Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Покистон-Афғонистон: вазият «очиқ уруш» босқичига ўтмоқда

Покистон-Афғонистон: вазият «очиқ уруш» босқичига ўтмоқда

Покистон қўшинлари тун давомида Афғонистоннинг йирик шаҳарлари — Кобул ва Қандаҳорда Толибон ҳукуматига тегишли ҳарбий объектларга ҳаво зарбалари берди. Бу Исломободнинг аввалги иттифоқчиси ҳисобланган Толибонга қарши илк тўғридан-тўғри ҳужуми сифатида баҳоланмоқда. Покистон расмийлари вазиятни «очиқ уруш» деб атади.

Покистон хавфсизлик манбаларига кўра, зарбалар «ер–ҳаво» туридаги ракеталар орқали Толибоннинг Кобул, Қандаҳор ва Пактия вилоятидаги ҳарбий идоралари ва позицияларига йўналтирилган. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги чегара бўйлаб бир нечта секторда ер усти тўқнашувлари ҳам кузатилган.

Толибон ҳаракати эса Покистон ҳарбий иншоотларига «жавоб зарбалари» берганини маълум қилди. Ҳар икки томон катта йўқотишлар ҳақида хабар бермоқда, аммо келтирилган рақамлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Покистон мудофаа вазири Хаважа Муҳаммад Асиф: «Сабр косамиз тўлди. Энди бу сиз билан (Афғонистон) орамизда очиқ уруш», – деб баёнот берди.

2,6 минг километрли чегара бўйлаб вазият кескинлашмоқда. Кобул ва Исломобод ўртасидаги муносабатлар Покистоннинг Афғонистонни чегара ортидан ҳужумлар уюштирувчи жангари гуруҳларга бошпана бераётганликда айблаши ортидан узоқ вақтдан бери таранг эди. Толибон бу айбловларни рад этиб, Покистон хавфсизлиги «ички муаммо» эканини таъкидлаб келган.

Покистон ядровий қуролга эга давлат бўлиб, унинг ҳарбий салоҳияти Афғонистонникидан анча устун. Бироқ Толибон кўп йиллик уруш тажрибасига эга партизан усулларида жанг олиб боришда моҳир ҳисобланади. Улар 2021 йилда АҚШ бошчилигидаги кучлар мамлакатни тарк этгач, ҳокимиятга қайтган эди.

Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистон Кобул, Қандаҳор ва Пактиянинг айрим ҳудудларига ҳаво зарбалари берганини тасдиқлади, аммо батафсил маълумот тақдим этмади.

Дипломатик манбаларга кўра, Россия, Хитой, Туркия ва Саудия Арабистони можарони бартараф этиш учун воситачилик қилишга ҳаракат қилмоқда.

Шунингдек, Эрон ҳам икки қўшни давлат ўртасидаги вазиятни юмшатишга кўмак беришга тайёр эканини билдирган. Теҳроннинг ушбу таклифи унинг Вашингтон билан ядровий низо бўйича муҳим музокаралар олиб бораётган паллада янграгани қайд этилмоқда.

Ҳозирча вазиятнинг қандай ривожланиши ноаниқ. Бироқ кузатувчилар икки ядровий қудратга яқин ҳудудда кенг кўламли можаро бошланиши эҳтимоли минтақада барқарорликка жиддий таҳдид солишини таъкидламоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг