Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистондаги Coca-Cola заводи арзон нархлангани шубҳа келтириб чиқарди

Ўзбекистондаги Coca-Cola заводи арзон нархлангани шубҳа келтириб чиқарди

Фото: «gokunming.com»

Ўзбекистондаги алькоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (CCIU)нинг 57,118 фоизлик давлат улуши сотувга қўйилганди.

Ушбу корхона Ўзбекистонда 1-рақамли, жаҳоннинг 4 та сифат сертификатини қўлга киритган ягона, барқарор ишлаб чиқаришга эга завод ҳисобланади. Биргина 2019 йилдаги ишлаб чиқаришнинг бозордаги улуши қарийб 47 фоизни ташкил этган бўлиб, бу энг яқин рақобатчисидан 70 фоизга кўплиги айтилади. Компания айнан шу йили 1 триллион 455 миллиард сўм даромад қилган. Бир йиллик соф фойда эса, 270 миллиард сўм. (ДАБА сайтида 207 миллиард сўм қилиб кўрсатилган.)

«rost24.uz» сайти журналисти шундан келиб чиқиб савол қўйди: барқарор ишлаб чиқариш ва катта даромадга эга Ўзбекистондаги 1-рақамли заводни сотиш кимга керак бўлиб қолди?

Мақолада қайд этилишича, Кока-кола компаниясининг савдосида қатнашиш учун ғалати талаблар қўйилган.

«Бундан яққол кўриниб турибдики, ғолиб харидор олдиндан аниқ», — дейилади мақолада.

«Сирли харидор» ким бўлиши мумкин?

«Юқорида қўйилаётган талабларга қараганда, Кока-кола компаниясининг давлат улушини биргина харидор сотиб олиши мумкин. Туркиянинг Coca-Cola İçecek компанияси И.Каримов вафотидан кейин «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖнинг давлат улушини сотиб олиш ҳаракатига тушган эди. 2016-2017 йилларда Кока-кола компаниясини суний банкрот қилиш ишлари бошланган. Ва 2018 йилда сотишга тайёрланаётганда тўхтатиб қолинган эди», деб ёзади журналист.

Coca-Cola İçecek компанияси эса Ўзбекистон Кока-кола заводини сотиб олиш ниятидан қайтмаган. 2020 йил 20 сентябрь куни Молия вазирлигида Европа Тикланиш ва тараққиёт банки, The Coca-Cola Company (АҚШ) ва Coca-Cola İçecek (Туркия) вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтган. Унда «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd.» МЧЖ ҚКга стратегик инвестор жалб этиш масаласи имкониятлари муҳокама қилинди, дея хабар берилган Молия вазирлигининг телеграм каналида. Бунга Европа Тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ёрдам бериши ҳам айтиб ўтилган.

29 октябрь куни Президентимизнинг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ва давлат активларини хусусийлаштириш ҳақида»ги фармони чиқади. Хусусийлаштириладиган давлат корхоналари рўйхатида барқарор ва катта даромад билан ишлаётган Кока-кола компаниясининг номи ҳам қўшилган.

«Кейинги жараёнларга эътибор қилсангиз, биз кутган ва хавотирга сабаб бўладиган ҳодиса бўлди. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров Халқаро пресс-клубнинг 30 декабрь кунги сессиясида «Coca-Cola Bottlers Uzbekistan, Ltd»даги давлат улушини сотиб олиш учун 3 та ариза келиб тушганини айтиб ўтган. Биттаси азалдан харидор бўлиб келган Туркиянинг Coca-Cola İçecek компанияси. Қолган иккитаси ҳужжат учун тиргак қилинганлар бўлса ажаб эмас. Бундай дейишимизга сабаб, харидорлар номи ўта махфий равишда сир сақланмоқда.

Энг хавотирланарлиси шуки, Ж.Қўчқоровнинг айтишича, «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖнинг 57,118 фоиз давлат улушининг энг юқори нархи 70 миллион АҚШ доллари қилиб кўрсатилганидир.

Тошкент, Наманган, Хоразм вилоятларида заводлари ва омборларига эга, шунингдек, Самарқандда қурилиши якунланаётган заводи ҳам мавжуд, йиллик соф фойдаси 270 миллиард сўм бўлган Ўзбекистондаги 1-рақамли корхона бор-йўғи 70 миллион доллар баҳоланишида қандайдир сир бор эмасмикин.

Мисол учун, Тожикистонда қурилган биргина кичкина Кока-кола заводининг ўзига 70 миллион АҚШ доллари сарфланган.

(Шу ўринда Россия билан газ бўйича қилинган савдода Президентимиз ҳам тилга олган 80 миллион АҚШ долларлик “откат” ёдимизга тушаверади.)

Тендерда ютиш эҳтимоли катта бўлган Туркиянинг Coca-Cola İçecek компаниясига қисқача тўхталадиган бўлсак, бу компания The Coca-Cola Company (АҚШ)нинг Марказий Осиёдаги дилери ҳисобланади. Ушбу компания Марказий Осиёда 25 та яхна ичимлик ишлаб чиқарувчи корхонасига эга. У барча хом-ашёни ва этикеткадан тортиб қопқоғигача (сувдан ташқари) Туркиядан олиб келади. Бу эса ҳозирда Ўзбекистондаги Кока-кола компаниясини хом-ашё билан таминловчи ўнлаб корхоналаримизнинг ёпилишига сабаб бўлади. Шунингдек, амалдорларимизнинг бу ҳаркатлари — минглаб маҳаллий аҳолининг ишсиз қолишига «хизмат қилиши» мумкин», — қайд этилади мақолада.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг