Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистоннинг фахрий журналисти Қариялар уйида вафот этди

Ўзбекистоннинг фахрий журналисти Қариялар уйида вафот этди

Рустам Обид

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рустам Обид 72 ёшида Қариялар уйида бу дунёни тарк этди.

Ўзбекистоннинг фахрий журналисти 9 йилдан буён Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида истиқомат қилаётганди.

Рустам Обид 1950 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

У мактабдаёқ, 14 ёшида повесть ёзган ўқувчи сифатида тенгқурлари орасида яхшигина танилди.

«Фан ва турмуш» журналида 1973 йилдан иш бошлади. «Фан ва турмуш» Рустам Обидни илмий журналист, мистика ва сир-синоат, парапсихология илмининг тадқиқотчиси сифатида бутун Ўзбекистонга танитди. Ўзбекистонда саргузашт асарларнинг ва фантаст ёзувчиларнинг кенг миқёсда танилиши ҳам айнан «Фан ва турмуш» журнали, айнан Рустам Обид ҳиссасига тўғри келади.

Журналистнинг ўтган асрда Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган «Оламга саёҳат» кўрсатуви ҳам томошабинлар эътиборини қозонган. Узоқ Шарқ, Владивосток шаҳри, Япон, Баренц денгизлари, Кола яримороли, Шимолий Кавказ, Ставрополь ўлкаси, Кабардин Болқор, Қорачой-Черкес, Шимолий муз океани ва бошқа ҳудудлардан тайёрланган кўрсатувларнинг ҳар бири Рустам Обидни тележурналист сифатида ҳам машҳур қилди.

Серқирра журналист Рустам Обид 2000 йилда «Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист» унвонига сазовор бўлган.

Ўзбекистонда хизмат қилган журналист қандай қилиб Қариялар уйига тушиб қолганди? Маълум қилинишича, оиласи билан келишолмай ажрашганидан сўнг 20 йил кўчада, ижара уйларда яшашига тўғри келган. Сўнг Қорақамишдаги шу пансионатга жойлашган.

«Xabar.uz» фахрий журналистнинг вафоти муносабати билан таъзия билдиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг