Президент фармони: ТИВ фаолиятида бир қатор жиддий муаммолар мавжуд
Бугун, 5 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.
Фармонда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий йўлнинг самарали давом эттирилиши мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни ва демократик ўзгаришларни муваффақиятли рўёбга чиқаришда, халқаро майдонда мамлакат нуфузини мустаҳкамлашда ва аҳоли фаровонлигининг ошишини таъминлашда энг муҳим омил ҳисобланиши алоҳида таъкидланади. Очиқ ташқи сиёсатнинг фаоллашуви натижасида хорижий мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашда салмоқли натижаларга эришилгани, Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар сезиларли даражада кенгайгани, халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорлик ва хориждаги ватандошларимиз билан мулоқот ўрнатилгани, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар ҳал этилаётгани эътироф этилади.
Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ишларнинг амалдаги ҳолатини таҳлил қилиш, биринчи навбатда, давлатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасида қўйилган вазифаларни самарали бажаришга тўсқинлик қилаётган бир қатор жиддий муаммолар мавжудлигидан далолат бераётгани қайд этилиб, ушбу муаммолардан асосийлари санаб ўталади:
биринчидан, амалдаги норматив-ҳуқуқий база дипломатик хизматнинг барча масалаларини тўлиқ тартибга солмайди, тўпланган ҳуқуқий ва амалий тажрибани тўлиқ акс эттирмайди, шунингдек, замон талабларига мос келмайди;
иккинчидан, ташқи сиёсат идорасининг ташкилий-штат тузилмаси ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий соҳалардаги стратегик вазифаларни ҳал этиш учун мавжуд ресурсларни самарали сафарбар қилишга йўналтирилмаган;
учинчидан, давлат органларининг Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигининг, шунингдек, хорижий шериклар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича самарали ва мувофиқлаштирилган ишларни олиб боришнинг аниқ белгиланган механизмлари мавжуд эмас;
тўртинчидан, ташқи сиёсат идорасининг ишлари ахборот-таҳлилий жиҳатдан тўлиқ қўллаб-қувватланмаяпти ва режалаштирилмаяпти, ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари бўйича ишлаб чиқилаётган таклифлар мамлакат ташқи иқтисодий манфаатларини ифодалаш масалаларини ҳисобга олмаяпти;
бешинчидан, мамлакатдаги кенг кўламли ўзгаришлар ва республиканинг халқаро ташаббуслари ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилиш ишлари суст ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг ижобий имиджини яратиш ва халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш вазифалари самарали бажарилишига тўсқинлик қилмоқда;
олтинчидан, консуллик муассасалари фаолиятида кўрсатилаётган давлат хизматларининг тезкорлик ва сифат даражаси, Ўзбекистоннинг хориждаги жисмоний ва юридик шахслари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, оғир шароитга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатиш даражаси қониқарсиз ҳолда қолмоқда;
еттинчидан, хориждаги ватандошларимиз билан тизимли мулоқот йўлга қўйилмаган, республикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар лойиҳа ҳамда дастурларни амалга оширишда уларнинг салоҳиятидан фойдаланилмаяпти;
саккизинчидан, кадрлар сиёсатининг самарасизлиги, шунингдек, ташқи сиёсий идора ходимларининг моддий рағбатлантирилиши ва ижтимоий ҳимояланишининг паст даражада эканлиги юқори малакали дипломатик таркибни шакллантириш имкониятларини сезиларли даражада чекламоқда, дипломатик хизматнинг обрўсини туширмоқда ва малакали мутахассисларнинг соҳани тарк этишига сабаб бўлмоқда;
тўққизинчидан, илғор ахборот-коммуникация технологияларининг етарли даражада жорий этилмаслиги устувор вазифаларни ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда, тезкор ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий муносабат билдиришни, шунингдек, «рақамли дипломатия» воситаларини ривожлантириш имконини бермаяпти.
Фармонда ушбу муаммоларни бартараф этиш ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида вазирлик тизимини ислоҳ этишнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилган, вазирлик тузилмасида ташкил этиладиган янги бошқарма ва бўлимлар санаб ўтилган, амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар кўрсатилган.
Мазкур ҳужжатнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби В.Маҳмудов, Президент Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.Мавлонов ва Ташқи ишлар вазири А.Комилов зиммасига юклатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter