Путинга олиб борувчи 40 миллион долларлик маxфий битим
Сиздирилган ҳужжатларга кўра, олигарх Роман Абрамович Президент Путиннинг «чўнтаги» сифатида кўрилган икки одам билан ҳамкорлик қилган. «Челси» футбол клубининг собиқ эгаси бўлмиш олигарх Британия ва Европа Иттифоқи санкциясига тушган, аммо ўзининг Россия раҳбари билан молиявий алоқаси борлигини рад қилган эди.
Ҳозир Кипрдан сизган ҳужжатлар уни 2010 йили тузилган 40 миллион долларлик маxфий битимга боғламоқда. Абрамович BBC’нинг бу борадаги сўровини жавобсиз қолдиргани айтилмоқда.
Маxфий битимда юқори даромадли Россия реклама компанияси – «Video International» Абрамовичга тегишли компаниядан жуда арзонга Путинга яқин икки шахсга ўтказилгани қайд этилган. Улар бунинг учун миллионлаб доллар дивидент олишган.
Халқаро Суриштирувчи журналистлар консорциуми ва «Paper Trail Media» ўтгазган «Cyprus Confidential» глобал суриштирувининг бир қисми сифатида «BBC Newsnight», «BBC Verify» ва «Panorama Bureau of Investigative Journalism» билан ҳамкорликда ишлаган.
Маxфий ёзувлар кўрсатишича, битим томонларидан бири Сергей Ролдугин Россия президентининг яқин дўстидир. Виоланчел чолғучиси бўлган Ролдугин Петербург Мусиқа уйи бадиий раҳбаридир. Путин билан ёшликдан таниш мусиқачи Россия президентини Людмила Шкребнева билан таништирган. Қолаверса, Ролдугин Володя ва Людмиланинг биринчи қизи Марияга чўқинтирган ота ҳамдир.
Битимга алоқадор иккинчи шахс эса Путиннинг яқин сафдоши, биокимёгардан бизнесменга айланган Александр Плехов. У ҳам Санкт-Петербургдан. Ролдугин ҳам, Плехов ҳам Путиннинг «чўнтаги» экани айтилади, яъни унинг номидан пул ва активларга эгалик қилишади.
Шу йил бошларида Швейцария прокурорлари бу икки шахс шунчаки қўғирчоқ экани, «Video International» битими билан боғлиқ банк ҳисобларининг ҳақиқий эгалари эмаслигини айтган эди. Суд банк ҳисобларининг ҳақиқий эгаси сифатида ҳеч кимни кўрсатмаганди.
Президент Путиннинг 2021 йилдаги маоши 100 000 доллардан сал кўпроқ эди. Бироқ, унинг бойлиги 125 миллиард доллардан 200 миллиард долларгача бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар бор, фақат улар ширкатлар тармоғида ва дўстларининг ҳисобларида яширинган.
Плеховга Буюк Британия ҳукумати, Ролдугинга эса Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳам санкция қўйган, ушбу мамлакат мусиқачини «президент Путиннинг офшор бойликлари сақловчиси» деб аташган.
Кипр билан алоқа
«Cyprus Confidential» суриштируви Кипрда оффшор хизматлар кўрсатувчи компанияларнинг 3,6 миллион махфий корпоратив ёзувларига асосланади. Суриштирувда ушбу компанияларнинг Россия билан ва санкцияланган олигархлар билан муносабатларига диққат қаратилган бўлиб, уларнинг аксарияти оролдан ўз махфий офшор активларини бошқариш учун фойдаланган.
Буларга Кипрда жойлашган «MeritServus» корпоратив хизматлар провайдеридан олинган ҳужжатлар киради. Улар дастлаб «Distributed Denial of Secrets» номли фош қилувчи гуруҳ томонидан қўлга киритилган. «MeritServus»нинг ўзи шу йил бошида Буюк Британия санкциясига тушди, чунки ички ҳужжатлар компания санкциялар талабларини бузганини кўрсатган.
«MeritServus» Абрамовичнинг Кипрдаги компаниялари билан ҳам ишлаган. Олигарх 9 миллиард доллардан ортиқ бойликка эга, спорт, санъат ва ҳашаматли кўчмас мулкларга кўплаб инвестициялар қилган. У 2003 йилда Лондоннинг «Челси» футбол клубини сотиб олиб, Буюк Британиядаги энг машҳур ва нуфузли рус олигархларидан бирига айланганди.
У президент Путин билан муносабатларини камайтириб кўрсатади ва яқин молиявий муносабатлар ёки у Россия раҳбари номидан иш тутаётгани ҳақидаги тахминларни рад қилади. 2010 йилда Абрамовичнинг матбуот котиби унинг «Бош вазир Путин билан ҳеч қандай молиявий алоқаси йўқлигини» айтганди.
2021 йилда эса у журналист Кэтрин Белтонни унинг «Путиннинг одамлари» китобида Абрамович 2003 йилда президент Путин топшириғи билан «Челси» футбол клубини сотиб олгани ҳақидаги парча учун судга берган. Ноширнинг «позицияни аниқроқ баён этиш» ва «Абрамовичнинг клубни сотиб олиш сабабларини батафсилроқ тушунтириш»га розилиги туфайли иш суддан ташқарида ҳал қилинди.
2022 йил мартида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Абрамовичга санкциялар қўллаган эди. Европа Иттифоқи россиялик олигарх президент Путин билан учрашиш ҳуқуқига эга эди ва у билан жуда яхши муносабатда, Россия раҳбари билан алоқаси унга катта бойлигини сақлаб қолишга ёрдам берган деб ҳисоблайди.
Шу йил бошида Абрамович судда Европа Иттифоқи санкцияларига қарши чиққан эди. Унинг адвокатининг айтишича, санкциялар россиялик тадбиркорнинг «машҳурлиги» билан боғлиқ ва «далилларга асосланмаган». Аммо Ролдугин ва Плехов билан тузилган махфий келишув Абрамович ва президент Путин ўртасида яқин молиявий муносабатлар мавжудлигига далолат қилади.
Қироллик Бирлашган хизматлар институти қошидаги Молиявий жиноятлар ва хавфсизлик тадқиқотлари маркази директори Том Китингга кўра, «бу иш Путин ва Абрамович ўртасидаги тахминий алоқани яна бир бор тасдиқлайди».
Битим
Кипр ва Британия Виржиния оролларидаги компаниялар тармоғи ҳамда траст футбол магнатининг келишувга алоқадорлигини яшириб келган. Сиздирилган ҳужжатлар «Челси» собиқ эгасининг 2003 йилда «Video International»даги 25 фоиз улушини сотиб олган икки компания билан алоқаларини кўрсатади.
Икки компания – «Finoto Holdings» ва «Grosora Holdings» – 2003 йил бошида ташкил этилган. Охир оқибат, иккаласи ҳам бир қатор бошқа компаниялар орқали «Sara Trust Settlement»га тегишли бўлиб, Абрамович ундан фойда олган. Ҳар бир компания 2003 йил сентябрь ойида Россия реклама гигантининг 12,5 фоиз улушини бир хил нархга сотиб олганди – ҳар бир акция нархи тахминан 130 000 доллардан.
Путиннинг собиқ энергетика вазири ва ҳозир фаол мухолифат етакчиси Владимир Милов тўланган нархни «кулгили» деб атаб, «аслида бу улуш ҳар жиҳатдан анча қиммат» бўлганини таъкидлаган. Харид пайтида «Video International» Россия каналларидаги реклама бозорида устун мавқега эга эди. Миловнинг айтишича, компания «Кремль маъмуриятидан ярим қадам узоқда» эди.
Абрамович кейинги етти йил давомида «Video International»да улушга эга эди. Бир гал компания «2 миллиард доллардан кўпроқ» айланмаси борлигини даъво қилганди. Бу даврда «Finoto ва Grosora»га 30 миллион доллар миқдорида дивидендлар тўланган. «Video International» 2010 йилда 3 миллиард доллар даромад олгани ҳақида хабар берди. Бироқ, «Finoto» ва «Grosora» ўша йили улушини атиги 20 миллион долларга сотди, бу бозор қийматидан паст эди.
«Finoto Holdings» ўз улушини номинал равишда Сергей Ролдугинга тегишли бўлган «Med Media Network» компаниясига сотди. «Finoto Holdings» сотилган куни, Абрамовичга алоқадор яна бир компания «Grosora Holdings» ўзининг 12,5 фоиз улушини «Namiral Trading Ltd»га сотди. Кейинчалик бу компанияни Александр Плехов билан боғлашди.
Путиннинг «чўнтаклари»
Президент Путин ва Ролдугин ўртасидаги молиявий алоқалар 2016 йилда Панама ҳужжатларида фош қилинган. Ўшанда Панаманинг «Mossack Fonseca» юридик фирмасидан миллионлаб маxфий ҳужжатлар чиқиб кетган эди.
Ролдугин ва Плехов иккиси Россия банки ва президент Путиннинг пул ювиш схемаси марказида бўлган. Россия банки 2014 йилда АҚШ ҳукумати томонидан санкцияга учраган ва уни «Россия Федерациясининг юқори мартабали амалдорлари учун шахсий банк» деб атаган эди.
Кейин Ролдугин «New York Times'га у бизнесмен эмаслигини ва «миллионлари йўқлигини» айтганди. Бироқ, қоғозда унинг офшордаги бойлиги камида 100 миллион доллардан ортиқ деб баҳоланган.
Владимир Миловнинг сўзларига кўра, Родулгин аниқ Путиннинг шахсий бойлиги учун ниқоб бўлиб хизмат қилади. У мусиқачи 100 фоиз қўғирчоқ экани, чунки бизнес, молия, халқаро муносабатлар ва бошқалар ҳақида ҳеч нарсани тушунмаслигини таъкидлайди.
Ролдугиннинг Швейцариядаги банк ҳисоблари ҳақидаги «Панама ҳужжатлари» ошкор этилиши йил бошида «Газпромбанк»нинг тўрт нафар ходими тергов қилиниб, судга тортилишига сабаб бўлди. Швейцария прокуратураси банкирларни Ролдугин номига очилган ҳисобларни нотўғри текширишда айблади.
Хабарларга кўра, улар Россия президенти дўстини аниқламаган, яъни унинг мавқеи ёки муносабатлари коррупция хавфи юқори бўлиши ва халқаро молиявий қоидаларга мувофиқ қўшимча текширувлар зарурлигини англатарди.
Айблов хулосасига кўра, «Газпромбанк»даги ҳисоблар бир вақтда «Med Media Network» ва «Namiral Trading Ltd» учун «бир хил мақсад» билан «Video International»дан «акцияларга эгалик қилиш ва дивидендлар олиш» учун очилган.
Прокурорлар таъкидлашича, келишув «Россия сиёсий идораси учун бошқариладиган активлар»нинг тўғридан-тўғри кенгайтирилишини англатади. Уларнинг таъкидлашича, Ролдугин ва Плехов ҳисобларнинг ҳақиқий фойда олувчиси эмас, балки «номинал эгалари»дир. Тўрт банкирнинг ҳаммаси судланган, бироқ апелляция шикояти берилгани айтилмоқда. Плехов, Ролдугин, Россия банки ва президент Путин маъмурияти «BBC»нинг бу борадаги сўровига жавоб бермаган.
«Махфий канал»
Кўплаб бадавлат россияликлар Европа Иттифоқига аъзо давлат Кипрдан ўзининг офшор инвестиция тармоғининг бир қисми сифатида фойдаланган. Ушбу иқтисодий алоқалар туфайли Россия «ҳар йили Кипр иқтисодиётига ўнлаб миллиард доллар олиб келади», дейди Халқаро суриштирувчи журналистлар консорциуми вакили Фергус Шил.
Шилнинг ишионтиришича, «Cyprus Confidential» суриштируви Европа институтлари ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар учун «жиддий муаммолар» келтиради. «Ушбу ҳужжатларда биз Европа Иттифоқи аъзоси бўлмиш давлат Кремль, Владимир Путин ва унинг яқинларининг яширин молиявий операциялари учун канал эканлигини кўряпмиз», дейди у.
Бироқ Кипр ўз айбини ювишни бошлаши мумкинлиги белгилари бор. 2022 йилда Украинага бостириб киргандан кейин президент Путиннинг молиявий активларига яқин ҳисобланган кўплаб россияликлар Европа Иттифоқи санкцияларига тушди. Бу Кипр инвестициялари эгалари учун бевосита оқибатларга олиб келди. «Санкциялар олигархлар энди Кипрдан Путиннинг ифлос буйруқларини бажариш учун фойдалана олмаслигини кўрсатди», деган мустақил Кипр депутати Александра Атталидес.
Айни пайтда, Абрамович вақтини Россиянинг Сочи курорти, Истанбул ва Тел-Авивда ўтказмоқда, дейилади хабарларда. Унинг Россия, Исроил ва Португалия паспортлари бор.
Олигарх Буюк Британия ва ЕИда санкциялар нишони бўлиб қолмоқда, аммо у ҳали ҳам муҳим активларга эгалик қиладиган АҚШнинг санкциясига тушгани йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter