлар, ареалларни аниқлаштириш ва айрим табиий популяцияларнинг тикланиши натижасида 12 та оилага мансуб 21 та ўсимлик турини рўйхатдан чиқариш таклиф қилинмоқда.
Шу билан бирга, 6-нашрга 48 та оилага ва 125 та жинсга мансуб, йўқолиб кетиш хавфи остидаги 317 тур ва кенжа турдаги ўсимликларни киритиш таклиф этилмоқда. Уларнинг 24 тури Қизил китобга биринчи марта киритилиши режалаштирилмоқда. Бу биологик хилма-хиллик ҳолати ва юзага келаётган хавфлар бўйича янги маълумотларни акс эттиради.
Қолаверса, амалдаги 5-нашрга жами 206 тур ва кенжа турдаги ҳайвонлар киритилган. Шундан 83 тури умуртқасизлар (ҳалқали чувалчанглар, моллюскалар ва бўғимоёқлилар), шунингдек балиқлар, судралиб юрувчилар, қушлар ва сутемизувчилар киради.
Илмий тадқиқотлар ва мониторинг якунларига кўра, аввал киритилган турлардан 30 тасини рўйхатдан чиқариш таклиф этилмоқда. Айни вақтда 6-нашр учун 189 тур ва кенжа турдаги ҳайвонларни рўйхатга киритиш тавсия қилинмоқда. Шундан 13 тури Қизил китобга илк бор киритилаётган турлардир. Бундан ташқари, турли таксономик гуруҳларга мансуб 48 тур ҳайвоннинг муҳофаза мақомини ўзгартириш тавсия этилган.
Шу тариқа, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг 6-нашри учун турлар рўйхати илмий асосда қайта кўриб чиқилди: айрим турларни рўйхатдан чиқариш, янги турларни киритиш ҳамда аввал киритилган турларнинг муҳофаза мақомини тузатиш бўйича қарорлар қабул қилинди.
Қизил китобни тайёрлаш ва нашр этиш Ўзбекистонда биохилма-хиллик ҳолатини, ўсимлик ва ҳайвон турларининг қанчалик камёблигини ҳамда йўқолиб кетиш хавфи даражасини баҳолашда муҳим аҳамиятга эга.
Эслатиб ўтамиз, мазкур Қизил китоб – Ўзбекистон ҳудуди доирасида учрайдиган жуда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси турларининг изоҳланган рўйхатини ўз ичига олган расмий давлат ҳужжатидир. Унда ушбу турларнинг тарқалиши, ҳозирги ҳолати, сонининг камайиш сабаблари, уларни сақлаш ва кўпайтириш бўйича тадбирлар ҳақидаги умумлаштирилган маълумотлар келтирилади. Қизил китобни тайёрлаш ва юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 декабрдаги 1034-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter