Президент қорақалпоғистонлик ёшлар билан учрашди
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги Жузимбағ маҳалласида бўлди.
Бу ерда 4 минг 300 нафарга яқин аҳоли яшайди. Учта мактаб, олтита боғча, етмишдан ортиқ тадбиркорлик субъектида аҳоли доимий иш билан банд.
Чорвачилик ва деҳқончиликка ихтисослашган бу ҳудудда 990 та хонадоннинг томорқаси бор. Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллий имкониятлар ишга солинмоқда. Хусусан, деҳқончилик учун 174 нафар фуқарога 128 гектардан ортиқ ер узоқ муддатга ажратилган. Улар деҳқончилик қилиб, рўзғор учун қўшимча даромад қилмоқда. Иссиқхона ташкил этиб, йилига икки марта ҳосил олишни йўлга қўяётган оилалар сони кўпаймоқда.
Маҳаллада “Оrol Agro” корхонаси томонидан “Ёшлар узум боғи” ташкил этилган. Унда 40 кишига ўртача 25 сотихдан ер ажратиб берилган.
Воиш усулида парвариш қилинаётган бу токзорнинг қатор ораларидан ҳам омилкорлик билан фойдаланилмоқда. Турли сабзавотлар етиштирилиб, 400 тоннагача маҳсулот олинмоқда. Токлар тўлиқ ҳосилга кириши билан йилига қиймати 4 миллиард сўмлик 200 тоннага яқин маҳсулот олиниши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари шу ерда деҳқончилик қилаётган йигит-қизлар билан суҳбатлашди.
Улар сўнгги йиллардаги имкониятлардан фойдаланиб, деҳқончилик учун ер олгани, полиз экинлари ва кўкатлар етиштириб, даромад топаётганини айтди. Режа ва ниятлари ҳақида гапирди.
- Сизларни ишли бўлганингизни, кўзингиздаги ишончни кўриб, хурсанд бўлдим. Ўзи менинг энг катта мақсадим шу - халқимни рози қилиш, бахтли кўриш. Қилаётган ишларимиз тўғри, фақат уни кенгайтиришимиз керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ёшларнинг таклифлари асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун совуткичли омбор қуриш, эҳтиёжманд йигит-қизларнинг тўйлари ва шартнома тўловларига кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter