Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Ўзбекистонда хусусий университетлар очилиши керакми?

Ўзбекистонда хусусий университетлар очилиши керакми?

Ҳарвард университети, АҚШ.

Фото: Санжар Саид

Ўзбекистон том маънода янги даврга қадам қўймоқда. Янгича қарашлар, янги ғоялар, инновацияларга кенг йўл очилаяпти. Кўплаб соҳалар ислоҳ қилинди, ўзгаришлар жараёни давом этмоқда. Бу эса яна бир табиий эҳтиёжни кучайтиради. У ҳам бўлса барча соҳалар учун малакали, рақобатбардош, замонавий билим ва қарашларга эга кадрларни тайёрлаб беришдан иборат.

Иқтисодиёт қанча ривожланса, кадрларга талаб шунча ортаверади. Бироқ бугунги миллий олий таълим муассасалари иқтисодиётни керакли миқдорда, талаб ва эҳтиёжларга мос кадрлар билан таъминлай оладими? Университетларнинг моддий-техник базаси, ўқитувчилар таркиби, ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалар юқори малакали кадрларни етказиб беришга ярайдими?

Тизимда чуқур илдиз отган коррупция, эскирган ва замон талабларига жавоб бермайдиган «Таълим тўғрисида»ги қонун, талабалар, тадқиқотчилар сонини чеклаб келаётган квота сиёсати, соҳада эскича фикрлайдиган, ўзгаришларни тасаввур ҳам қила олмайдиган мутасаддиларнинг мавжудлиги ривожланиш йўлидаги асосий тўсиқлардан бўлиб қолмаяптими?

Ҳарвард университети, АҚШ
Фото: Санжар Саид

Яқинда «Facebook» ижтимоий тармоғидаги умумий аудиторияси 200 мингдан зиёд бўлган «Халқ билан мулоқот» ҳамда «Maslahat.uz» гуруҳларида «Ўзбекистонда хусусий университет очилиши керакми?» деган савол билан мурожаат қилган эдик. Аксарият фойдаланувчилар Ўзбекистонда ҳам хусусий университет очиш вақти аллақачон етиб келди деган фикрни билдирди. Бироқ айрим юртдошларимиз хусусий университетлардаги таълим сифатига шубҳа билан қараб, битирувчиларни иш билан таъминлаш муаммо эканини ўртага ташлади. Уларнинг фикрига ҳурматимизни сақлаган ҳолда нима сабабдан Ўзбекистонда ҳам хусусий университетлар очилиши шартлиги ҳақида гаплашсак.

Аввало, яқинда АҚШ Давлат департаменти кўмагида Америкага хизмат сафари билан бориб, олий таълим тизимини яқиндан ўрганиш имкониятига эга бўлганимизни айтиб ўтсам. Сафар давомида дунёдаги энг машҳур хусусий олий таълим муассасаларидан бўлмиш Ҳарвард университетида ҳам бўлдик. Келинг, хусусий университетларнинг афзалликларини ушбу университет мисолида кўриб чиқсак.

Ҳарвард университети, АҚШ
Фото: Санжар Саид

Ҳарвард университети АҚШнинг Массачусетс штати Бостон шаҳар агломерацияси таркибидаги Кембриж шаҳарчасида жойлашган. 1636 йилда асос солинган университетда 6700 нафар бакалавр ва 14500 нафар магистр босқичи талабалари таҳсил олади. Ушбу университетда таҳсил олган, ўқитувчилик қилган ёки ишлаганларнинг 75 нафари Нобел мукофоти билан тақдирланган. АҚШнинг саккизта президенти, жумладан Барак Обама, шунингдек Дэвид Рокфеллер, Билл Гейтс, Марк Цукерберг каби миллиардерлар Ҳарвардда таҳсил олган. Университет ўз битирувчилари орасидан етишиб чиққан миллиардерлари сони бўйича мамлакатда биринчи ўринда туради. Ҳарвард эндаумент (мақсадли капитал) бўйича дунёда биринчи ўринда туради — 36,4 млрд доллар (2014 йилги маълумот).

Университетда бир йил ўқиш чет эл гражданлари учун ўртача 60 минг долларга тушади. Унинг 40 минг доллари ўқиш пули бўлса, 20 минг доллари яшаш ва бошқа харажатларни ўз ичига олади. Шундай бўлишига қарамасдан Ҳарвард университетининг асосий талабалари чет элликлардир.

Ҳарвард «QS World University Rankings» дунё университетлари рейтингида олтита кўрсаткич: тадқиқот фаолияти, ўқитиш, иш берувчиларнинг фикрлари ва карьера қилиш салоҳияти, чет эллик талабалар ва ўқитувчилар сони бўйича дунёда кучли учликдан ўрин олган. Хуллас, хусусий университетлардаги таълим сифати ҳақида гапирганда, ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ: барчаси замон талаблари, иш берувчиларнинг хоҳишлари даражасида. Буни иш берувчилар ўртасида Ҳарвард университетининг нуфузи 100 балли тизимда 99,9 фоизга баҳоланиши ҳам кўрсатиб турибди.

Ҳарвард университети, АҚШ
Фото: Санжар Саид

Энди хусусий университетлар очилишига қарши бўлганларнинг асосий аргументларидан бўлган битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласига эътибор қаратсак. Ҳарвард университети ҳам бошқа ҳар қандай нуфузли университет каби ўз битирувчиларига иш топиш ва унга жойлашишда яқиндан кўмаклашади. ОТМ кампуси ҳудудида Карьера маркази (Career Service) фаолият кўрсатади. «Career Service» мутахассислари ҳақ тўланадиган стажировкаларни саралаш, қизиқарли вакансияларни топиш, ишга жойлашиш бўйича курс ва тренинглар ташкил этиш, шунингдек талабалар потенциал иш берувчилар билан танишиши мумкин бўлган тадбирларни уюштириш билан шуғулланади.

Амалиётда Ҳарвард университети битирувчилари иш топиш муаммоси билан деярли тўқнаш келмайди. Статистикага кўра талабаларнинг 60 фоизи ОТМда ўқиётган вақтидаёқ ўз ишига эга бўлади.

Айримлар Ўзбекистонда ҳам хусусий университетлар очилиши керак деган фикрга Ҳарвард мисолида далил келтирилганига эътироз билдириши мумкин. Чунки Ҳарвард ташкил этилганига қарийб 4 аср бўлган, ривожланган давлатда жойлашган ва ундаги шароитни Ўзбекистондаги шароит билан таққослаб бўлмайди деб иддао қилиши мумкин. Қайсидир маънода бу эътирозларда жон бор ҳам. Аммо юқорида таъкидлаганимиздек, Ўзбекистон янги даврга қадам қўйди. Бизнинг муаммоларимизни четдан биров келиб ҳал қилиб бермайди. Ҳаммасига эришиш учун ўз имкониятимиз, ўз куч-қувватларимизни ишга солишимиз керак.

Хусусий университет нафақат миллий кадрларни етиштириш, балки турли соҳаларда тадқиқот олиб бориш, изланишлар натижаларини даромад келтирувчи тармоқларга айлантириш, минглаб иш ўринларини яратиш дегани ҳамдир. Энг эътиборлиси, хусусий университетлар фаолияти учун давлат бюджетидан маблағ ажратиш шарт эмас. Барчаси хусусий тадбиркорлар, муассислар, донорлар зиммасида бўлади.

2018 йил февраль
Тошкент—Бостон-Тошкент.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг