Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Прокуратура Олмазор тумани ҳокими ўринбосарини сувдан қуруқ чиқардими?

Прокуратура Олмазор тумани ҳокими ўринбосарини сувдан қуруқ чиқардими?

Фото: «Kun.uz»

Шу йилнинг 14 август куни «Kun.uz» сайти журналистлари Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Абдуваҳобовнинг тажовузига учрагани ҳақида хабар берилганди.

Яъники, ҳоким ўринбосари ва журналистлар ўртасида юзага келган тушунмовчилик (жуда юмшоқ айтганда, албатта) натижасида амалдор тажовузона ҳаракатлари билан таҳририят мулки бўлган техника воситасига (штатив) шикаст етказади. 

Мазкур воқелик ижтимоий тармоқда яхшигина шов-шув келтириб чиқариб, ҳолат прокуратура томонидан ўрганилаётган бир пайтда туман ҳокими ўринбосари, таъбир жоиз бўлса, яна бир марта қовун туширади. У Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан уюштирилган видео-суҳбатда ҳолатга изоҳ берар экан, гўёки «Kun.uz» сайти ходими ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф қилгани ҳақидаги даъвони илгари суради. Ушбу суҳбат ҳам тармоқларда тарқалгач, журналист  ўзига нисбатан оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилгани учун А. Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали Бош прокуратурага шикоят йўллайди. 

Воқеликнинг мухтасар баёни шу.

Бугун, ниҳоят, «Kun.uz» сайти ушбу ҳолатни ўрганган Тошкент шаҳар прокуратурасининг хулосаси ва унга нисбатан ўз муносабатини эълон қилди. 

Прокуратурага кўра, Олмазор тумани ҳоким ўринбосарининг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари топилмабди?! Натижада, ҳоким ўринбосари А. Ваҳобовга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинибди! Жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорда «...Олмазор туман ҳокимлиги томонидан ҳоким ўринбосари А.Ваҳобовнинг хатти-ҳаракатлари қонунийлиги юзасидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасига кўра, у касб этикаси ва хизмат лавозими мажбуриятларига тўлиқ риоя қилгани» таъкидланади.

Албатта, прокуратуранинг бундай хулосаси қатор-қатор саволлар туғдирмай қолмади. Масалан, хизмат вазифасини бажараётган журналистларга тажовуз қилиб, унинг иш қуролини синдирган амалдорнинг «касб этикаси ва хизмат лавозими мажбуриятларига тўлиқ риоя қилган» деб топилиши тасаввурга сиғадими? Бошқа гап ортиқча.

Иккинчидан, сайт муносабатида тўғри таъкид этилганидек, прокуратура хулосасида А.Ваҳобов журналистни очиқдан очиқ оғир жиноят — тамагарликда айблагани хусусида лом-лим дейилмабди. Ваҳоланки, амалдорнинг бу айбловини туҳмат деб билган журналист унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, ўз вақтида Бош прокуратурага мурожаат этганди. Бу прокуратура ходимининг шунчаки эътиборсизлигими ёки «оғзи қийшиқ бўлса ҳам амалдор гапирсин» ҳикматининг амалдаги ифодасими?

Юқоридаги каби саволлар пайдо бўлишининг ўзи прокуратура хулосасига нисбатан асосли эътирозлар уйғотмаяптими?

Эслатиб ўтамиз, мазкур воқеалар шов-шуви жараёнида «Xabar.uz» ўз суриштирувни ўтказиб, Олмазор туман ҳокими ўринбосари А. Ваҳобов икки бор суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортилганини аниқлаб, «Журналистларга тажовуз қилган ҳоким ўринбосарининг «янги қирралари» очилди» сарлаввҳали мақола эълон қилганди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг