Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси яна бир ҳайрли лойиҳага қўл урди

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси яна бир ҳайрли лойиҳага қўл урди

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Тошкент вилояти Чиноз тумани ва Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги ихтисослаштирилган коллеж ва мактаб тарбияланувчи қизларининг ҳаётий вазиятини ўрганиш бўйича қўлланма ишлаб чиқилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га қўмита ахборот хизмати маълум қилди.

Лойиҳа доирасида 2018 йил 26 июнь куни ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Афшин Парси ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Нодира Шотурсуновалар таълим масканларидаги маънавий-аҳлоқий, таълим-тарбия ва касбий таълим ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида Чиноз туманидаги 5-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ташриф буюрди.

Ташриф чоғида улар таълим масканидаги қизларнинг ўз қўллари билан тиккан кашталари, тўқиган кийимлари, ясаган гул ва бошқа қўл меҳнати маҳсулотларини кўздан кечирдилар. Улар орасида турли қўғирчоқлардан тортиб чойнак қопқоғию ҳар хил чиройли гул, дарахт ва саватчалар бор эди. Қизлар ўз меҳнатлари орқали жамиятга фойда келтиришлари ва шунинг орқасидан ҳалол даромад топишлари мумкинлигини англаб етяптилар.

Шунингдек, ушбу ўқув масканларида тарбияланаётган тарбияси оғир қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, улардаги психологик ҳолатни яхшилаш, келажак ҳаётга ишонч уйғотиш каби йўналишларда ҳам аниқ режалар белгилаб олинди.

Ўқув даргоҳидаги психолог ҳар бир қиз билан индивидуал равишда мулоқот ўрнатиб, унинг психологик ҳолатини ўрганган ҳолда, ўқув-тарбия муассасасини битирганидан сўнг оилаларига қайтишлари, жамиятда тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминлаш бўйича фаолият олиб боряпти. 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ушбу лойиҳани доимий равишда амалга оширилиши ҳамда қизларнинг келгусида жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига кўмак беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг