Пиёда юриш – инсон учун энг яхши даво воситаси

Саломатлик инсоннинг жисмоний ва маънавий уйғунлигидир. Ижодий режаларни юзага чиқарувчи ва меҳнат унумдорлигини оширувчи,оила ва жамият бағрида аҳил ва бахтли яшаш имконини берувчи улуғ неъматдир.
Меъёрдаги иш шароити, соғлом ва тинч-тотув турмуш асаб тизимининг барвақт ишдан чиқиб қолишидан, қаттиқ чарчашдан сақлайди, умрнинг сермазмун бўлишига ёрдам беради. Инсон бахтининг ўндан тўққиз улуши соғлиққа боғлиқлиги, унинг борлиқ билан уйғунлиги, яъни, тўрт унсур – ер, сув, қуёш ва ҳавога муносабатларини соғлиққа таъсири ҳақида сўзламоқ мақсадга мувофиқ.
Ҳозирги урбанизация даврида камҳаракатлилик барча мамлакатларда аҳолининг ўткир муаммосига айланди. Инсонлардаги диққат-эътиборни жамлашнинг секинлашиши, депрессия ва стресс аломатлари, турли касалликларга тез чалинувчанлик, бош оғриғи, уйқучанлик, хотиранинг пасайиши, сабабсиз чарчаш ҳисси, вазн ортиши буларнинг асосий оқибатларидир. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Аммо бу муаммолар мажмуасига кўпроқ пиёда юришни одат қилиш орқали яхшигина зарба берса бўлади.
Албатта, соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни фаол ҳаракатга чақириб, мунтазам равишда юриш марофонларини ташкил қилиб бормоқда. Аслида ҳам юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайи, энг фойдалиси ҳисобланади. Юриш организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатади, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқималарини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиради, руҳий тетиклик бағишлайди.
Пиёда юришнинг фойдаси ҳақида олимлар ва хорижий экспертлар фикрларини Гиппократдан бошлаш мумкин, у ўз даврида «Пиёда юриш – инсон учун энг яхши даво воситаси» деб айтган.
Пиёда юришни кунлик одатга айлантиришни бошлаш учун қўл телефонингизга махсус дастурни созлаган ҳолда юрак уриш тезлигини, сарфланган калорияларни, босиб ўтилган қадамлар ҳисобини билишингизмумкин.Шунчаки, қулай пойабзал, бир идишда сув ва ўзингиз ёқтирган яхши мусиқани тинглашингиз ёки самимий суҳбатдош билан ҳамроҳ бўлишингиз бу машғулотни янада ёқимли қилади.
Машғулотни бошлаганда чуқурроқ нафас олишга интилинг ва юраётган пайтингизда бемалол гапира олишингизга ҳамда нафас равонлиги билан қадамингиз ҳамоҳанг бўлишига эътибор қаратинг.
Эрталаб, овқатлангандан сўнг ишга кетадиган пайт пиёда юриш жуда ҳам фойдали. Бу вақтда ҳаво мусаффо – тоза бўлади. Кечки овқатдан сўнг ҳам киши 30-40 дақиқа пиёда юриши енгил ухлашига ва организм саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Очиқ ҳавода юриш жараёнида одам истаса-истамаса узоқларга тикилиб табиат манзаларини томоша қилиши ортидан қон айланиши тизимлари яхшиланиб, кўриш қобилияти ошишига, ақлий фаоллик ортиб, кислород билан тўйинган организмда гармонлар ишлаб чиқилиши яхшиланишига олиб келади.
Шу боис ишдан чарчаб чиққанингиздан кейин ҳам иложи бўлса, транспортга шошилманг. Йўлнинг бир қисмини пиёда босиб ўтинг. Асабий иш кунининг «юк»ларидан халос бўлмоқчи бўлсангиз, унда ҳар куни бир неча ўн дақиқа пиёда юришга ҳаракат қилинг.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ва хорижий экспертларнинг мантиғига таянадиган бўлсак, «пиёда юриш – бу секин югуриш»дир. Бу бироз кулгили эшитилиши мумкин, лекин жисмоний машқлар самараси уч омилга боғлиқ экан: интенсивлик, давомийлик ва машқларнинг умумий частотаси.
Нуфузли «American Heart Association» ва «American College of Sports Medicine ташкилотлари ҳар бир инсонга кунига 30 дақиқадан кам бўлмаган вақт пиёда юришни тавсия қилишади.
Америкалик олимлар 45 дақиқа давомида пиёда юриш шамоллашни осон енгишга, юрганимизда вируслар ва микроблар таслим бўлишига ва чекишни ташлашни истаганлар ҳам хумор тутганда 20 дақиқа пиёда юрсалар бу хоҳиш айни шу дақиқаларда ўз-ўзидан йўқолишини ҳам тасдиқлашди.
Афсуски, пиёда юриш тана учун энг табиий жисмоний жараён ҳисобланиб, саломатлик учун эса кони фойда бўлса-да, айрим инсонлар бу машғулот билан шуғулланишга ҳам эриниб қолишгани ғоят ачинарлидир. Инсоният камроқ юриш учун тараққиётнинг қандай ютуқларини ўйлаб топмади дейсиз. Эндиликда автомобиль, эскалатор, лифт, велосипед, сигвей, электросамакат каби тайёр «дастёр»лардан фойдаланишни афзал кўрамиз.
Бугунги кунда спорт заллари ва фитнес клублари жуда кўп. Албатта, уларга қатнаш ҳам вақт, ҳам маблағ талаб қилади. Пиёда юриш эса беминнат ва самарали дастёрдир.
Йўл-йўлакай янги режаларни тузишингиз, ота-онангиз, қариндошлар ва дўстларингиздан ҳабар олишингиз, дўконлардан харидларингизни амалга оширишингиз ҳам мумкин.
Табиат яратган мўъжизалардан чинакам баҳра олиш учун инсон соғлом, бақувват ҳамда зукко бўлмоғи даркор. Соғлом инсонгина жисмонан мустақил бўлади, ўз мақсади сари дадил ва эркин ҳаракат қила олади.
Шу сабабли имкон қадар кўпроқ пиёда юринг.
Мадина ЗУФАРОВА,
талаба
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter