Президент Намангандаги халқаро форумда сўзга чиқди

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар иштирокидаги «Камбағалликдан фаровонлик сари» халқаро форумининг очилишида нутқ сўзламоқда.
Ўзбекистон раҳбари мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича учинчи бор ўтказилаётган халқаро анжуман иштирокчиларини самимий қутлади. Тадбирда иштирок этаётган Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал-Жассир, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Инмин Янг, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги бош вице-президенти Сачико Имото; Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе, Жаҳон банкининг камбағалликни қисқартириш бўйича глобал директори Луис Фелипе Лопез-Калва ва барча меҳмонларга миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев инсоният оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган ўта кескин ва мураккаб даврни бошидан кечираётганини қайд этди. Дунёда геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий беқарорлик тобора ортиб бормоқда. Ер юзида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги ва пандемиялар туфайли оғир ва машаққатли синовлар пайдо бўлмоқда.
2015 йилдан буён глобал иқтисодий ўсиш суръати ўртача 3 фоизни ташкил этиб, олдинги ўн йилликка нисбатан секинлашди. Оқибатда, агар беш йил олдин дунёда 650 миллион аҳоли камбағалликда яшаган бўлса, бугун уларнинг сони 800 миллиондан ошди.
«Бу ҳолат барча давлатлар, халқаро ташкилотлар, умуман, дунё ҳамжамияти олдига янги ва долзарб вазифаларни қўйиб, уларга ечим топиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда», — Президент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter