Наманган ҳокими президент танқид қилган маҳаллада контейнерда яшашини маълум қилди
Наманган вилояти ҳокими бугундан бошлаб Наманган шаҳридаги «Бунёдкор» маҳалласида истиқомат қилишини билдирди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.
Шавкат Абдураззоқов бу ҳақда маҳалла аҳолиси билан учрашуви давомида маълум қилган.
«Ҳар куни шу ерда, сизларга қўшни бўламан. Уйим маҳалла идорасининг рўпарасида жойлашади. Бугун шу ерга контейнер ўрнатилади ва унга «вилоят ҳокимининг уйи» деб ёзиб қўйилади. Бу ердаги ҳолатни ўнглаб, кейин бошқа ҳолати оғир ҳудудга ўтамиз», — деди Шавкат Абдураззоқов.
Бугун эрта тонгдан ушбу маҳаллага юзлаб ишчи-ходим ва ҳашарчилар жалб этилган. Шаҳарнинг чекка ҳудудида ерларни текислаш, электр тармоқлари тортиш, ободонлаштириш ишлари бошланди. Узоқ йиллар давомида фойдаланишда бўлган чиқиндихона ёпилиб, маҳалла идораси қайтадан қурилади.
Маҳаллага тоза ичимлик суви келтирилади.
«Бу ерда 3 гектар жойда кичик саноат зонаси ташкил этамиз ва камида 10 та корхона очамиз. Бунинг ортидан 12 минг киши яшайдиган маҳаллада 1000 нафар одам ишли бўлади», — деди вилоят ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни «Бунёдкор» маҳалласида бўлган ва ичимлик суви йўқ, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмаган ҳудуддаги аҳвол учун шаҳар ҳокими ва прокурорига танбеҳ берганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter