Ўзбекистонда жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари жанговар ҳолатга келтирилди (фото)
![Ўзбекистонда жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари жанговар ҳолатга келтирилди (фото)](https://xabar.uz/static/crop/2/6/920__95_2615089666.jpg)
26 март куни мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғининг фармойишига кўра Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари юқори жанговар шайлик ҳолатларига келтирилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
![](https://static.xabar.uz/uploads/7/720__McDzoEo1Kfs6MAJ06oLoEyNsuKc8Gybn.jpg)
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини тўсатдан текшириш режасига асосан, Қуролли Кучлар Бош штаби томонидан вазирлик бўлинмаларининг жанговар шайлик даражаси босқичма-босқич тарзда ўқув синовларидан ўтказилмоқда. Бу галги текширувга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг барча ҳарбий бўлинмалари жалб этилди. Ўқув машқлари жорий йилнинг 26-29 март кунлари Қашқадарё вилоятидаги «Муборак» ва «Нуристон» полигонларида, шунингдек, ҳарбий округнинг бошқа ҳудудларида бўлиб ўтади.
Текширувларнинг асосий мақсади – бўлинмаларнинг жанговар шайлиги ва жипслигини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ҳарбий қисмлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг ўқув-жанговар вазифаларни бажара олишга тайёргарлигини назоратдан ўтказишдан иборатлиги айтилган.
![](https://static.xabar.uz/uploads/7/720__nZdZDJe1UssujHwn1ZQO4b-utPd8AKTI.jpg)
Тўсатдан текширувнинг биринчи куни юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилган бўлинмаларнинг белгиланган ҳамда нотаниш ҳудудларга ҳаракатланиши ва олиб ўтилиши масалалари амалда бажарилди. Шундай қилиб, баъзи бўлинмаларнинг шахсий таркиби Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларининг ҳарбий авиацияси ёрдамида ҳаво орқали олиб ўтилиши таъминланди. Қолган бўлинмалар штатдаги ҳарбий техникаларда узоқ масофаларга марш уюштирди.
Мажмуавий текширувларда Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг ҳудудий бўлинмалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
![](https://static.xabar.uz/uploads/7/720__6vGhmSCm6gVlVOnje4Fc0SnYw3kWgp0A.jpg)
Эслатиб ўтамиз, президент кўрсатмасига мувофиқ, 2018 йилнинг ноябрь ойида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги биринчи марта кенг кўламли тўсатдан текширувдан ўтказилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter