Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистондаги 202 та олийгоҳда 1,5 миллион талаба таҳсил олмоқда

Ўзбекистондаги 202 та олийгоҳда 1,5 миллион талаба таҳсил олмоқда

Фото: Xabar.uz

Бугунги мулоқотда таъкидланишича, сўнгги саккиз йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 202 тага, жами талабалар сони 250 мингдан 1,5 миллионга етди.

Олий таълимда «ўқишга киритиб қўйиш» деган ўта салбий иллатга тўлиқ барҳам берилди. Ёшларга олийгоҳларга киришда танлов имконияти оширилди.

Профессор-ўқитувчиларнинг ойлиги салмоқли даражада ошиб, олийгоҳ муаллими бўлиш кўпчиликнинг орзусига айланди.

Кейинги пайтларда аниқ ва табиий фанларга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Яқинда «ToshTech», Бауман университети филиали, Олмалиқ давлат техника институтини очиш бўйича қарорлар имзоланди. Хоразмда Ал-Хоразмий университетига тамал тоши қўйилди. Қолган ҳудудларда ҳам унинг филиаллари бўлади.

Мамлакатимизда ерости бойликларининг улкан захираси мавжуд. Илгари нефт-газ соҳасидаги қидирув ишлари фақат 2,5-3 минг метр чуқурликда олиб бориларди. Бу йил саноатимиз тарихида биринчи марта Устюртда 6,5 минг метр ер қаърини бурғилаб, жуда катта газ захираси топилди.

Янги индустриал давр — «тўртинчи саноат инқилоби»ни амалга ошириш учун дунёда теллур, литий, селен, графит, молибден каби технологик минералларга талаб бир неча карра кўпаймоқда. Таҳлилларга кўра, дунёдаги волфрам, молибден, рух ва титан захираларининг 10-15 фоизи минтақамизга тўғри келади.

«Ушбу улкан ресурсларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириш учун бизга энг аввало илм, билим ва инновация керак», — деди Президент.

Давлат раҳбари изланиб, аниқ натижага эришаётган олимларимизнинг асосий қисмини профессор-ўқитувчилар ташкил этаётганини тилга олди.

Мисол учун, Ирригация университети ўқитувчиси Эъзозбек Озодов ихтиро қилган «Яроқсиз сувларни тозалаш рақамли ускунаси» мавжуд аналогларидан 25 фоиз самарали ишлаши халқаро даражада тан олинди. Ҳозирда бу ускунага АҚШнинг йирик корхоналаридан кўплаб буюртмалар олинган.

Ёки Транспорт университети профессори Зиёда Одилова локомотивлар учун дизель генератори ва электр тортиш моторидан иборат гибрид тизимни ихтиро қилди. «Ўзбекистон темир йўллари» лойиҳани амалиётга жорий қилиш бўйича ишларни бошлаб юборган.

«Кўриб турибсиз, олийгоҳдаги олимларда иқтисодиётимизни ривожлантирадиган зўр-зўр илмий ишланмалар, лойиҳалар бор.

Шунинг учун, илм-фан ва бизнес вакилларини бир-бири билан учраштириб, манфаатли ҳамкорликда ишлайдиган тизим қиламиз. Бундан илм ҳам, бизнес ҳам ютади.

Шу боис, ихтироларнинг тажриба-синов ишлари учун кетадиган харажатларни қоплашга қўшимча 100 миллиард сўм ажратамиз», — деди президент.

Эндиликда ихтирочилар ўртасидаги танловлар олий таълимнинг ҳар бир йўналишида, ўқитувчилар ва талабалар ўртасида ҳам ўтказилиши белгиланди. Ғолибларга 250 миллион сўмгача пул мукофоти берилади.

Республика танловида энг кўп ғолиблари бўлган олийгоҳларга замонавий лаборатория, илмий адабиётлар ва бошқа жиҳозлар учун 1 миллиард сўмдан берилади.

Олий таълимдаги ислоҳотлардан асосий мақсад Ўзбекистонни минтақавий таълим ва илм-фан хабига айлантириш экани таъкидланди.

Масалан, ҳозирда 4 та олийгоҳ дунёдаги ТОП-мингталикка кирган. Яқин йилларда уларнинг сони 10 тага етказилади.

Шу билан бирга, олийгоҳларимизда хорижий ТОП-500 талик университетлар билан ахборот технологиялари, сунъий интеллект, агротехнология, тиббиёт, “яшил” энергетика каби устувор йўналишларда қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, чет элдаги ТОП-100 таликка кирган олийгоҳларнинг филиаллари очилади.

Бу мақсадларга эришиш учун келгуси йилда 10 дан зиёд халқаро ташкилотлар, 500 та нуфузли олийгоҳ ректорлари, 1 мингдан ортиқ халқаро экспертлар иштирокида Марказий Осиё халқаро таълим форуми ўтказилади.

Хорижлик талабалар сони 5 баробарга оширилиб, таълим экспорти 200 миллион долларга етказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг