Президент кутилмаганда «тайёрланмаган» маҳаллага борди (фото)
Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Сархумдон маҳалласига борди.
Давлат раҳбарининг матбуот хизматига кўра, яқинда бу ерда янги Маҳалла гузари қурилган. Савдо ва маиший хизмат шохобчалари, болалар ўйингоҳи, ҳарбий ватанпарварлик майдончаси ташкил этилган.
Маҳаллада 6 минг 500 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Бу ерда 45 та кўп қаватли уй, мактабгача таълим муассасаси ва хусусий мактаб бор. Ўндан ортиқ кичик бизнес корхонасида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда.
Президентимиз маҳалладаги шароитларни кўрди. Ҳарбий ватанпарварлик майдончаси билан танишув чоғида бу ерга аскар ва спортчиларни жалб этиб, ёшларни миллий ғурур ва мардлик руҳида тарбиялаш юзасидан тавсиялар берилди.
Маҳаллада «Яшил макон» лойиҳаси доирасида кўчатлар экилиб, мўъжаз боғ барпо этилган. Шавкат Мирзиёев маҳалла оқсоқоллари билан бирга ушбу боққа кўчатлар ўтқазди. Нуронийлар юртимизга ҳамиша тинчлик, халқимиз фаровонлик тилаб дуо қилди.
Давлатимиз раҳбари кутилмаганда Гулобод маҳалласига ҳам ўтиб, мавжуд ҳолатни кўздан кечирди, одамлар билан суҳбатлашди.
93 ёшли Анвархўжа ота Президентимизни дуо қилди. Маҳалладаги ўзгаришларни таъкидлаб, оталар чойхонаси қуриб беришни сўради. Шавкат Мирзиёев бу таклифни қўллаб-қувватлаб, отахонга мустаҳкам соғлик тилади.
Гулобод маҳалласида Шайхонтоҳур тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 41-умумтаълим мактаби жойлашган. Президентимиз мазкур мактабларни ҳам кириб кўрди, ўқитувчилар билан гаплашди.
— Кўраяпсизлар, таълим билан муаллимга шароит яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Бугун бу ерга келиб, ўзимга кўп хулоса қилдим. Бу мактаб биносини ҳам янгилаймиз. Фанлар учун, спорт учун яхши шароитлар бўлади. Бугун бир тарихий кун бўлиб қолади, — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари маҳаллалар аҳолиси билан мулоқот қилди.
Аввалроқ ушбу ташриф бўйича қисқа видео тақдим этилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter