Ўзбекистон халқаро Янги тараққиёт банкига қўшилмоқда
Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Янги тараққиёт банки тўғрисидаги Битимга қўшилиши ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Янги тараққиёт банки тўғрисидаги битимга қўшилади.
Сенаторлар таъкидлашича, мазкур банкнинг асосий мақсади иштирокчи давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
Қайд этилишича, аъзолик мамлакат учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилма ва барқарор ривожланишга қаратилган йирик лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиради.
Банк давлат ва хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун кредит ажратиш, кафолат бериш ва инвестиция киритиш каби молиявий инструментлардан фойдаланади.
Сенаторлар фикрича, Янги тараққиёт банкига аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади.
Шунингдек, бу иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва йирик инфратузилма дастурларини амалга ошириш учун қўшимча ресурслар жалб этиш имконини яратади.
Сенаторлар фикрича, халқаро инвестиция институтлари билан интеграцияни кучайтириш мамлакат иқтисодий барқарорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Маълумот учун, Янги тараққиёт банки 2014 йилда йирик ривожланаётган давлатлар ташаббуси билан ташкил этилган халқаро молиявий институт ҳисобланади. Унинг асосий фаолияти инфратузилма, энергетика, транспорт ва барқарор ривожланиш йўналишларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter