«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси бошчилигида «Муборак» газни қайта ишлаш заводида геология-қидирув ишлари муҳокамасига доир сайёр йиғилиш ўтказилди (Фото)
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида геология-қидирув ишларининг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, табиий газ захираси ўсишини таъминлаш ва жойларда қазиб чиқариш борасида қилинаётган ишлар сарҳисобига бағишланган сайёр йиғилиш ўтказилди.
«Муборак» газни қайта ишлаш заводида ташкил қилинган Махсус штабда ўтказилган йиғилишда 2021 йилнинг бошида шу кунга қадар қилинган ҳар бир иш ва режалаштирилган вазифаларни жойида ўрганиш мақсадида ташкил этилган сайёр йиғилишда табиий газ қазиб чиқарилишида унумдорлиги юқори бўлган замонавий геология-қидирув асбоб-ускуналарини тезкор жорий қилиш, илғор техника ва инновацион технологиялар билан таъминлаш ҳисобига геология-қидирув ишларини олиб бориш муҳокама қилинди.
Йиғилишда углеводород хомашё захираларини ошириш бўйича масъул бўлган «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раисининг ўринбосари Қобулжон Тўхтаев, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг бошқарма бошлиғи Одаш Каршиев, «Нефть ва газ илмий-тадқиқот, лойиҳалаш институти» раҳбари Улуғбек Назаров, «Ўзбекгеофизика» АЖ раҳбари Анвар Тошқулов, «Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти» раҳбари Равшанжон Юсупжоновлар иштирок этишди.
Ўрганиш давомида, 2021 йил бошидан буён бажарилган геология-қидирув ишларининг бугунги ҳолати, углеводород захираларини кўпайтириш ишларининг натижалари, бу борада жорий йил якунига қадар белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, геология-қидирув ишларини самарали ташкил этиш ва жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
2021 йилнинг ўтган даври мобайнида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва ривожлантириш ишларига «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ўз вақтида етарли миқдордаги молиявий маблағларнинг йўналтирилиши натижасида 280 кв км 3D сейсмик-қидирув ишлари бажарилди.
Йиғилишда, айнан шунинг натижасида, 13 та янги майдон бурғилаш ишларига киритилгани, 64,5 минг погон метрдан ортиқ бурғилаш ишлари амалга оширилгани, 8 та қудуқ қурилиш билан тугатилгани ва бунинг натижасида 2 та «Ғарбий Қуйи Сургил» (Устюрт региони) ва «Ижобат» (Бухоро-Хива региони) янги конлари очилгани таъкидланди.
Ушбу давр мобайнида углеводород захираларини ўстириш, йилнинг ўтган даврида табиий газ захирасини 2,048 млрд куб метрга (102,4%), суюқ углеводородларни эса 0,265 млн тоннага (265%) ўстирилганлиги қайд этиб ўтилди.
Бошқарув раиси тадбирларни амалга ошириш учун 265,5 млрд сўм миқдоридаги молиявий маблағлар йўналтирилгани, шулардан 254,2 млрд сўмни бурғилаш ишларига, 9,3 млрд сўмни 3D сейсмик-қидирув ишларига ва яна 1,9 млрд сўмни эса илмий-текшириш ишларига сарфланганини маълум қилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан қудуқларни бурғилашни ўз вақтида ташкил қилиш мақсадида, зарур материал-техник ресурсларни сотиб олиш учун қиймати 65 млн долларни ташкил қилган шартномалар тузилиб, керакли жиҳозларни етказиб бериш ишлари бошланди.
Бу борада қилинган ишлар, белгиланган вазифалар борасида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Геология департаменти раҳбари Гулмурод Мавлонов ўз ҳисоботини тақдим қилди.
2021 йилда янги конларни очиш ва захираларни кўпайтириш мақсадида, «Шўртан» ва «Учқир» конлари ҳамда уларнинг атрофидаги ҳудудларда 1370 км кв 3D сейсмик-қидирув ишларини бажариш, Жамият балансидаги 4 та ҳамда Давлат геология қўмитаси томонидан таклиф этилган 15 та, жами бўлиб эса 19 та янги майдонда 170 минг погон метр ҳажмда излов-қидирув бурғилаш ишлари олиб бориш, 50 та излов-қидирув қудуқларини қурилиш билан тугатиш бўйича топшириқ берилди.
Бошқарув раиси томонидан бурғилаш жараёнларини узлуксиз ташкил этиш, тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда, бажарилаётган ишларни ҳар бир ҳудуд кесимида алоҳида ўрганиш натижасида йил якунига қадар 35 млрд куб метр табиий газ ва 900 минг тонна суюқ углеводород захираларини кўпайтириш бўйича бошқармаларнинг бош геологлари ҳамда масъул раҳбарларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Геология-қидирув ишларининг натижадорлиги майдонлардаги бурғилаш дастгоҳларининг етарли даражада моддий-техник ресурслар билан таъминланганлигига боғлиқ эканлиги сабаб, бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган тадбирлар танқидий муҳокама қилинди ҳамда бу борада тегишли кўрсатмалар берилди.
«Ўзнефтгазбурғилаш ишлари» корхонаси раҳбари Улфат Амоновга бурғилаш ишлари бўйича мавжуд камчиликларни қисқа вақтда бартараф этиш, кечиктириб бўлмас чораларни кўриш кераклиги айтилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бурғилаш ишларини мувофиқлаштириш департаменти Элёр Маматовга бурғилаш ишларини тез ва сифатли бажарилиши бўйича доимий мониторинг ўтказиш, аниқланган камчиликлар бўйича Бошқарув раисига ахборот киритиб бориш ҳамда муаммоларнинг бартараф этилиши учун барча имкониятлардан фойдаланиш кераклиги белгилаб берилди.
Таъкидлаш керакки, геология-қидирув ишлари доирасидаги бурғилаш ва бошқа зарур ишларни бажаришга 10 га яқин бурғилаш, геофизика ва илмий-тадқиқот ишларига ихтисослашган корхоналар пудратчи сифатида жалб этилди.
Ўрганишлар давомида геология-қидирув ишларини жадаллаштириш борасида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ва бунинг натижасида амалга оширилган ишлар ҳолати ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Шунингдек, «Ўзбекгеофизика» АЖ ва «Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти» давлат корхоналари томонидан буюртма асосида бажарилаётган ишлар ва тадқиқотларнинг самарадорлиги масалалари таҳлил қилинди.
«Ўзбекгеофизика» АЖ ва «Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти» томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ маблағлари ҳисобига бажарилаётган ишларга замонавий геофизик ускуналар ва энг янги технологиялардан фойдаланган ҳолда нефть ва газ соҳасида кенг кўламли қидирув ишларини амалга ошириш кераклиги таъкидланди.
Бу борада «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан геология-қидирув ишлари дастури доирасида 40 дан ортиқ шартномалар молиялаштирилаётганлиги ушбу ишларни бажариш учун мустаҳкам замин яратиши билдирилди.
Ўз навбатида, дастурий комплексларни қўллаш орқали уларни замонавий талабларга мос ҳолда амалга оширишни бошлаш зарурлиги қайд этилди.
Сўнгги йилларда янги конларни очишни илмий асослаш ва геология-қидирув ишларининг янги йўналишларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар етарли даражада пухта бажарилмаётганлиги ва бу ишларга янгича ёндашиш зарурлиги, захираларни ҳисоблаш ишларидаги бир қатор камчиликларни бартараф этиш лозимлиги, излов бурғилаш ишларини лойиҳалаштириш ишларини замонавий даражада қайта ташкил этиш талаб этаётганлиги, шунингдек, 3D сейсмик-қидирув ишларини бажаришни янги босқичга кўтаришга келишилди.
Бошқарув раиси томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ Конларни ишлатиш департаменти раҳбари Сирожиддин Маллаев ва Шўртан, Устюрт, Газли, Водий, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари Бош геологларига геология-қидирув ишлари натижасида очилган янги конлар ва маҳсулот олинган қудуқларни қисқа муддатларда ишлаб чиқаришга жалб қилиш, бу орқали табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, жойларда олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигига эришиш, ишларни жадаллаштириш вазифаси топширилди.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» томонидан ҳафта давомида Қашқадарё вилояти ҳудудида жойлашган табиий газ конлари ва қудуқларида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги ўрганилади.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter